Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница8/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   19

НОМЗОДЛИККА" НОМЗОД

 

1989 йилнинг феврал ойида, Тошкентда, Ўрдадаги Агропром биноси залида "номзодликка номзод сайлаш конференцияси бўлиб ўтди". Биз Собир Рахимов тумани миллий округидан тўрт ёки беш киши кўрсатилган эдик. Бу номзодларнинг биттаси, депутатликка ўтиши аввалдан белгилангани, бир қурилиш трестининг началниги эди, унинг исми эсимда йўқ. Навбатдаги номзод Москвада чиқадиган "Советская култура" газетасининг мухбири Вилор Ниёзметов, яна биттаси Тошкент Университетида ўқитувчилик қиладиган Марат Зоҳидов деган одам эди.



Бизни сайлайдиган 350 киши Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туманидан ҳукумат тарафидан танланган делегатлар эди. Улар "конференция" олдидан кимга овоз бериш кераклиги ҳақида инструктаж олгандилар.

Ҳар бир "номзодликка номзод"нинг иккита ишончли вакили бўларди. Менинг шундай вакилларим ТОШДУ математика факултети ўқитувчилари Шуҳрат Исматуллаев билан Абдуманноб Пўлатов эди.

Яна мажлисда номзодликка номзодни танитиш ва ташвиқ қилиш учун иккита одам гапириши мумкин эди. Мени ёқлаб Ёзувчилар Уюшмаси раиси Одил Ёқубов ва шоир Омон Матжон гапиришлари лозим эди. Иккалови ҳам эҳтиёткорликни удум қилишган мардумлар эди ва Солиҳ депутат сайланса, ватанга бундан қандай фойда бўлиши мумкинлигини исбот қилиша олмади. Улар, асосан, номзодликка номзод кўрсатиш ҳурриятини берган қайта қуришга ҳамд қилишди.

Жасорат ҳали ҳам русларда эди. Уларнинг лидерлари Владимир Анишчев Марказқўмда 2-котиб, Борис Сатин Тошкент шаҳар партия Қўмитасининг 1-котиби эдилар ва қўлларидаги қизил байроқ ҳамон ҳилпираб турарди. Улар каминанинг номзоди ўтмаслиги учун кенг жабҳада кураш бошлагандилар. Агросаноат залида тўпланган сайловчиларни ўшалар танлаб юборганди. Бу сайловчилардан биттаси туриб, "Биз биламиз, Муҳаммад Солиҳ "Бирлик"ни ташкил қилган одам, унинг идеологи, кўпмиллатли ўлкамизда у депутат бўлиши мумкинми?" деди. Мен: "Бирлик" раҳбари эмасман", дедим ва бу ҳаракатнинг русларга қарши эмаслигини тушунтирдим.

Гапларим самимий чиқмади. Шунга қарамай, залда ўтирган 350 тача кишидан 100 тага яқини менинг депутат бўлишимга рози бўлиб, қўл кўтаришди. Бу-ҳокимият тайёрлаган оломондан кутиш мумкин бўлган энг юксак рақам эди. Бу юзтача киши ўз бошлиқларининг адолатсиз буйруғига қарши чиққан қаҳрамонлар эди. 1989 йил январ ойида бизнинг жамиятимиз шу қадар олға кетганди.

Лекин барибир номенклатура енгди. Сайланишга номзод бўлиб ўша қурилиш трестининг бошлиғи сайланди. Унга қарши ҳукуматнинг бошқа бир номзоди - Марат Зоҳидов сайловда рақиб ролини ўйнайдиган бўлди. Сайлов жуда кўтаринки руҳда ўтди. Бизнинг тарафдорларимиз кўпчилик эди. Улар ўзлари кўрсатган номзодлар сайловга қўйилмагани учун дарғазаб эдилар. Номенклатура қўйган номзодларга қарши жон-жаҳди билан ташвиқот юритишди. Оқибатда, қурилиш қурилиш трести бошлиғи ҳам, унинг "рақиби" Марат ҳам керакли овоз ололмади. Иккалови ҳам иккинчи турга қолишди. Иккинчи турда, қанча овоз олса олсин, энг кўп овоз олган номзод "ютган" ҳисобланарди. Ва табиий-ки, қурилиш трести бошлиғи "ютиб чиқди".

1989 йил феврал ойида бўлиб ўтган бу сайлов Совет Иттифоқининг биринчи ва охирги демократик сайлови эди. Бу сайловни Ғарб давлатлари стандартлари билан, албатта, тенглаштириш мумкин эмасди. Аммо бу ярим юмалоқ сайловни Советлар учун бемалол "демократик" деса бўларди. Ва тасаввур қилинг, шу ярим демократик сайлов Совет империясини йўқ қилишга етди. Империянинг метиндан ишланган асосларига урилган ҳалокатли зарбалар ўша 89-да сайланган миллатвакиллари тарафидан келди.

 

 



 

СОВЕТ ПАРЛАМЕНТИ ВА САХАРОВ

 

"Парламент" сўзи биз совет кишилари учун янги сўз эди. Бу калимани сиёсий адабиётда кўп учратгандик, аммо ўзимизнинг кундалик ҳаётимизга ҳеч тадбиқ қилиб кўрмагандик. Чунки, у бизнинг ҳаётимизда йўқ эди. Бизнинг ҳаётимизда Совет Иттифоқининг Олий Совети бор эди. Бу Советга ҳар беш йилда сайланадиган қовоғи солиқ, қориндор бир неча минг раҳбар ва раҳбарчалар бор эди. Ва ҳар беш йилда бир марта сайлов участкаларига бориб, ўша ўзимиз танимаган, умримизда бирор марта кўрмаган одамларга овоз берадиган биз, ҳокисор совет инсонлари бор эдик.



"Парламент" сўзини 89-йил сайловларидан кейин қўллана бошладик. Оғзимизни тўлдириб, кўксимизни кериб, илҳом билан "парламентнинг янаги сессияси қачон?", "парламентда бу масала қўйилдими?", "парламентга мактуб ёзайлик", дея энди гапиришга ўрганган гўдак каби сайрай бошлагандик".

Совет Парламентини шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин эди. Биринчи гуруҳ Компартиянинг марказий ва маҳаллий раҳбарларидан, иккинчи гуруҳ профсоюз ёки бошқа жамоат ташкилотларининг бошлиқларидан, учинчи гуруҳ либерал қарашдаги зиёлилардан таркиб топганди. Зиёлилар биринчи сессиядаёқ - кичик гуруҳ бўлишига қарамасдан - Парламентнинг моторига айланишди. Улар ўзларини дарров "демократ" деб атай бошладилар. Бу атама ҳам худди "парламент" каби қулоққа ёқимли эшитилар, хазинадан янги чиққан банкнот каби хушўй ҳид таратарди.

Аслида, бу "демократлар"ни ҳам учта гуруҳга бўлиш мумкин эди. Биринчи гуруҳ - совет номенклатураси неъматларидан доим баҳраманд бўлиб келган, сиёсий конюктурани ҳис қилиш истеъдоди туфайли "мустақил фикрловчи киши", деб ном олган зийрак кишилар гуруҳи (Собчак). Иккинчи гуруҳ - рус миллиятчилари, улар Горбачев даврида совет раҳбарларини ишёқмасликда, рус халқига қайишмасликда айблаб, ўзига хос мухолифат ролини ўйнагандилар (Распутин, Белов). Учинчи гуруҳ - Совет тузуми яратган буқаламунлар, ўз манфаати йўлида онасини ҳам сотишга тайёр валъадизинолар гуруҳи (Гдлян-Иванов).

Парламентда яна ҳеч бир гуруҳга кирмаган Андрей Сахаров бор эди. Бу одам Парламентдаги ягона идеалист эди. Уни бир муддат турли гуруҳлар ўз манфаатлари йўлида ўз манфаатлари йўлида қўлланишди, аммо у аксарий чиқишларида истиқомат(ориентир)дан адашмади. Агар бугун Россияда демократия бир оз ривожланган бўлса, собиқ совет жумҳуриятларида эрк тушунчаси озгина илдиз отган бўлса, бунда қайта қуриш рухсати билан бир сонияда демократ бўлиб қолган миллионлар эмас, қайта қуришдан анча олдин ҳур фикри учун сургунларни яшаган ўша кекса одам, Андрей Дмитриевич Сахаровнинг хизмати бор.

Бу худди муҳоробадаги нисбатга ўхшайди. Минг киши душманга қарши ҳужумга ўтар экан, улардан ўнтасигина чиндан ҳам ҳужумга ўтаётган, қолган 990 таси эса, уларга эргашаётган бўлади. Бу ўнтанинг бошида ҳам биттаси бор-ку, агар у бўлмаса, бу ўнта аскар ҳам ҳужумга қалқмас, балки, ўша 990 тага қўшилиб, мудофаа хандақларида бир оз мизғиб, бир оз узоқдаги вафоли ёрни хаёл қилишни афзал кўрган бўларди.

Сахаров ўша ноёб "битта"лардан эди. Уни ҳужумга илҳомлантирган орқасида турган минг аскар эмасди, истиқболда кўраётган идеали эди. Агар бу минг киши ҳужумга қалқмаса, у битта ўзи қалққан бўларди. 70-йилларда "битта ўзи қалққани" учун уни телбага чиқаришганди, нонкўр, ватан хоини деб эълон қилгандилар. Горбачев уни Горкий шаҳридан сургундан чақириб олиб, Қайта Қуришнинг сўнгги фазасини бошлатганини билмаган эди. Аслида, Сахаровнинг қайтиши Горбачевнинг яхши ниятидан кўра, кўпроқ СССРнинг Ғарб билан яқинлашиш стратегиясининг бир қисми эди. Сахаров буни билар ва Олий Совет минбаридан нутқ сўйлаётиб, ўзини бировдан қарздор ҳис қилмасди, ўз фикрларини ғоят эркин айтарди. Аммо Олий Совет депутатлари бундай эркинликка ҳанузгача кўникмаган эдилар. Сахаров нутқ қилар экан, Африка чангалзорларидаги қабилалар филни чоҳга тушириш учун "ғулу-ғулу" дея бақиришгани каби бақираётганлар эркинликдан нафратланган кимсалар эди.

Ҳалигача ёдимдан кетмайди, бмр ўзбек аёли чиққанди минбарга. Фамилияси Казакова эди. Сахаровни айблар экан, йиғлаб юборганди. Сахаровга ачинганидан эмас, ўзининг ҳақлигидан, ҳақлик туйғусидан жазавага тушиб, йиғлаб юборганди шўрлик аёл.

Парламентнинг юзда тўқсони ўша "ҳақлик туйғуси" билан лиммо - лим тўлган одамлардан таркиб топганди. Улар жондан азиз коммунизмларига раҳна солган ким бўлса бўлсин, парчалаб ташлашга ҳозир эдилар ва мардумни бу "линч"дан Давлат бошида турган "СиАйЭй агенти Горбачев" салобати асраб турарди ҳозирча. 89-йил бошида Горбачев ҳали ҳам салобатини йўқотмаганди. Хотини Раиса ҳақида ҳар хил ғийбат, фисқу-фасод бошланган бўлса-да, ўзини очиқ танқид қилишдан чекиниб туришарди. Идеалогия котиби Егор Лигачев бошчилигида бир мухолифат сулдори (силуэти) кўрина бошлаганди, аммо бу мухолифат тўғридан-тўғри Горбачевга эмас, унинг атрофидаги "тиргак"ларига, ғоявий йўлдошларига йўналтирилганди. Лигачев ғоявий котиб бўлса ҳам, Горбачевнинг йўлдоши эмасди. Эски коммунист лидерларнинг типик нусхаси эди: шовинист, атеист, диктатор.

Совет парламенти 70 йил давомида диққинафас муҳитда яшаган халқ учун бир томоша, бир байрам бўлди. Одамлар сессия бошланадиган кун, ўтмишда футбол матчига чопгани каби, телевизорга қараб чопишарди. Машинада, поездда кетаётганлар транзиторларини бураб, Москва тўлқинларини излай бошлашар эди. Рус газеталари 89-йилга келиб мисли кўрилмаган оммавийликка эришди. Тиражи 1 миллиондан ошмаган газета "катта газета" ҳисобланмайдиган бўлди. Матбуот ходимлари, репортёрлар, ҳатто операторлар шахс даражасига юксалдилар, энди уларнинг ўзидан интервю олишадиган бўлишди. Чунки, оммавий ахборот воситалари буюк қувватга, халқ фикрини шакллантириш қуролига айланганди. Халқ фикри эса, "шаклланишга" жуда мойил эди, шаклланишни узоқ йиллардан бери орзу қилиб турганди. Халқнинг бу чанқоқлиги ва кўз тиндирувчи эҳтиросидан фойдаланган жуда кўп коммунистлар бир думалаб демократ бўлиб олишди. Минбарга ёпишиб, кеча айтган нутқига тамоман қарама-қарши нуқтаи-назарни илҳом билан ҳайқира бошладилар. Бу манзарани кузатган бетараф одамларга Егор Лигачев каби ўз ғоясига содиқ коммунистлар, бу буқаламунлардан афзалроқ кўринарди. Чунки буқаламунлар эртага вазият ўзгарса, бир думалаб яна коммунист ёки фашист бўлиб қолиши муқаррар эди. Коммунист бўлганда ҳам Лигачевдан ашаддийроқ коммунист, фашист бўлганда Жириновскийдан таҳликалироқ фашист бўлган бўлишарди. Фақат 89-йилнинг баҳорида булар Сахаровдан демократроқ бир вазиятда эдилар.

Бу барча инқилобларга хос хусусият эди. Қайта қуриш бир инқилоб эди, унинг лойқа сувида турли даррандалар пайдо бўлиши, эволюцияга учраши, ассимиляция бўлиши ёки тамоман йўқ бўлиб кетиши табиий жараён эди.

Буқаламунлардан нафратланиш мумкин эди, аммо уларни жараёндан юлиб олиб, четга итқитишнинг иложи йўқ эди. Биз бу ҳақиқатни у пайтлар англамасдик. Биз халққа қаттиқ ишондик. Унинг ақлу-фаросатига, оқу-қорани таниш истеъдодига ҳеч шубҳамиз йўқди. Минбардан гапирилаётган гап ёлғонми, ҳақиқатми, ўзи ажрим қилиб олади, деб ўйлардик. Лекин ундай эмас экан. Халқ шундай бир ҳилқат экан-ки, ким унинг ҳузурига келиб, уни бир оз мақтаса, унга эргашадиган, ҳеч қурса 10-15 киши муқаррар равишда топилаверар экан. 10-15 та ўша нутқ отаётган одам савиясига мос келадиган киши. Бу одамлар ўша сафсатабоздан бошқа бир нотиқ чиқиб, дунёнинг энг ақлли нутқини қилса ҳам, унга эргашмасдилар. Чунки, бу нутқни идрок қилолмасдилар. Уларга уларнинг савиясидаги, уларга қон-қондош бўлган бир нотиқ лозим эди, бу ҳам ўша бизнинг нафратимизни қўзғайдиган сафсатабоз, буқаламун бўларди.

Балки, демократия дегани шудир?

Россиядаги собиқ КГБ агентлари шу демократик йўл билан партия қуриб, унга раҳбар сайландилар. Ўзбекистонда қизил коммунистлар шундай демократик сафсата билан "Бирлик" ҳаракатини эгаллашди. Ҳақиқий ғоя соҳиби бўлган шахслар эса, бу санксияли жасорат қаршисида уятдан букчайиб қоладилар. Андрей Дмитриевич Сахаровнинг Парламент минбарига қараб юраётганини совет ТВлари олиб боқсангиз, у ерда сиз бир қаҳрамонни эмас, демократик жазавага тушган оломон аро букчайиб кетаётган ёп-ёлғиз одамни кўрасиз.

Сахаров 70-йилларда тоталитар режимига қарши чиқар экан, қанчалик ёлғиз бўлса, 89-йилда янги дўраган демократлар орасида ҳам шунчалик ёлғиз эди.

 

 

 



МАРКАЗҚЎМНИНГ ИЛТИФОТИ

 

1989-йил февралда Ўзбекистон Олий Советининг анчагина депутати Совет Иттифоқи Олий Советига сайланди ва ўзбек ҳукумати бўшаган ўринларга сайлов эълон қилди. Одатдагидай, бўлажак сайлов тўла маҳаллий ҳокимият назорати остида ўтиши аниқ эди. Москва бу сайловларнинг қайта қуриш руҳида, демократик руҳда ўтишига таъсир қила олмас, у ўзининг ички муаммоларига ғарқ бўлган эди.



Ўзбекистон ҳукумати одатдагидек, сайланиши лозим бўлган депутатларнинг рўйхатини тузди. Бу рўйхатга каминанинг ҳам номини киритишган эди. Менинг ҳали бу "сюрприз"дан хабарим йўқ эди.

Бир куни эрталаб Ёзувчилар уюшмасининг Компартия котиби Иброҳим Раҳим мени юзида сирли бир табассум билан қаршилади.

- Ҳозир Одил Ёқубов келади, бирга Марказқўмга чиқамиз, - деди жилмайиб.

- Тинчлик эканми ўзи? - дедим мен.

Яхши хабар, яхши хабар, - деди янада сирлироқ қилиб Иброҳим Раҳим.

Бир оз сўнгра Одил Ёқубов келди ва унинг машинасида учовлон Марказқўмга жўнадик. Йўлда Одил Ёқубов ҳам сирли жилмайиб борди.

Марказқўмга кириб, 6-қаватга кўтарилдик. Ўзбекистон Компартияси Биринчи Секретари Рафиқ Нишоновнинг рус ёрдамчиси қаршилади ва ҳеч куттирмай, кабинетга бошлади.

Кабинетда - тўрда Рафиқ Нишонов, унинг столига перпендикуляр қўйилган столнинг сўл тарафида Марказқўмнинг 2 - котиби Владимир Анишчев, 3 - котиби Мутал Холмухаммедов ўтиришарди. Бизни қаршиларкан, учаласи ҳам ўрнидан туриб саломлашдилар.

Биз, учта ёзувчи "перпендикуляр" столнинг ўнг тарафига ўтирдик. Нишонов ҳам сирли жилмаярди. Унга тақлид қилиб, Анишчев ҳам кулимсирагандек бўлар, аммо бу ҳаракати зўраки чиққанидан асабийлашгани сезилиб турарди. Лекин Холмухаммедов учинчи котиб сифатида жилмайиш санъатини яхши эгаллаганди.

- Яхшимисизлар? - деди Нишонов креслосига ясланаркан ва жавоб кутмай, русчага ўтди, - Муҳаммад Солиҳ, қалай, сайловлар билан чарчамадингизми?

Нишонов бизнинг СССР Олий Советига сайлов можаромизни яқиндан кузатиб борганди. Иккинчи котиб Анишчев ва Тошкент шаҳар котиби Сатинларнинг сайловда менга тўсиқ бўлиш учун кўп ғайрат сарфлаганларини ҳам биларди.

- Раҳмат, - дедим мен, - мен чарчайдиган бирон иш бўлгани йўқ...

- Ҳа, биламан, сиз эмас, сизнинг одамларингиз чарчашди, - деди Нишонов, - биз тарафдорларингиз кўплигидан хурсандмиз, сиз Иттифоқ Олий Советига сайланишингиз мумкин эди, аммо сизнинг тарғиботчиларингиз... Нишонов мен учун ташвиқот қилган дўстларнинг фаолиятини танқид қилди. Уларнинг сайлов тактикаси хато бўлганлигини айтди. Мен кулиб қўяқолдим.

- Аммо биз сизни республика Олий Кенгаши депутати сифатида кўришни истар эдик, - деди Нишонов ва Одил Ёқубовга юзланди, - А, Одил Ёқубович, мана, Киров округида бир бўш жой бор, марҳамат, Муҳаммад Солиҳ учун барча зарур ҳужжатларни ҳозирлаб, кампанияни бошланг, вақт оз қолди...

Одил Ёқубов ёзувчилар номидан "Марказқўмга ва шахсан Рафиқ Нишоновичга" раҳмат айтди. Ёзувчилар Уюшмасига кўрсатилаётган "оталарча ғамхўрлик" учун миннатдор эканликларини изҳор этди. Уюшма котибига Республика депутати бўлиш фахр эканини ва шунга ўхшаган алланималар деди. Кейин менга қаради.

Мен ҳам Одил Ёқубовга тақлид қилиб, бир неча ташаккур сўзи айтдим. Рисоладагидек чиқмади. Буни ҳамма сезди. Ичимдаги гапни айтолмагандим. Лекин бир неча сония сўнгра у гап чиқди:

- Менинг депутат бўлиш ниятим йўқ, - дедим мен, - мабодо бўлганида ҳам, мен депутатликка Компартия Марказқўми тарафидан эмас, халқ тарафидан кўрсатилишимни афзал кўрган бўлардим. Ўртага жимлик чўкди. Уни Одил Ёқубов бузмоқчи эди, фақат Рафиқ Нишонов ундан олдинроқ:

- Азизим, депутатлик йўлда ётмайди, - деди.

- Мен ҳам йўлда ётганим йўқ, - дедим мен.

Жавоб автоматик равишда, ҳеч ўйланмасдан берилган жавоб эди. Бу билан Рафиқ Нишоновни ҳафа қилмоқчи эмас эдим. Бу инжиқлик ёки олифталик ҳам эмасди. Совет Иттифоқи Олий Советига сайлов пайтидаги ҳукуматнинг қилган адолатсизликларига қарши кўрсатилган бир реаксия эди. Ўзимни ҳақиқатдан ҳам "йўлда ётмаганлар"дан ҳисоблар ва бундай номенклатура ўйинларини ўзимга ҳақорат деб билардим.

Менинг жавобимдан сўнгра Рафиқ Нишонов қип-қизил бўлди. Одил Ёқубов ҳам озгина ҳижолат чекди. Холмухаммедов ҳам. Анишчев, фақат унинг юз ифодаси ўзгармаганди.

- Рафиқ Нишонович, - деди Одил Ёқубов, - биз бу масалани муҳокама қиламиз, ўйлайман-ки, ҳаммаси жойида бўлади...

- Ҳа, Одил Яқубович, - деди Нишонов ва ўрнидан турди.

Ҳамма ўрнидан турди.

Нишонов столни айланиб ўтиб, ёнимизга келди. Юзига дипломат табассуми ёйилганди. Менинг тирсагимдан тутиб, Одил Ёқубовга юзланди:

- Одил ака, илтимос, уни тинчлантиринг ("угомоните"), ва тезда ҳужжатларни тайёрланг, - деди дўстона оҳангда Нишонов.

- Албатта, албатта, - деди Одил Ёқубов.

Рафиқ Нишонов кабинетидан ҳаммамиз табассум билан чиқдик.

Йўлда Одил ака менинг хато қилганимни айтди. Депутатликни қабул қилишим керак, акс ҳолда, Уюшмага тазйиқ бошланиши мумкин, деди. Иброҳим Раҳим ҳам кўп йиллик коммунист сифатида фойдали маслаҳатлар сўйлади. Аммо мен депутатликни қабул қилолмаслигимни айтиб, узр сўрадим.

 

 



 

ИЛК ҒАРБЛИК СИЁСИЙ АРБОБ

 

Илгарилари Совет Иттифоқига келган ғарблик сиёсатчилар Москвада қабул қилиниб, Москвадан орқасига қайтариб юборилаверарди. Ўрта Осиё ва Кавказ ўлкаларига келса ҳам, турист сифатидагина келар ва ёнларида доим москвалик рафоқатчилар (кузатувчилар) бўларди. Ғарбликлар провинсиал ўлка раҳбарлари билан ҳеч қандай сиёсий мулоқатда бўлишмасди. Провинсиал раҳбарлар худди отел мудирлари каби меҳмонни кутиб олиш, унга зиёфат бериш ва яхшилаб кузатиб қўйиш вазифасини бажарардилар, холос.



Горбачевнинг совет "жумҳуриятлари"ни дунёга суверен давлат қилиб кўрсатиш тактикаси шарофати билан чет эллик сиёсатчилар тўғридан-тўғри бу жумҳуриятларга кела бошлади, у ерларда нафақат ҳукумат, балки, жамоат ташкилотлари билан ҳам учраша бошладилар. Шундай меҳмонларнинг Ўзбекистонга келганларидан биттаси Америкалик сенатор Билл Брэдли эди.

Саксон тўққизнинг баҳори эди. Сенатор Ўзбекистон Марказқўмида қабул қилингандан сўнг зиёлилар билан ҳам учрашиб, суҳбатлашишни истади. Унга ҳукумат тарафидан "учрашувга номзодлар" рўйхати тузилган экан, уни қабул қилмай, ўзининг ҳукумат тарафдорлари ва ўзга фикрли шахслар "миқдори" мувозанатланган рўйхатини берибди. Бу рўйхатга Ўзбекистон Фанлар Академияси Президенти Салоҳиддинов, вице-президенти Эркин Юсупов, СССР депутати Раъно Убайдуллаева ва ёзувчилар Уюшмасидан камина ёзилган экан.

Гўё Академия Президенти Салоҳиддинов ва депутат Раъно Убайдуллаева ҳукумат тарафидан бўлса, биз Эркин Юсупов билан ўзга фикрлиларни тамсил қилаётгандик. Аввал эслатилганидек, Эркин Юсупов 1986 йилларда бир "қора рўйхат"га тушиб олган ва яна оқланганди. Фақат унинг "Советская кулътура" газетасида босилган танқид суви юритилган мақоласи жамоатчиликнинг эсида қолган ва Юсупов ўшандан бери "диссидент" хирқасини эгнидан ечмаганди.

Академия Президенти тоза қонли коммунист олим эди. Унинг маслакдоши - Раъно Убайдуллаева, янглишмасам, кимёгар - каминанинг демография ҳақида ёзган мақолаларига "илмий асосда зарба бериб", ҳукуматнинг назарига тушган ва СССР депутати бўлганди. Сенатор билан учрашувда у билан ёнма-ён ўтиришга тўғри келди ва мен бу хушбичим аёлда ҳеч рақиб кўрмадим. Унинг менга қарши ёзганларидан жаҳлим чиққанини эслаб, хижолатлик туйдим.

Сенатор Билл Брэдли узун бўйли йигит эди. Ўтмишда баскетбол ўйнаган экан. Америка шунақа ҳуррият дунёси, аниқроғи, ҳурлар дунёси. Баскетболчиликдан чарчасанг, сенаторлик қилишинг мумкин. Актёрликдан зерикиб, Президентлик қил. Ҳеч ким "баскетболингни ўйна, сиёсатга аралашиб нима қиласан", демайди. Ёки "манавини қара, кечагина иккинчи сорт бир кинода ўйнаб юрарди, энди арбоб бўлиб қолибди", деб пичинг қилмайди. Чунки, одамларда паст комплекс (ёки пасткашлик комплекси) йўқ, бўлса ҳам бизнинг сотсиалистик қитъаларда каби, нормадан ошиқ эмас. Бизнинг қитъада ҳамма бир-бирига ҳасад қилади, ҳамма бир-бирининг бир-биридан баттар бўлишини орзу қилади. Ваҳший атеизм, инсонлар маймундан тарқаган, улардан фақат пасткашлик кутиш мумкин, деган ақидани мияларга сингдириб юборганди. Бу назариянинг ҳаётийлиги психоанализ шайдолари ва фрейдизм ташвиқотчилари тарафидан бот-бот "исботланиб" турди. 80-йилларга келиб, Совет Иттифоқи Роналд Рейган айтганидек, бир "ёмонлик салтанати"га айланганди. Эҳтимол, Рейган бу иборасига сиёсий маъно юклаган бўлиши мумкин, аммо биз уни кўпроқ ижтимоий-психологик метафора ўлароқ қабул қилгандик. Балки, сенатор ўз Президентининг ўша метафораси таъсирида бизни саросимага солган бир савол берди.

- Сизлар худога ишонасизларми?, - деди у бирдан.

Савол суҳбатнинг табиий оқимини тўхтатиб қўйди. Таржимон саволни ҳеч нарсага ўрамай, яланғоч таржима қилди. Юзимиздаги тараддуд ифодасини кўриб, таржимасини гўё дипломатикроқ қилиб, яна такрорлади:

- Агар айбга буюрмасангизлар, сенатор бу саволга алоҳида-алоҳида жавоб беришингизни илтимос қиляпти... Аммо биз "айбга буюриб" бўлгандик. Ҳар ҳолда, мен америкаликнинг бу америкачасига саволга тутишидан дарров энсам қотди. Худди мактаб ўқувчилари каби "алоҳида-алоҳида" жавоб берар эмишмиз. Америкалик бўлсанг, ўзингга, ҳур бўлсанг, ўзингга, деган фикр кечди миямдан. Бу фикр бошқалардан ҳам кечган бўлиши керак. Чунки, биз ҳаммамиз совет одамлари эдик. Нафсониятимиз ҳам бир-бирига ўхшаш, совет кишисининг нафсонияти эди. Лекин биз ўзбек ҳам эдик, ўзбекда "меҳмон отангдан улуғ", деган бир "реаксион" мақол бор, унга амал қилиб, меҳмоннинг саволларига бир-бир жавоб бера бошлагандик.

- Мен математикман, - деди Академия Президенти салобат билан, - худога ишониш илмга тўғри келмайди. Раъно Убайдуллаева ҳам илм одами бўлгани учун Академия Президентидан фарқли жавоб бермади. Эркин Юсупов "фарқли жавоб" беришга уринди, аммо жавоб бир оз кулгули чиқди.

- Менинг бувим намоз ўқиган, - деди Академиянинг вице-президенти. Ва шунга ўхшаган бир неча жумла айтди.

Менинг жавобим ҳам тайёр эди. Шу бизни сўроққа тутаётган бетакаллуф меҳмонга "худога ишониш шахсий иш, бу хусусда баёнот бериш ярамайди", демоқчи эдим. Аммо Оллоҳга эътиқоди йўқлигини айтаркан, Академия Президенти юзидаги виқор, Убайдуллаевадаги маъсумлик ва Эркин Юсуповнинг қизариб-бўзариши мени чилладан чиқарганди. Ўз қабиладошларимга нафрат юксала бошлаганди бўғзимда. Ва тайёрлаган жавобимни ўзгартириб:

- Ишониш мумкин бўлган фақат худо бор, - дедим. Сенатор ўзи эшитишни истаган жавобни олганди. Аммо бу менинг ёнимда ўтирган қабиладошларимга берилган жавоб эканини соддадил сенатор билмасди.

Учрашув тугагандан сўнг Эркин Юсупов мени ўз машинасига таклиф қилди. "Йўлимиз бир, сизни Уюшмага ташлаб кетаман", деди. Миндим.

- Аслида, сиз тўғри гапирдингиз, - деди йўлда Эркин Юсупов, - мен ҳам худога ишонаман, демоқчийдим, орқамизда қаторлашиб ўтирган тўртта КГБчидан ҳайиқдим...

Юсупов содда одам эди, ўз заифлигини тан олаётганди. Унга чуқур қурмат туйдим. Кейин у:

- Сизлар шоирсиз, ҳар нарсани айтаверишингиз мумкин, - деб қўшиб қўйди.

Бу - авом орасида "шоирлар дарвиш, оғзига келганини айтаверади", деган калтабин тушунчага асосланган баҳо эди. Шундай олим кишининг авомларча фалсафасидан маъюс тортдим.

 

 



 

ҚУРУЛТОЙ

Май ойининг охирида "Бирлик" ҳаракатининг биринчи қурултойини ўтказадиган бўлдик. Унинг низоми ва дастури лойиҳаларини тасдиқлаш, раҳбарлик тизимларини сайлаш қурултой кун тартибига қўйилганди. Анчагина нуфузли олим мутахассисларни янги қурилаётган ташкилотга жалб этгандик. Ниятимиз кучли интеллектуал ядрога эга бўлган, кенг платформали, турли ижтимоий гуруҳларни бирлаштирган бир халқ ҳаракати тузиш эди. Шундай ташкилот тузиш учун вақт ҳам, имконият ҳам, одам ҳам бор эди.

Қурултойни Ёзувчилар Уюшмаси залида ўтказадиган бўлдик. Марказқўмнинг биринчи котиби Рафиқ Нишонов қурултойга қаршилик қилмади. Албатта, Нишонов қайта қуриш тарафдори эмасди, аммо унинг душмани ҳам эмасди. Замон унга боқмаса, у замонга боқадиган дипломат киши эди. Замон "перестройка" замони бўлиб, "Бирлик" каби ташкилотлар ҳар республикада битта-яримта пайдо бўла бошлаган эди.

Рафиқ Нишонов биз кўрган раҳбарлар ичида энг либерали эди. Буни 86-89 йилларда билмагандик. Бу йилларда уни аёвсиз танқид қилардик. Ҳатто уни баъзи дўстлариммиз бир гуржи филмида Берияни жонлантирган Варлам исмли бир садистга ўхшатгандилар. Бу, албатта, ҳақсизлик эди. Биз, қайта қуриш шаробидан сархуш шоввозлар ҳақиқий садистни ҳали кўрмаган эдик. Ҳали мустақил Ўзбекистонга бир неча йил бор эди.

Ҳозирча кўчада бақириб-чақириб юргандик. Бақириб-чақиришга изн берилганди, бақириб-чақираётгандик. Тилимизни давлат тили қиламиз, дея шиорлар кўтаришга рухсат беришганди, бу шиорларни кўтараётгандик. "Бирлик" қурултойини ўтказиш учун қаршилик қилишмаганди, уни ўтказаётгандик. Биз мухолифат эдик. Қайта қуриш манглайини силаган, сургун қилинмаган, ертўлага ташланмаган, исканжага солинмаган, ўлим қоплари кийдирилмаган, баданида сигарет ўчирилмаган ва бедарак йўқолмаган, сип-силлиқ маданий бир мухолифат. Қаҳрамон бўлиш осон эди. Ва биз ёппасига қаҳрамон эдик.

29 майда ўтган Қурултой шундай кўтаринки руҳда ўтди. Ҳаракатга раҳбарлик қилишни таклиф этишди, рад қилдим. Уюшмадаги вазифам жорий босқич учун ҳаракатдаги мақомдан муҳим эди. Ҳаракатдаги мақом Уюшманинг маневр майдонини торайтириб қўяр ва давлат идораларига босим ўтказиш қобилиятини заифлаштирган бўларди.

Мен раҳбарликка яна Абдураҳим Пўлатовни тавсия қилдим, номзоди қаршиликсиз қабул қилинди. Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши аъзолари ва ҳакозолар тасдиқланди. Қурултой байрам кайфиятида якунланди.

 

 


1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница