Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница7/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   19

1989 йил

 

 



 

АКАДЕМИККА МАКТУБ

 

Саксон тўққизинчи йил январ ойининг еттисида "Совет Ўзбекистони", "Правда Востока" ва "Ташкентская правда" газеталарида менинг Кружиилин-Хисомовларга жавоб мақолам босилиб чиқди. Бунинг босилиши менинг ғалабамдан кўра, кўпроқ талаба ёшларнинг ғалабаси эди. Бу ҳодиса уларнинг "Бирлик" халқ ҳаракати атрофида жипслашувини, уларнинг тарғибот ишларида эркинроқ ҳаракат қилишини таъминлади.



Менинг шахсим учун эса, бу воқеа бир муҳим босқичнинг тугалланиши эди. 1985 йил январ ойида "Совет Ўзбекистони" газетасида эълон қилинган "Ғоявийлик бош мезон" мақоласидан кейин ўтган тўрт йил ичида мамлакатда шундай ўзгаришлар юз берди-ки, ўша коммунистларнинг Бош газетаси энди мен каби коммунист бўлмаган ва ўзининг миллий қарашдаги фикрларини ҳеч қачон эплаб яшираолмаган биттасининг мақоласини босишга мажбур бўлаётганди.

Қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати саксон тўққизнинг бошида шундай бир нуқтага келди-ки, ортиқ уни орқага қайтариш ёхуд тўхтатиш у ёқда турсин, унинг тобора авж олаётган тезлигини сусайтириш ҳам мумкин эмас эди. Баъзи мутафаккирлар агар 1989да бир иҳтилол (давлат тўнтариши) юз берса эди, Совет Империясини қутқариб қолиш мумкин эди, дейишади. Аммо улар, бу иҳтилолнинг ўша саксон тўққизда нега бўлмаганини ўйлашмайди. Бу иҳтилол бўла олмаган эди, шу боис империяни қутқариш ҳам имконсиз эди.

Иҳтилол саксон тўққизда тез юриб кетаётган аравани бирдан тўхтатганда юз берадиган қазо (авария) каби хавфли эди, шунинг учун у араванинг тезлиги сусайиб, одамлар қайта қуришдан ҳам совий бошлаган бир пайтда, яъни 1991 йилнинг августида юз берди. Бу иҳтилолнинг мувафақиятсизлиги - бошқа бир мавзу.

Саксон тўққизга келиб, Ғарб давлатлари ва дунё жамоатчилиги ҳам Совет Иттифоқида, ҳақиқатан жиддий ўзгаришлар юз бераётгани ва бу жараённинг янада жиддийлашуви мумкинлигига инона бошладилар. Бу давргача дунё Совет Иттифоқидаги воқеаларни бир нави скептицизм пардаси аро кузатарди, чунки, Хрушчев замонидаги бир "юмшаш"дан кейин қайтадан жонланган неосталинизм СССРда осонликча (тинч йўл билан) бирор ижобий ўзгаришнинг юз беришига шубҳа уйғотганди.

1989 йилда СССР ва Ғарб орасидаги алоқалар анча самимийлашди. Тоталитар давлат ўз қиёфасини ўзгартириш учун ўз фуқароларининг чет эл саёҳатларини анча енгиллаштирди, чет эл сайёҳлари ҳам илгаригидан осонроқ келиб-кета бошладилар.

Ёзувчилар Уюшмаси расмий тан олинмаган "Бирлик" ҳаракатини бир машру ташкилот савиясида тутиш учун тиргак эди. Менинг айри кабинетим ва секретарим бор эди, "Бирлик" ҳаракати билан танишишга келган ерли ва ажнабий ким бўлса, ҳаммаси шу кабинетга бир учраб кетарди. Бу бир қараганда жўн кўринса ҳам, расмий мақомларга ҳурмат туйғуси билан ошланган одамлар учун психологик нуқта-назардан жуда муҳим нарса эди. Биз чет эл мухбирларига кўчада эмас, ўз идорамизда интервъю берардик, улар ҳаракат ва унинг фаолияти ҳақида зарур билгиларни тўғридан-тўғри марказ фаолларидан оларди.

Январ ойида жуда кўп чет эллик газетачи ва тадқиқотчилар билан кўришдим. Уларнинг аксарияти рус матбуотида ёритилган материалларга таяниб, Ўзбекистон ҳақида хулоса чиқарган кишилар эди. Кўпчилигини коррупция ва порахўрлик қизиқтирарди, бизнинг гапира бошлаганимиз миллий масалаларни англамасди ёки англамаган бўлиб кўринишни истардилар. Чунки, улар ҳам қанчалик мустақил фикрловчи шахслар бўлмасин, ўз давлатлари идеологиясини у ёки бу қадар ташимоқда эдилар. Улар бизнинг (ҳозирча!) мустақиллик ҳақида сал секинроқ орзу қилишимиз тарафдори эдилар, улар қарши лагер одамлари ўлароқ, эндигина улар истаган йўлга юра бошлаган бу баҳайбат машинанинг бирдан орқага қайтиб кетишидан жуда-жуда қўрқардилар. Бундан биз ҳам қўрқардик, аммо бу яхши кийинган, ғам-ташвишсиз (бизга шундай кўринишарди) ёқимтой ғарбликлардан фарқимиз шу эди-ки, биз оҳиста орзу қилолмасдик, биз бугун сўзлаш учун берилган имконни зудлик билан қўлланишга мажбур эдик. Ҳатто, "чиқарган варақаларни сақлаб қўйинглар, қайта қуриш тугаб, зулм қайтадан бошланганда, бу варақаларни кўзга суриб ўқиб юрамиз ҳали", дердик. Яъни, "қайта қуриш" "вақтинчалик кампания" деган ботиний фикр некбинлар некбини бўлган бизни ҳам доим таъқиб қиларди. Шу боис, "ётиб қолгунча отиб қол", тактикаси билан иш тутиб, истисносиз бутун жабҳаларда - иқтисоддан тортиб маорифгача, пахта монокултурасидан тортиб медицинагача, - муаммоли масалаларни ўртага қўяр, уларни ечолмаслигимизни билсак ҳам, лоақал бу ҳақда жамоат фикрини уйғотишга шошар эдик.

Давлат тили масаласи саксон тўққизинчи йил бошларининг долзарб масалаларидан бири эди. Ўша йил январ ойида ёзилган бир мактуб, мана:

 

Академик Эркин Юсуповга

Қадрли Эркин ака, авваллари Сиз ҳақда не гап бўлса, бари яхшилик рамзи сифатида айтиларди. Афсуски, бугунги миш-мишлар, хусусан, "Совет Ўзбекистони"даги "иккитиллилик" масаласига оид мақолангиз ва телевидениедаги сўнгги чиқишингиз атрофидаги гаплар Сизнинг ҳам, ўзбек зиёлиларининг ҳам обрўсига яхши бўлмаяпти.

Сиз тил бўйича комиссия раисидирсиз. Эҳтимол, бу комиссия хулосаси жумҳурият фикри бўлиб қарор шаклига кирар. Масъулият катта. Тилимиз давлат тили бўлиши шарт. Бу "бир ҳовуч зиёлилар" истаги эмас, балки, бутун халқнинг орзу-армони. Буни ўзингиз яхши биласиз. Бас, шундай экан, биз халқ тарафига турмасак, ким туради?

Сиздан илтимос ва илтижомиз шу-ки, тилимиз билан дилимизни бир қилайлик. Бугун биз тарихий воқеа бўсағасида турган бўлишимиз мумкин. Мансаб, обрў, раҳбарлик ўтиб кетади. Аммо халқимиз, тилимиз, ватанимиз қолади. Бизни фарзандларимиз қарғаб юрмасин.

Бугунги ҳисобга кўра, Ўзбекистонда 72 фойиз ўзбеклар, 13 фойиз рус тилида гапирувчилар, 4 фойиз тожиклар (қолганлари туркий халқ вакиллари) яшайдилар.

Биз ўзбек тилини билмайдиган 13 фойиз учун ўз тилимизни қурбон қилолмаймиз. Агар бу фойиз 25 ёки 40 бўлса, ҳам биз ўз тилимизнинг ўз еримизда давлат тили бўлишини истаган бўлардик. Чунки, акс ҳолда, ўша Сиз доим таъкидлаётган байналминалчилик тушунчасининг бир чақалик қадри бўлмасди. Борди-ю, Сиз бошқараётган комиссия ўз вазифасини адо этолмаса ёки адо этишни хоҳламаса, жамоат ўз тилини ҳимоя қилишга тайёр.

Ишонинг, у ўз ҳақ-ҳуқуқини қатъий талаб этажак, бизнинг Ёзувчилар Союзига келаётган хатлар шундан дарак бериб турибди.

Сизга соғлик тилаб, Сиздан умид қилиб, укангиз Муҳаммад Солиҳ

P.S. Тазйиқ ҳаммага ўтказилаяпти. Аммо бу ўзимизни оқлаш учун ҳуқуқ бермайди. Мен Сизга ўзимни яқин ўйлаб, шу гапларни ёзишга ҳаддим сиғди. Йўқса, Сизнинг қимматли вақтингизни олиб ўтирмасдим, афу этинг.

12 январ 1989 йил, Тошкент.

Эркин Юсупов ўша қайта қуриш даври зиёлиларининг аксариятини тамсил қилган, илмий ибора билан айтганда, "типик вакил" эди. Бу тип инсонлар нисбатан ақлли, нисбатан виждонли, нисбатан ватанпарвар, қисқаси, нисбатан яхши одамлар эди. Улар об-ҳаво яхши бўлиб, замон қатоғон замони бўлмаса, юрт дардига қулоқ солиб, унга қайишар ва ўзлари эгаллаган мансаб даражасида бир ишлар қилишга уринардилар. Аммо об-ҳаво бузилиб, халқ тарафда туриш таҳликали бўп қолса, дарров унга қарши тарафдаги бирор шинам жойга ўтиб олардилар.

Мен бу хил одамларни дарров танирдим, чунки, умримнинг ярми шулар билан ўтганди. "Бирлик" ҳаракати бошқарувининг юзда саксон фойизи шу тип инсонлардан иборат эди. Уларнинг истисносиз ҳаммаси коммунист эдилар, аммо улар ўз жабҳаларида озми-кўпми мутахассис эдилар. Биз "коммунист" дея, ўрнига коммунист бўлмаган, аммо малакасиз инсонларни ҳаракатга таклиф қилолмасдик. "Бирлик"нинг таркиб топишида бу тутум туфайли мендан хафа бўлганлар кўп бўлди. Хафа бўлганларнинг коммунистларнинг бари-бир кун бошқа тарафга ўтиб кетиши ҳақидаги фикрлари тўғри эди. Аммо улар ўша "бир кун келгунча" ҳаракатда ишлайдиган одамлар кераклигини тан олгилари келмасди. Академик Эркин Юсупов 1986-88 йилларда ҳукуматга "ўгай" бўпқолганди шу боис ёзувчилар билан - норасмий мухолифат билан яқинлашган эди. Аммо янги ҳукумат келиб, унинг "юлдузи" янгидан порлай бошлаган заҳот, миллий масалалар қолиб, байналминалчиликнинг аҳамияти ҳақида куйлай бошлаганди. Юқоридаги мактуб шунга қарши ёзилганди.

 

 



 

ХАЛҚ ҲАРАКАТИДАГИ ИЛК ТАЖРИБАЛАР

 

Гарчанд 80-йиллар ўрталарида пайдо бўлган ижтимоий активлик саксон саккизинчи йилда аниқ сиёсий тус олган бўлса ҳам, "Бирлик" ҳаракати сиёсий эмас, ижтимоий либос билан саҳнага чиқди. У ўлканинг "моддий-маънавий бойликларини муҳофаза қилувчи ташкилот" сифатида танитилди. "Бирлик" сўзи сиёсий маъно таширди, унинг изоҳи эса, худди бу сўз учун сўралаётган узрга ўхшарди. Бу изоҳ ҳаракатга қўшилган оқсоқолларнинг қўшимчаси бўлганлигидан, уни олиб ташлай олмадик.



Ном беришдаги бу иккиланиш, аслида, ҳаракат идеологиясидаги иккиланиш эди. Ҳаракат бошқарувидан ўрин олган коммунистларнинг деярли тўқсон фойизи Ўзбекистоннинг сиёсий келажаги, аниқроғи, унинг сиёсий мустақиллиги ҳақида орзу қилмагандилар. Аксинча, улар бундай мустақилликка эришиш, мумкин эмас ва унга интилиш хаёлпарастлик, деб билишарди. Қолаверса, энди Совет иттифоқида қайта қуриш бошланган экан, бундай мустақиллик бизга фойдадан кўра зарар олиб келиши мумкин, бизга Москва қараб турмаса бизнинг раҳбарлар дарров демократиядан воз кечиб, ўзларининг кичик диктаторликларини ўрнатиши мумкин, деган фикрда эдилар. Бу қараш ўша қайта қуриш даврида жуда мода бўлган эди, чунки, бизнинг раҳбарлар ҳақиқатан ҳам мустақил бўлгандан кейин шундай диктаторликларини қуриши муқаррар эди. Лекин бу бўлажак маҳаллий диктатура олдидаги қўрқув бизнинг сиёсий ҳаракатимиз стратегиясини ўзгартириши мумкин эмасди. Рус мустамлакасидан қутулиш янги тузилган ташкилотнинг марказий ғояси бўлмоғи шарт эди. Бу ғоя очиқ ифода қилинмаган тақдирда программа тезисларига зимдан сингдириб юборилиши лозим эди. Ҳар ҳолда, шахсан менинг ва яна бир нечта ёзувчи оғайниларнинг нияти шундай эди. Лекин бу ният амалга ошмади. Ҳаракат программаси сиёсий конюктура изн берган доирадан ташқарига чиқолмади. Бунга фақат коммунистларни айбдор қилиб кўрсатиш ҳақсизлик бўларди. Бунда биз, ҳаракатни қурган ижодкорларнинг ҳам айби бор эди. Биз керак бўлган жасоратни кўрсатолмадик ва ҳаракат ғоявий жиҳатдан майиб туғилди. Бу майиблик айниқса Ҳаракатнинг ижтимоий базаси кенгайиб, мингларча одам майдонларни тўлдирганда билинди. Биз бу кенг халқ оммасига лойиқ бир буюк ҳадаф, бир буюк мақсад кўрсатолмаган эдик.

Мен бу мулоҳазаларни ўн йил кечикиб айтаяпман. Чунки, ўша саксон саккизда буни айтишга тайёр эмасдим. Мен ҳам дўстларим қатори умум кўтаринкиликнинг асири эдим, сиёсий ҳаракатнинг табиатини ҳали билмасдим.

Бошқа тарафдан қараганда, Балки Ҳаракатнинг бирданига радикал ғоя билан чиқмагани тўғри бўлгандир. балки, саксон саккизда мустақиллик ғояси ўртага ташланса, бу ҳукуматни чўчитиб юборган бўлар ва Ҳаракат туғилмай туриб, ўлимга маҳкум қилинган бўларди.

Бунинг аҳамияти борми, деган савол туғилиши мумкин. Эҳтимол, бугун бунинг аҳамияти йўқдир, аммо ўн йил аввал аҳамияти бор эди. Халқ ўрнидан туриб кўчага чиққанда ва оломон деган минг бошли мавжудот қаршимизга келиб, биздан йўл кўрсатишни талаб қилганда, бизнинг бир оз саросимага тушиб қолганимизни хотирлайман. Биз, сиёсий ҳаракатни тузган одамлар, бу халқнинг қайси тарафга юришини кўрсатишимиз керакди. Унинг қувват сифатида тақдирини белгилаш бизнинг, бир ҳовуч зиёлининг зиммасига тушганди. Бу масъулиятдан саросимага тушмаслик учун бир телба бўлиш керакди.

Эҳтимол, "саросима" дея, вазиятни ортиқча бўрттирган бўлишим мумкин, аммо бир нарсага аминман-ки, ўша пайтда кўча оқимига танқидий қарай олмасак эди, бизнинг ҳаракатимиз ҳеч қачон олға силжимаган бўлар ва сиёсий жиҳатдан маргиналлигича қолиб кетаверарди.

Ҳар ҳолда, 1988-да тузилган ташкилот характеридаги энг бўртиб кўринган нарса, шубҳасиз, ғоявий иккиланиш эди, дейиш мумкин. Бу контекстда "ЭРК" партиясининг тузилишини

"Бирлик"даги ўша иккиланишни бартараф этмоқ учун қилинган ташаббус ўлароқ кўриш мантиқлидир.

 

 



 

ПАССИВ АКТИВ

 

Январ ойида СССР Ёзувчилар Союзининг Пленуми чақирилди. Бу пленум Ёзувчилар Союзи тарихида энг ҳаяжонли ва энг эҳтиросли мажлис ўлароқ тарихда қолди. Зотан, пленум Ёзувчилар ташкилотининг сўнгги жиддий мажлиси бўлди. Кейин, худди Совет Иттифоқи каби, Ёзувчилар Иттифоқи ҳам парчаланди. Ёзувчиларнинг бу сўнгги мажлисида мен ҳам қатнашдим. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси котиби сифатида менга ҳам сўз тегди. Бу нутқ "Литературная газета"да пленум кунлари босилиб чиқди.



Бу нутқ 18 дақиқада битди ва уни томомлаб, жойимга қайтар эканман, қарсакларнинг одатдагидан узоқроқ давом этаётганини илғадим. Бошқа бир пайтда бундай қарсакларнинг олқишми ёки қарғишми эканлигини билолмаган бўлардим. Чунки, нутқ метрополия сиёсатига ва умуман русларга очиқчасига қарши руҳда айтилган эди. Зал нуфузининг ярмидан кўпининг нутқни олқишлашга ҳеч бир сабаби йўқ эди. Бу нуфузнинг қолган қисми ҳам авваллари бундай нутққа асло қарсак чалмаган бўларди. Аваллари бундай нутққа наинки қарсак чалиш, балки бундай нутқни гапириши мумкин бўлган кимса минбарга яқин йўлатилмасди. Минбар у ёқда турсин, бундай нутқларга қодир кимса ёзувчиликка қабул қилинмасди. Лекин шу онда менинг нутқимга қарсак чалишарди. Замон шундай ўзгарган эди.

Машварат танафусида Ўлжас Сулаймон ва озор ёзувчиси Онор келиб табриклашди. Ўзбеклардан шоир Шукрулло менинг чиқишимдан самимий хурсанд бўлди, ҳатто кўзига ёш олди. Мен тайёрлаган нутқда одамларга юққан энергия интеллектуал ёки бадиий моҳиятга эга эмасди, бу соф ижтимоий моҳиятли, ўша даврда кенг тарқалган энг юқумли энергия эди.

Саксонинчи йиллар ўртасида терговчилар Гдлян-Иванов бошчилигида ўзбекларга қарши бошланган ҳуқуқий террор биз зиёлийларни аламзада қилганди. кўз ўнгимизда юзлаб гуноҳсиз инсонлар қамалиб, исканжага олинар экан, уларга ёрдам бера олмаслик туйғуси бизни қаттиқ қийнар эди.

 

 



Мана шу кетаётган одамларга қараб,

"Мана шу кетаётган одамларга мен

Жавоб бераман!", деса эди кимдир.

 

Мана шу кетаётган, тинмай кетаётган



Одамларга қараб "шуларга мен жавоб бераман,

Мен жавоб бераман", десайди кимдир.

 

Майли бақирмасин,



Майли ҳайқирмасин, майли жар солмасин дунёга,

Майли пичирласин, лоақал, пичирласа эди.

"Мен жавоб бераман шуларга", дея.

 

1985 ("Олис табассум сояси" китоби, 1986)



 

Республика раҳбарларининг бу зўравонлик қаршисидаги қўрқоқлиги, Москва буйруқ берса, ҳатто ўз онасини ҳам жаллод Гдлян қўлига топширишга тайёр компартия котибларининг саросимага тушган қиёфалари бизнинг нафратимизни янада кучайтирганди. Бу ҳам етмаганидай, ўзбекларни бопладим, дея кўкрагига уриб, Русия кенгликларига саёҳатга чиққан армани терговчи рус аҳолиси тарафидан миллий қаҳрамон сифатида қаршилана бошлаганди. Бу эса, бизнинг зиёлилийримиз наздида рус шовинизми ва армани-дашноқ иттифоқининг янгидан жонланиши бўлиб кўринарди. Албатта, бизнинг изтиробдан яллиғланган шууримизда Гдлян-Иванов террори керагидан ортиқ сиёсийлаштирилганди. Аслида, на Гдлян - дашноқ, на Иванов - шовинист эди. Гдлян совет терговчисининг порахўр, маиший бузуқ ва садист типларидан бири эди, холос. Ивановнинг ҳам фамилиясидан бошқа русликка ва шовинизмига алоқаси жуда оз эди. Бу иккалови пул ва мансаб учун ҳар қандай сиёсий ва миллий ғояни сотиб юборишга қодир, мақсади йўлида ҳар қандай тубанликдан тоймайдиган нусхалар эди. Қайта қуриш бир инқилоб сифатида ўзининг олдинги сафларига нафақат янги лидерларни, балки, янги ҳаромзодаларни ҳам чиқариб қўйган эди. Бу зийрак ҳаромийлар модани яхши ҳис қилардилар. Улар қайта қуриш бошлангани заҳот ўзларини яратган коммунистик номенклатурадан четлашиб, янги пайдо бўлган "демократлар" қучоғига отилгандилар. Зотан, беш-олти шахс (Сахаров кабилар)ни ҳисобга олмаганда, бу демократлар ҳам ўша коммунистик номенклатурадан тарқаган зурёдлар эди. Хуллас, яхши ва ёмон, оқ ва қора бир-бирига қоришиб, одамнинг кўзини тиндирадиган, бошини айлантирадиган бир замонда яшаш тушганди чекимизга. Кўникиш қийин эди, аммо кўника бошлаган эдик. Ғала-ғовур ичида бизга лозим бўлган сасни, турли хил ранглар ичидан зарур бўлган рангни ва саноқсиз сўзлар ичидан керак бўлган калимани топишга ўргана бошлаган эдик.

Пленумда айтилган нутқ шу тажрибанинг маҳсули эди ва унинг шаънига чалиаётган қарсак асло ватанпарварлик учун мукофот эмас, профессионал адо этилган бир иш учун кўрсатилган ҳурмат эди, бор-йўғи. Ватанпарварлик учун эса, наинки руслар, ўзимизнинг ўзбеклардан ҳам бир олқиш кутаётган эмасдим, тўғрироғи, кутиш даражасида содда эмасдим. Кутмаганим тўғри бўлибди, чунки, Ўзбекистон раҳбарлари Москвада қилинган нутқни Тошкентда муҳокама қилиб, зудлик билан Партия активини чақиришга ва унда каминани сазойи этишга қарор қилган эканлар. Менинг Москвадан қайтишимни сабрсизлик билан кутаётган бу Актив "Ўзбекистон доим рус оға билан бирга бўлган ва бундан кейин ҳам бирга бўлаверади" тезисини яна бир бор тасдиқлаш учун бел боғлаганди. Каминанинг нутқида айтилган "Марказнинг колониал сиёсати" ҳақидаги фикрлар актив тарафидан зудлик билан чил-парчин қилиниши ва бунинг тескариси исбот қилиниши лозим эди. Мутелик туйғуси бизнинг коммунистларнинг қонига шу қадар сингиб кетган эди-ки, улар саксон тўққизинчи йилда ҳам бу эски дунёнинг ортиқ ўзгарганини, энди, шу онда Оғанинг ўз қуллари садоқатини текширишга ҳам вақти қолмаганини англай олмагандилар.

Актив Совет Ўзбекистони Олий Совети биносининг кичик мажлислар залида тўпланди. Нотиқларнинг ҳаммаси ўз соҳасидаги проблемаларни гапириб, орасида менинг "Литературная газета"да босилган нутқимга муносабат билдира бошладилар. Айниқса, Москванинг ўзбеклардан пахтани жуда паст нархда олаётгани ҳақидаги фикр бизнинг раҳбарларни қаттиқ ранжитганди. Бунинг аксини исбот қилиш учун нотиқлар турли рақамлар келтиришди ва мени минбарга чақиришди. Мен ҳамма гапни нутқимда айтганимни, Активга айтадиган махсус гапим йўқлигини, агар саволлар бўлса, унга жавоб беришим мумкинлигини изоҳ этдим. "Сиз Чор Руссияси даврида пахтанинг нархи бугунгидан баланд эди, деган фактни қаердан олдингиз", деб сўрашди. 1898 йил чиққан

"Туркестанские ведемоти" газетасидан олдим, дея жавоб бердим. Активдан бошқа савол чиқмади. Актив фавқулодда пассив эди. Яъни, у менинг иддаоларимда жон борлигини англарди, наинки англарди, балки, Москванинг қабоҳатини мендан ўн карра яхшироқ биларди, аммо унга қарши чиқиш мумкинлигини ўйлашдан ҳам қўрқарди. Мажлис фақат хўжакўрсинга, сўзма-сўз айтганда, Москвадаги Хўжанинг кўриши учун чақирилганди. Аммо, юқорида деганимдек, Хўжанинг кўришга ҳам вақти қолмаганди. Хўжа янги сайловларга тайёрланаётганди.

Бу янги сайлов коммунистик тузумни модернлаштириш учун хизмат қилиши лозим эди. Сайлов бир либерал шароитда ўтиши, унда янги зеҳниятдаги коммунистлар ғалаба қилишини таъминлаш зарур эди. Аммо бу янги зеҳниятдаги инсонлар (кейинроқ юз бергани каби) асло коммунистик тамалларни портлатадиган даражада янги бўлмасликлари шарт эди. Тез ривожланаётган воқеалар занжирида бу мувозанатни топиш 1989 йил бошида унчалик осон эмасди. Московадаги Ислоҳотчининг бутун закоси ўша мувозанатни топишга йўналтирилган эди.

Советлар қуролланиш мусобақаларида енгилганини англагандилар ва бу пойгани тўхтатиб, паритетга эришмоқ учун социализмнинг инсоний юзи ҳақида гапира бошлагандилар. Сахаров каби диссидентларнинг озодликка чиқарилиши, матбуотдаги ошкоралик, кадрларнинг янгиланиши, жумҳуриятларга тазйиқнинг озайтирилиши - ҳаммаси Совет Империяси юзидаги ёвуз чизгиларни юмшатиш учун олинган тадбирлар эди. Социализм ва капитализмнинг ёнма-ён яшаши мумкинлигини исбот қилиш ва Ғарбнинг душманлигини минимал савияга индириш лозим эди. Бу режа, аслида, нафақат Политбюрода, балки, совет халқининг авангарди саналмиш рус зиёлилари ичида, ҳатто унинг мухолиф қисмида ҳам мамнуният билан қаршиланган эди. Совет Иттифоқида ҳеч бир ижтимоий қатлам - жумладан, ҳурриятсевар рус зиёлилари ҳам - кейинроқ юз берган Буюк Парчаланишни ҳеч қачон истамаган эдилар.

Шунингдек, ҳеч ким, ҳеч бир шахс, ҳатто Сахаров каби ҳурриятчи ҳам Совет жумҳуриятларининг мустақилликлари учун курашгани сабабли сургун қилинмаганди. Совет Иттифоқидаги бутун мухолиф фикрли кучлар - хоҳ ҳукумат ичида, хоҳ унинг ташқарисида бўлсин - охир оқибатда социализм ва капитализмни яраштириш учун қўлланилган кўнгилли ташаббусчилар бўлиб қолаверди. Бу бир танқид эмас, олқиш ҳам эмас, бу ўша пайтда зуҳур этган воқеликнинг ҳақиқатга энг яқин кўриниши, менимча.

Ислоҳотчи Горбачевнинг янги стратегиясида муҳим ўрин тутган Олий Советга сайлов халқ тарафидан мисли кўрилмаган бир таважжуҳ билан қаршиланди. Совет ҳокимияти даврида биринчи марта сайловда муқобил номзод кўрсатиш имкони туғилганди. Аниқроғи, номзодликка номзод кўрсатиш имкони беришганди. Бу дегани, сайлов комиссиясининг рўйхатига кириш учун ҳам махсус сайлов ўтказилар ва унда танланган шахсларгина ҳақиқий номзод саналар ва уларнинг номлари расмий номзод сифатида эълон қилинарди. Табиийки, бундай элак номенклатура учун ўз одамларини сайлашнинг воз кечилмайдиган усули эди. Номенклатура бундан максимал равишда фойдаланди ва 1989 йил Совет Иттифоқи Олий Советига сайловда анча-мунча антисовет шуурли шахсиятлар ўша элакдан ўтолмадилар. Лекин ҳатто сайловнинг шундай адолатсиз кўриниши ҳам 1989 йилги совет кишиси учун буюк янгилик эди. Чунки, у ҳаётида биринчи марта муқобил номзод кўрсатадиган ғароийб сайловда иштирок этиши мумкин эди. Мен Москвадан қайтганда ўзбек зиёлилари орасида ҳам ҳаяжонли бир талош кўрдим. Улар ҳам худди Болтиқ бўйидаги лотиш ва эстонлар каби, Хазар денгизи соҳили сокинлари озарий ва тркманлар каби, Қораденгизли гуржу ва қиримликлар ва ёки Туронзамин кенгликларида от чоптирган қозоқлар каби кўзларини Шимолга - дунёнинг олтидан бирини эгаллаган Императорликнинг пойтахти томонга тикиб, бир мўжиза куттмоқда эдилар. Аммо улар кўз тиккан макон умид қилинган мўъжизани ўз ихтиёри билан кўрсатмаяжагини бу одамлар яхши билишарди. Шунинг учун ҳам улар ҳаётида яна биринчи марта "мустақил ҳаракат қилиш мумкинми, ажобо?", деган саволни ўз олдиларига қўйгандилар. Тўғрироғи, қўяётган эдилар. Ўзлари ҳам билмаган ҳолда, худди ойкезарлар каби, ярим уйғоқ, ярим уйқуда, бу дами ўткир саволни ўз олдиларига қўя бошлаган эдилар.

Мен ҳали Москвада экан, Талабалар шаҳарчасидаги бир гуруҳ ёшлар менинг номзодимни депутатликка қўйиш учун ташаббус мажлиси ўтказишибди. Самимий айтганда, менда депутат бўлиш каби бир ҳирс йўқ эди. Талабаларнинг ташаббусини фақат уларни янги қурилган "Бирлик" ҳаракатига мустаҳкамроқ боғлаш учун рад қилмадим. Бошқа тарафдан, менга ўхшаган фикри ва нияти оп-очиқ шахснинг номенклатура тарафидан қабул этилмаяжаги олдиндан маълум эди. Аммо сайлов кампанияси бизга ўз ғояларимизни айтиш учун бир минбар, бир фурсат бўлиши мумкин эди. Ва бундан фойдаланишга қарор қилдим. Хуллас, талабаларнинг истаги билан менга бегона бўлган сайлов деган ҳодисани шоирнинг сукунатли деразасидан эмас, бевосита яқинидан кузатмоққа бошладим. Табиатан хонанишин бир одам, оломондан доим қочган бир кимса, узун нутқлардан нафратланган бир ғайринотиқ кутилмаганда хонасини тарк этиб, ёқимсиз оломоннинг қоқ ўртасида нутқлар ота бошлашини тасаввур қила оласизми? Мен тасаввур қила оламан, чунки мен ўшанақа одам ҳолига тушгандим. Бундан мени ортиқ ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳатто шеърият ҳам қутқариб қоломас эди. Лекин 1989 йилнинг бошида мен бундай деб ўйламасдим. бу ҳодисаларнинг ўткинчи эканлигига ва тез кунларга яна ўзимнинг хонанишин ҳаётимга қайтиб келишимга мутлақо амин эдим. Бу қатъий ишонч ва сиёсатни менсимаслик туйғуси мени сиёсат гирдобига телбаларча отилишга ундаган асосий сабаблар эди.

Мен ўзимга шу қадар ишонар эдим-ки, хаёлимда бир яхши нашриётда чиқариш учун икки жилд асарлар тўпламимни режалар эдим. Сиёсатни эса, шу қадар менсимас эдим-ки, унинг қоидаларига зид амал қилиш менинг севимли услубим эди. Зотан, 1989 йилгача миллий масалаларга бағишланиб ёзилган бутун мақолаларим ҳам "сиёсат бўлсин", деб эмас, сиёсат бўлмасин, деб ёзилганди. Сиёсат бўлсин, деб фақат ёлғончилар ва мунофиқлар ёзарди, менинг наздимда.

"Менсимаслик энергияси" шу қадар кучли бўлган-ки, бугун ўша гирдобга тушганимга ўн йил тўлаяпти, ҳали ҳам ўша энергиянинг таъсири кетгани йўқ. Мен ҳанузгача оломонга ёлғон ваъдалар бермай туриб ҳам унинг ҳурматини қозониш мумкинлигига ишонишда давом этмоқдаман. Гарчанд, сиёсатда ёлғон гапириш мубоҳ эканлигини менга тушунтирган яхши ниятли ошноларимнинг кўпгина башоратлари тўғри чиққан бўлса-да, мен сиёсий жамоа тарафидан тасдиқланган барча стандартларни "оёқ-ости" қилишда давом этмоқдаман. Чунки, эркин ва ҳур қадам босишни истаган ҳар қандай инсон қаерга қадам босса боссин, у албатта, ўша стандартларга оёқ босишга мажбурдир. Ўша 1989 йил сайлов кампанияси даврида ҳам мен ақлли одамларнинг маслаҳатини тинглай олмадим. Улар менга бу кампанияда танқид наштарини рашидовчилик оқибатларига қаратишни маслаҳат бергандилар, мен наштарни антирашидовчиликка қаратдим. Рашидов менинг қариндошим эмасди, фақат уни тепкилаш, ҳақорат қилиш мода бўлгани мени иргантирарди. Яқиндагина Рашидовнинг соясига салом бериб, унга топиниб юрган кимсалар энди ўзини унга қарши курашган қаҳрамон сифатида вааз ўқиётганини кўриб, ҳайратдан тилим тутилгани учун ҳам Рашидовни танқид қилишдан ор қилдим. Ақлли дўстларим менинг атрофга рашидовчи кўриниб қолишмдан қўрқардилар, мен эса, шер ўлгандан кейин, унинг лошига сияётган ўша "қаҳрамонлар"га ўхшаб қолишдан қўрқаётган эдим.

 

 

 


1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница