Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница6/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19

1988 йил

 

 



 

ТАШҚАРИГА САЁҲАТ

 

80-йилларда бошланган миллий ҳаракатнинг энг пассив бўлгаси пойтахт Тошкент эди. Бунинг икки сабаби бор эди: биринчиси, дунёдаги бутун катта шаҳарлардаги каби, Тошкент аҳолиси ҳам моддиятчи ва космополит қавм эди. Улар бирорта мафкура учун моддий манфаатни таҳликага қўйишни ҳеч истамасдилар. Иккинчиси, Тошкент нуфузининг деярли ярмини "рус тилида гаплашадиганлар" ташкил қиларди ва улар ҳеч қандай сиёсий фаоллик тарафдори эмасдилар. Аксинча, улар бунга қарши эдилар. Ерли халқнинг сиёсий фаоллиги уларнинг заволи бўлишидан қўрқишарди. Миллий ҳаракат ўз кучини провинсия (вилоятлар)дан олди. Вилоятлардаги аҳоли хабарлашма воситаларининг заифлигига қарамай, пойтахт ва дунёдаги воқеаларни изчиллик билан кузатиб борарди. Айниқса, Фарғона водийсидаги вилоятларнинг сиёсий фаоллиги фавқулодда юксак эди. Бу фаоллик секин-аста бошқа вилоятларга ҳам ёйила борди. Масалан, Ўзбекистоннинг нисбатан пассив саналган жанубий минтақаси Қашқадарё ва Сурхондарё, ғарбий минтақаси Бухоро ва Хоразм 80-йиллар охирига келиб умум сиёсий жараёнга шундай кирди-ки, мустақиллик эълон қилинганидан кейин бошланган қатоғонда демократик ҳаракатнинг ҳаётий томирлари бўлиб қолди. Чунки, у пайтлари Водийдаги кучларимиз тўла тор-мор этилганди.



Ўрта минтақа - Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ҳам пойтахт Тошкентга нисбатан анча динамик бўлган эди.

Лекин бизнинг ишимиз Тошкент билан эди. Тошкент пойтахт эди. Бизнинг ғояларимиз вилоятларда қанча олқишланмасин, биз уларнинг Тошкентда тан олинишини истардик. Тошкент тан олиши учун эса, у биздан қўрқиши керак эди. ғояларнинг тўғри-нотўғрилигидан ҳам кўпроқ, Тошкент бизнинг орқамизда бир куч кўрсагина, бизга ён босиши мумкин эди.

Бизни учрашувларда, мажлисларда ва ёки бошқа жамоат марказларида юзлаб одамлар қўллаб-қувватлаётганини кўриб турар эдик. Аммо бу тарқоқ ва мажҳул қувватни бир шаклга сололмагандик. Биз худди артист, одамлар эса томошабинлар каби, томошадан сўнг ҳар ким уй-уйига кириб кетаверарди. Йилдиримни тутиб, электрга айлантириш лозим эди. Халқни ташкилотлантириш пайти келганди. Аммо биз умримизда ташкилот қурмаган шоир-ёзувчилар узоқ вақт, 88-йилнинг ўртасигача гарангсиб юрдик.

1988 йил май ойида мен Ёзувчилар Уюшмасига котиб сайландим. "Сайландим" деганим рост, чунки, ҳеч ким мени тайинламади. Эски замонлардаги каби менинг номзодим аввал Марказқўмда, кейин Ёзувчилар Секретариатида кўрилмади. Қайта қуриш замони бўлгани учун сайлов бўлди ва мен сайландим. Коммунист бўлмасам ҳам.

Котиблик менга жуда катта имконият берди. Ўша боя изоҳлаганим сиёсий фаолликка йўналиш бериш имкониятини туғдирди. Июл ойида Болтиқбўйи жумҳуриятларидан бирида... қандайдир сиёсий ҳаракат тузилаётганмиш, деган хабар келди. Мен Болтиқбўйини яхши билардим, у ерда дўстларим кўп эди. Янглишмасам, уларнинг ташкилотланиш тажрибасини ўрганиш учун ёзувчи Зоҳир Аълам бориб келганди.

Дарвоқе, қурилиши керак бўлган ҳаракатнинг биринчи "лойиҳаси"ни Зоҳир Аълам билан келган Фахриддин исмли бир талаба таклиф қилганди. Менимча, номи "Эътиқод" ёки шунга ўхшаш сиёсий маъно ташимаган бир ном эди. Мен бу номнинг жуда кулгули эканини айтдим. Аслида, бирор сиёсий платформа билан ўртага чиқиш учун ҳаммамиз ҳам бир нави "талаба" эдик.

Ҳаракатга исм бериш шарафи менга насиб бўлди. Уни "Бирлик" деб атайдиган бўлдик. Бу ном билан 10-йилларнинг иккинчи ярмида бизнинг Туркистон миллиятчилари (татар ва бошқирдлар билан) бир сиёсий ташкилотни тузишганди, аммо у халқ ҳаракатига айланолмаганди. Мен "Бирлик" номининг тарихдан мерос эканиин дўстларга айтмадим. "Бизни пантуркистлар деб аташади-ку", деб ўйлаб, ҳаракатга киришдан андиша қилмасликлари учун айтмадим.

Ҳаракатнинг дастур лойиҳасини қораларкан, иложи борича лўнда тезислар билан белгиланган бир чорчўп ясашга ҳаракат қилдим. Дастур тезисларини ҳам иложи борича "туманли"роқ, иложи борича умумийроқ ва иложи борича сиёсатдан кўра кўпроқ ижтимоий масалаларнинг ифодаси шаклида қоғозга туширдим. Бу гўё ҳар эҳтимолга қарши олган "тадбир"имиз эди.

Хуллас, мен қоралаган илк матн жуда ибтидоий эди, лекин бу ўша саксон саккизинчи йилнинг июл ойи учун нормал эди. Ташкилот тузиш ғоясини бармоқ билан санарли кишилар биларди ва уларнинг ҳеч бири ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланмаганди. Уларнинг ичида "энг шуғулланмагани" деб мен ўзимни ҳисоблардим. Аммо 1985 йилдаги Политбюрога мактубдан тортиб, ундан кейинги кечган 3 йил давомида ёзилган бутун мақолалар мени мен ўйлаган шоирлик "чизиғидан" анчагина ташқарига чиқариб қўйганлигини ҳали ўзим ҳам сезмасдим.

Бу ташқари - сиёсатнинг яланғоч майдони эди.

 

 

ШОИРЛИК МАҚОМИ



 

Ваҳоланки, шоирлик мен учун дунёнинг энг қулай касби эди. Ҳеч кимга, ҳеч бир идорага, ҳеч бир фирқа ёки ҳукуматга нима қилаётганинг ҳақида ҳисобот бермайсан. Ҳатто шеърни газетада бостириш учун, ҳатто китоб чиқариш учун ҳам бирортасига жилмайгинг келмаса, асло жилмаймайсан. Яъни, тоталитар давлатда бу шоирликдан ҳам мустақилроқ, эркинроқ касбни топиш мумкин эмасди.

Мен Оллоҳга шукр қилардим, ўзимни жуда омадли ҳис қилардим. Шу тўрт-беш қатор калимани қофиялаб, шеър қилиш қобилиятини менга бергани учун Оллоҳдан рози эдим. Тўғри, уйда баъзан нонни сувга ботириб, еб кун кўрган кунлар ҳам бўлди, хотин бола-чақа шоирлик хусусида бошқа фикрда бўлган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, аммо ҳеч ким бу ҳақда шикоят қилмаганди. Ҳамма ҳаётидан мамнун эди.

"Бирлик"нинг дастур қораламасини тайёрлар экан, мен бу ҳурриятни, шахсимга берилган бу эркинликни йўқотиш арафасида турганлигимни хаёл ҳам қилолмасдим. Чунки, такаббурона "ҳамма нарса менга боғлиқ, истаган ишимни қилишим ва истаган пайтда уни қилмасдан тўхтатишим мумкин, менга ҳеч ким буйруқ беролмайди", деб ўйлардим.

Янги бир замон келганлиги, бу замон билан мен ҳам , дўстларим ҳам, бутун миллат, ҳатто бутун миллатлар ва дунё ўзгарганини сезмай қолгандим. Ёки бошқача таъбир билан айтсам, уч йилдир-ки, биз бир "қайта қуриш" деган марафонга шунчаки ҳазиллашиб, байрам спортига қўшилгандай, қўшилган эдик, аммо ҳануз "финиш"га келмагандик, чопаётгандик. Чопаркан, вақт ўтганини, вақт ўтаркан, ўзимиз ва атрофнинг ўзгариб бораётганини сезмай қолгандик. Мен ҳалигача ўтмишдаги идеаллар билан яшардим:

 

 



Мен ҳеч кимга бўйинсунмасман,

Балки, менга бўйсунар қисмат.

Мен сиз эккан жойда унмасман,

Фақат руҳга қиларман хизмат.

 

Мен сизларга раҳм қилмасман,



Яъни, ўзни аямасман ҳеч,

"Оқ-қора!", деб ваҳм қилмасман,

Яъни, сочни бўямайман ҳеч.

 

Букилмасман қувончу ғамдан,



Сўрамасман яъни нафақа,

Яъни, мен бу моддий оламда

Ҳур руҳ учун яшарман фақат!...

 

1981 ("Валфажр", 1983)



 

Ишонинг, мен буни шеър бўлсин деб ёзмагандим. Худди ёзилгандек яшаш ва худди яшагандек ёзиш мен учун зарур максимум эди. Бундай максимумсиз шоир шеърини ёзолмайди. Бусиз шоир ўзини ҳурмат қилолмайди. Ҳурмат қилолмаса, шеър ёзиш, деярли, мумкин эмас.

Тўрт қатор шеър ёзмоқ учун менга абадият зарур эди. Уч соат сўнгра бир жойга чиқишим керак бўлса, мен бу шеърни ёзолмасдим. Балки, тўрт қаторни ёзиш учун 5 дақиқа вақт кетар, аммо ҳеч ким, ҳеч бир зарур иш тепамда калтак кўтариб, уч соатдан кейин чиқасан, дея турмаслиги керакди. Ва ҳеч бир нашриёт ёки газета менинг онгимда шууримда ўз цензурасини ерлаштирмаслиги лозимди. Мен ҳеч нарсадан тискинмай, хоҳлаган нарсамни ёзиш, айнан истаган нарсамни ёзишим шарт эди. Ва, ниҳоят, энг муҳими, "бутун ёзганларимда, бирорта ибора ёки сатрда ўз идеалимдан тирноқча ҳам чекинганим йўқ, ёлғонга, зулмга хизмат қилганим йўқ, бундан кейин ҳам қилмайман", деган қаноат доим кўксимда туриши керак. Бу ўзимни шеър ёзишга кўндириш учун энг асосий шарт эди.

1975 йил мен Университетдан сўнгра иш ахтариб ғ. ғулом нашриётига боргандим. Шоир Омон Матжон орачи бўлиб, нашриёт директори Ҳамид Ғулом кабинетига олиб кирди ва: "Ҳамиджон ака, мана шу йигит яхши шоир, сизга садоқат билан хизмат қилади", деганда, менинг қаттиқ жаҳлим чиққанди. Омон Матжон "шундай гапириш керак, йўли шунақа", деганди. Лекин у шоирнинг йўли шунақа эмаслигини билмасди.

Мен ишлаб-чиқариш бўлимида икки ой ишлай олдим, холос. Чунки, бирданига икки тарафга садоқат билан хизмат қилиш мумкин эмасди. Мен Кафка эмас эдим, у каби иккита ҳаёт яшай олмас эдим. У каби изтироб чекишни, у каби бу дунёмни жаҳаннамга айлантиришни истамасдим. Ўзимни жуда кучли сезардим, бўлим бошлиғи ёки нашриёт бошлиғига истаган пайтда "алвидо", деб ўз озодлигимга қовушиш даражасида кучли.

Шундай бир ўз ҳурриятига қул одамнинг сиёсат билан шуғулланиши мумкин эмас эди. Ҳар ҳолда, мен шундай ўйлардим. Биз ёзувчиларни халқ танийди, булардан фойдаланайлик, бир ташкилот тузайлик, одамларни жалб қилайлик, бошлаб берсак бўлди, кейин ўзлари олиб кетишади, кейин оломонни кўриб, сиёсатчилар ҳам келишади, профессионал иш бошланади, миллатнинг уфқи очилади, деб режа қилардим.

Қисқаси, ҳар қачонгидай, 1988 йил июл ойида ҳам ўзимни бахтли одам ҳисоблардим, чунки, дунёнинг энг қулай, энг осон касби - шоирликни ҳанузгача ўз касбим деб ҳисоблардим ва фақат ҳозир халққа мақола керак, шеърни, сал сукунат тушсин, кейин бошлаймиз, иншоллоҳ, деб ўйлардим. Сукунат тушмади. Бугун, бу воқеалардан ўн йил ўтди, аммо сукунат тушгани йўқ. Бу ўн йил сукунатсиз умрим бўйича шеър деб атамаса ҳам бўладиган учта матн ёзилди, холос. Лекин бу ўн йил давомида матбуот ёки бошқа жойда исмимни тилга олганлар исмимдан олдин муттасил "шоир" калимасини қўйиб, дунёнинг энг қулай ва энг ҳур касби билан мени давомли тақдирладилар, Оллоҳ рози бўлсин бу одамлардан.

  

КОТИБЛИК

 

Ёзувчилар Уюшмасига котиб бўлиб сайлангандан кейин нафақат шеър, мақола ёзишга ҳам вақт қолмади.



Йўқ, мен Уюшманинг иши билан машғул бўлмадим. Уюшма раиси ёзувчи Одил Ёқубов ва яна мендан бошқа икки котиб бор эди - уюшма иши билан улар шуғулланишди, соғ бўлсинлар. Менда бюрократик тажриба йўқди ва бу тажрибани орттириш истагим ҳам жўшиб турмаганди.

Менга тушган иш Уюшмага тўп-тўп келаётган, деҳқонлар, ишчилар, ўқитувчилар ва бошқа турли касбдаги турли характердаги инсонларни қабул қилиш ва уларнинг арзи-додини тинглаш бўлди. Гдлян бошлаган террор ҳали ҳам тўхтамаган ва ҳақсизликдан халқнинг фиғони кўкка чиққанди. Судга, милицияга, прокурорга, партия қўмитасига, ижроқўмга, марказқўмга бориши керак бўлган инсонлар оқиб Ёзувчилар Уюшмасига келарди. Ўғли ноҳақ қамалган оқсоқол ҳам, ишдан ноҳақ ҳайдалган ёш йигит ҳам, уйига ўғри тушган пенсионер ҳам, ҳатто мансабидан айрилган номенклатурачи ҳам Уюшмага кела бошлагандилар. Ёзувчиларнинг катталарга сўзи ўтади, деб ўйлардилар. Ёзувчининг обрўси катта, тепадагилар ёзувчидан қўрқишади, деб ўйлашарди. Бир нави тўғри ўйлашарди. Нисбий сўз эркинлиги ёзувчиларни дарров халқ орасида машҳур қилди. Бу тепадагиларнинг жиғига тегса ҳам, Уюшма билан очиқ конфронтацияга боришни истамасдилар. Марказқўмнинг секретарлари, Уюшмага келиб, маъруза қилган бўлар, бу билан гўё ёзувчиларга нақадар эътибор беришаётганини кўрсатган бўлишарди.

Албатта, дунёда ҳеч бир давлат ёзувчилардан биздагидай ҳадиксирамасди, чунки, ҳеч бир давлатда халқ ёзувчиларга биздагидай ишонмасди. Давлат ёзувчилардан эмас, уларга эргашаётган халқдан қўрқарди.

Саксон саккизинчи йил Ёзувчилар Уюшмаси халқ уйига айланди. Раис Одил Ёқубов бир-икки марта тўнғиллаб қўйди, лекин одамларни менинг чақириб келмаётганимни биларди. Бу "босқинга" сабр билан чидади аммо бошқа бир сабабдан бир оз ранжиганди: ҳар бир котибнинг мақом креслоси узра Доҳий портрети осилиб турарди ва мен ишга келган биринчи кун ўз кабинетимдаги Доҳий нусхасини девордан олиб, ўрнига Охунов деган рассомга буюртириб чиздирганим Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон портретини осдим. Бу номенклатурадан олган биринчи қасосим эди.

Уюшманинг котиби ҳам номенклатурага кирарди, ўзининг мақом машинаси, "вертушка" телефони, қабулхонаси ва унда секретари бўларди. Бу неъматларнинг ичида энг хайрлиси, "вертушка" эди. Бу телефон тўғридан-тўғри минстрга ёки бошқа катта мансабдорга уланар эди. "Вертушка"дан энг кўп фойдаланган йилим саксон саккизинчи йил бўлди. Шикоят билан келган халқни ўша "вертушка"га гапиртирдим. Бу менинг номенклатурадан олган иккинчи қасосим бўлди.

Учинчи қасосим - номенклатурани етиштирган компартияга кириш таклифини рад этдим. Бу Ўзбекистон Компартиясига қилинган энг катта ҳақорат эди ва у то 1991 йил хунтадан кейин ўз-ўзини бекор қилгунга қадар мени таъқиб этди, ўшаҳақоратнинг хусурини чиқаришга уринди.

Марказқўм котиби Холмухаммедов Уюшма раисини чақириб, Уюшма Котиблигигида коммунист бўлмаган киши ўтирмаслигини айтди, Одил ака буни менга айтди, мен "ундай бўлса коммунистни қўйинглар", дедим, ҳаракат қилишди, аммо қўйишолмади, коммунист йўқлигидан эмас, замон ўзгарганлигидан. Уюшмада демография, экология, тарих ва давлат тили каби бир-бирига ўхшамаган масалаларнинг ҳаммаси муҳокама қилина бошлади. "Шоир-шеърини ёзса, ёзувчи романини ёзса, бу халққа фойда келтиради, нима қилади ёзувчилар ўзи билмаган ишга аралашиб", дея писанда қиладиган одамлар кўпайди. Лекин ёзувчиларни қўллайдиганлар бунга нисбатан уч-тўрт баравар тезликда кўпая бошлаганди.

Уюшмада тузилган "Орол қўмитаси" жуда фаоллашди. Унинг аъзолари бирор ерга борсалар ҳурмат билан кутиб олишарди. Маҳаллий раҳбарлар ўз бўлгаларидаги экологик вазиятни "Қўмита" аъзолари билан муҳокама қилишдан аввалгидек қўрқмасди.

Ёзувчилар Уюшмасининг иккита зали бор эди, ҳар иккаласида ҳам ҳар куни, ҳар соатда бирорта мажлис ёки машварат ўтаётган бўларди. Бу мажлисларда қатнашаётганларнинг саксон фойизи ёзувчиликка алоқаси йўқ одамлар, муҳокама қилинаётган масалаларнинг ҳам адабиётга алоқаси йўқ эди.

Уюшмага чет элликлар ҳам тез-тез ташриф буюрадиган бўлиб қолишди. Улар бу ерга Ўзбекистоннинг на давлат, на-да бошқа жамоат ташкилотида эшитиши мумкин бўлмаган фикрларни эшитиш учун келарди.

Уюшма 1988 йилга келиб, том маънода расмий тан олинмаган, аммо таъсири катта бир мухолифат марказига айланганди.

Ўша йил, октябр ойи эди чамаси, мен "Нъю йорк таймс" газетасининг Москвадаги мухбирига интервъю бердим. Жуда кўп нарсаларни очиқ сўйладим. Кейин маълум бўлишича, мазкур интервъю мени фақат Уюшмадан узоқлаштириш учун эмас, менга қарши жиддийроқ тадбирлар қўллаш учун баҳона вазифасини ўташи керак бўлган.

 

 

 



"БИРЛИК" ТАШКИЛОТИНИНГ ТАЪСИСИ

 

Ниҳоят, ноябр ойининг ўн биринчи куни биз, бир гуруҳ ёзувчи ва олим, режалаганимиз ташкилотни таъсис этиш учун қўшиқчи шоир Дадахон Ҳасаннинг уйида тўпландик. Янглишмасам, 15-17 тача киши бор эди.



Қисқа муҳокамадан кейин "Бирлик" номи остида Ўзбекистоннинг маънавий ва моддий қадриятларини асраш ҳаракати таъсис этилди, деб қарор қилдик. Менга ҳаракатни бошқариш таклиф этилди, мен рад қилдим. Ҳаракат ҳайъатида бўлиш мен учун етарли, Ёзувчилар Уюшмаси котиблиги юки ҳам бор, лекин ҳаракатни бирга юритаверамиз, дедим. Академик Тошмуҳаммедов ҳам раҳбарликни истамади. Шунда фан доктори Абдураҳим Пўлатов бошқарсин қурултойгача, деди кимдир. Кўпчилик "бу одамни яхши танимаймиз", деган баҳонада қарши чиқди. Мен Пўлатов номзодини қўлладим ва қарши чиққан дўстлардан унга овоз беришни илтимос қилдим.

Илтимос қилдим-у, уни ўзим ҳам унча яхши танимасдим. Уни илмий институтларда олимлар билан ўтказган суҳбатларимда бир-икки марта кўриб, эсимда қолганди. Эсимда қолганди, чунки кўп савол берарди. кейин уни, янглишмасам, Д. Ҳасаннинг уйига шоир Рауф Парфи ва Бегжон Тошмуҳаммедов олиб келишганди. Мен бу одамларга ишонардим. Бундан ташқари, биз, ёзувчилар, ташкилотни тузиб, оёққа қўйиб, уни бизга кўра прагматик, закий олимларга топшириш керак, деган қатъий фикрда эдим. Қолаверса, Пўлатов, кибирнетика олими, ўзи ҳақида жуда чаққон ва ишчан бир киши таасуротини қолдирарди. Шундай бир одам биз илтимос қилган нарсани дарров қабул қилганига хурсанд ҳам эдим. Ҳар ҳолда, ҳаракатнинг қурултойга қадар ташкилий ишларини юритишига ҳеч шубҳам йўқ эди.

Баъзи радикал ошналар аввал ҳаракатга умуман коммунист олмаслик керак, деган фикрни олға суришганди. Ёзувчиларнинг кўпчилиги бу фикрни қўллади. Аммо Таъсис мажлисида дўстлардан бири "бу Пўлатов илмий институтнинг парткоми бўлган, қандай ишлайди биз билан", деб шипшиганда унга: "коммунистларни ҳаракатга олмайдиган бўлсак, ҳаракатни тузайлик деб юрган Зоҳир Аъламни ҳам, Дадахон Ҳасанни ҳам олмаслик керак эди. Бизга кейинроқ қўшилган Бегжон Тошмуҳаммад ҳам коммунист-ку", дедим.

Хуллас, Пўлатов Қурултойгача янги ташкилотнинг таъсис қўмитасига бошлиқ бўлиб сайланди.

Бу воқеадан кейин Ёзувчилар Уюшмаси янада гавжумлашди. Ёзувчи Мамадали Маҳмуд ва мен Котиблигимизни суистеъмол қилиб, янги ҳаракатимиз учун Уюшманинг биринчи қаватидан бир хона ажратиб олишга муваффақ бўлдик. Бир-икки стол, тўрт-бешта шалоғи чиққан курси, бир эски машинка - ташкилотнинг бор-йўқ мулки эди, аммо хона доим ғиж-ғиж одамга тўла бўларди.

Айни пайтда, давлатнинг энг махфий органи КГБ ходимлари ҳам Уюшмага очиқ келиб-кета бошлашди. Улар воқеалар ривожини диққат-ла кузатишарди. Улар "Бирлик" ҳали ўша кичкина хонадан чиқмаган бир пайтда, ҳали кўпмингли митинглар бошланмасдан туриб, ўз айғоқчиларини ҳаракат ичига тиқиб улгургандилар. Эҳтимол, ўша кичик хонадаги "ғиж-ғиж" оломоннинг учдан бири ўша айғоқчилардан иборат эди. Бу кейин маълум бўлди. Лекин ташкилотланиш жараёни бу андиша билан тўхташи мумкин эмас эди. Халқ ташкилотланишни истарди, бу истак қаршисига ўша пайтда ҳеч ким, ҳатто КГБ ҳам чиқолмасди. КГБ бу ҳаракатни ичидан емириши мумкин эди, уни заифлаштириши мумкин эди. Бунинг усулларини КГБ биларди...

 

 

 



БИРИНЧИ МИТИНГ

 

"Бирлик" таъсиси қилинганига бир ой тўрт кун тўлган эди, саксон саккизинчи йилнинг 15-декабри эди. Одатдагидек, эрталаб соат 9да уйдан чиқдим. Негадир мени олиш учун Уюшмадан машина келмаганди. Яёв юриб, метрога кетдим. Орқамдан кимдир келиб тўхтатди. Бизнинг яшайдиган уйдаги қўшнимиз адабиётшунос Раҳим Отаев эди. Қўлида газета, менга узатаяпти: "Айтдим-ку, ўйиннинг охири шунақа бўлади, деб, мана ўқинг", - дея менга берди қўлидагини.



Очиб қарадим, ярим саҳифадан кўпроқ жойни олган мақола (бунақасини фелетон дейишарди), номи ҳам узун: "Двайной стандарт честного Мухаммада". Яъни, "Мухаммад" мен эдим.

Рахим Отаевга "раҳмат" айтдим-да, йўлимда давом этдим. Аммо қизиққонлик, бир оз ҳаяжон устун келди, йўл-йўлакай газетани яна очдим ва юришдан тўхтамай, у ер бу ерига кўз югуртирдим. Мақола авторлари Юрий Кружилин ва (исми эсда йўқ) Хисомов эди. Газета "Правда Востока" бўлиб, у сўнгги икки йил давомида мен қилган чиқишларга турли маслак ва мансабдаги одамлар тилидан мақолалар уюштириб ўзича менинг "миллатчи"лигимга "зарба бериб" келаётганди. Аммо бу сўнгги зарбаси анча жиддий эди. Газета биринчи марта мени очиқчасига нафақат миллатчилик балки ирқчиликда айблаётганди. Мухбирлар ўз айбномасига асос қилиб менинг "Нъю-йорк таймс" газетасига берган интервъюмни олишганди. "Солиҳ" арабчада ҳалол, тўғрисўз дегани, аммо Муҳаммад Солиҳ бу ердагиларга бир хил, чет элликларга бошқа хил гапиради, унинг тилда интернационализми аслида ёлғон, у совет миллий сиёсатини Гиммлернинг истило қилинган мамлакатларда юритган сиёсатига тенглаштиради. Аслида, М. Солиҳнинг ўзи ирқчи, Ўзбекистонда руслар, тожиклар, туркманлар яшайди, фақат ўзбеклар эмас", дея у шохдан бу шохга сакрашганди мухбирлар. Дархондан ўтиб, метрога тушдим. Ёзувчилар Уюшмасига келдим. Вақт эрта бўлишига қарамасдан Уюшма олди гавжум эди. Тўпланганлар ёзувчилар эмас, ёшлар эди. Университет ва политехника институти талабалари. Улар "Бирлик" тузилгандан бери Уюшмага келиб-кетиб туришарди. Лекин бугун жуда эрта келишганди. Буни ўйлаб тугатмасданоқ, бир-нечата қиз ва йигит менга яқинлашиб саломлашдилар ва бир қучоқ гулдаста узатишди.

Мен бир оз ҳайрон бўлдим, аммо уларнинг қўлидаги "Правда Вастока" нусхаларини кўриб, ҳамма нарсани англадим. Ёшлар менинг кайфиятимни кўтариш учун зудлик билан етиб келишганди. Улар газеталарни силкитишиб, "бу билан ҳеч нарсага эришолмайди, сиз ҳеч хавотир олманг", дейишди.

Мен уларнинг айтганини қилиб, ҳеч хавотир олмадим. Мен бу мақолага халқнинг муносабати ижобий бўлишига ҳеч шубҳам йўқ эди. Фақат бунга ҳукумат қандай реакция кўрсатади, буни тахмин қилолмасдим. Одатда, Марказқўмнинг органи бўлмиш газетада бундай "душман"ларни фош қилувчи, сиёсий руҳдаги мақола фақат марказқўм кўрсатмаси билан чиқарди. Марказқўм бу кўрсатмани бераркан, бир режаси бўлганлигига ҳеч шубҳам йўқди. Илгарилари бундай мақолага мавзу бўлган одам энг камида ишдан олинарди ва қамаларди, чунки, совет тузумининг сиёсатини фашизм билан тенглаштириш, "ўзбек халқини пахта занжирбанд қилиб қўйди", дейиш совет давлатига туҳмат саналарди. Лекин уч йилдир-ки, қайта қуриш бошланганди ва бу давр ичида бундай мақолалар ҳеч қаерда эълон қилинмаганди. Ва табиий-ки, бундай мақолалардан кейинги "проседура"ни ҳеч ким билмасди, чунки, "тажриба" йўқди.

Менимча, ҳукумат бу мақола билан икки масалани ҳал этишни ўйлаганди. Биринчиси, мени Ёзувчилар котиблигидан қувиш, у ердаги сиёсий об-ҳавони йўқ қилиш, ёзувчиларни ўзининг профессионал касбига даъват қилиш, "мана, кўринг шундай қилмасанглар, бошингизга Солиҳнинг куни тушади", қабилида қўрқитиш. Иккинчиси, бу менимча, энг муҳими, яқиндагина тузилган "Бирлик" ҳаракатига зарба бериш. Ҳаракатнинг идеологи ўлароқ табиий-ки ёзувчилар танилганди. Ва улардан бирини йўқ қилмоқ ҳали суяги қотмаган ташкилотни ҳам бешикдаёқ бўғиб ташлаш деган гап эди.

Лекин буни режа қилганлар бир нарсани ҳисобга олишмаганди. Ўша даврнинг ўзгарганини ҳисобга олишмаганди. "Правда Востока"да чиққан мақола ўн йил аввал босилсайди, мени ҳеч ким Уюшма олдида гулдаста билан қаршиламаган бўларди...

Мақола кутилмаган акс-садо берди. Бутун жумҳуриятдан хатлар ёғилиб кела бошлади. Ҳаммаси ҳеч бир истисносиз менга далда бериш учун, менинг тутган йўлим тўғри эканлигини билдириш учун ёзилган эди. Мактуб ёзганларнинг ёши, маслаги ҳар хил эди. Ҳатто Қашқадарёдан бир деҳқон бутун бир қишлоқ номидан мени қутлаш учун Тошкентга келди. Халтасида тандир кабоб ва шунга ўхшаган Қашқадарё қишлоқларининг тансиқ емаклари. Мен бундан жуда ҳаяжонланган эдим. Шунча йил шеър ёзиб, бу қадар иззат кўрмагандим.

"Правда Востока" мақоласи билан битта ерли муслимонни йўқ қилмоқчи эди, аммо Оллоҳу таоло тескарисини истади: бу мақола минглаб муслимонларнинг кўзини очишга восита бўлди. Ҳукумат бундай акс-садони кутмаган эди. Агар мақолани босишдан аввал бир мақсади бўлган бўлса-да, буни амалга ошириш борасида тараддудланиб қолганди.

Мақола чиққандан беш кун сўнг, 20-декабр, соат 11 атрофида кабинетимга секретар қиз кирди ва "Ўзбекистон" меҳмонхонаси олдида одамлар митинг қилаяпти, деди. Мен дарров Мамадали Маҳмуднинг (у ҳали Уюшма котиби эди) икки кун аввал айтган гапини эсладим: Ёшлар сизни ҳимоя қилиб митинг қилмоқчи. Ҳимоя бўлмаса, сизни қамашлари мумкин, мен уларга билганингизни қилинг, деб айтдим, деганди.

Ҳақиқатан ҳам, меҳмонхона олдида кўп эмас, 450тача киши, ҳаммаси талабалар эди.

"Вертушка" жиринглади. Олдим. Минстрлар Совети Раиси Ғайрат Қодиров экан. "Бу одамлар сизнинг одамлар эмиш, илтимос, бориб тинчлантиринг, тарқалишсин, талаблари бўлса, ёзма ҳолда бизга топширишсин, кўриб чиқамиз", деди. Мен бу одамларнинг "меники" эмаслигини айтдим ва уларнинг талаблари нима эканлигини ҳам билмайман, деб жавоб бердим. "Ука, мен сиздан илтимос қилаяпман, бизга ёрдам қилинг, Рафиқ Нишоневич ҳозир Москвада, бу ерда вазиятни кескинлаштиришмайлик", деди.

Ғайрат Қодирович сўзларига русча қўшиб гапиргани ғашимга тегиб турган бўлса ҳам, унинг илтимосини рад қилолмадим. Қодиров ўзи одам сифатида ёмон эмас эди, кўнгли очиқ, содда эди.

Қодиров билан гаплашиб, ташқарига чиққанимда милиция митингчиларни "Ўзбекистон" меҳмонхонаси олдидан ҳайдаб, Инқилоб хиёбонига олиб киришга мувоффақ бўлганди. (Хиёбонда уларни камроқ одам кўрарди ва шов-шув ҳам камроқ бўларди). Бутун хиёбон атрофи милиционерлар "занжири" билан чирмалганди. Ҳеч кимни хиёбон ичкарисига қўйишмаётганди.

Мени танишди шекилли, дарров йўл беришда ва ҳатто милиционерлардан биттаси овозини пасайтириб, "ака, шундай давом эттиринглар, биз ҳам Сиз тарафда", деди. Бу менинг кўнглимни тоғдай кўтарди, шу кўтаринкилик билан митингчиларнинг ҳузурига чиқдим.

Хиёбон ўртасида минерал сув ва музқаймоқ сотиладиган кичик кўшк бор эди, унинг майдончаси саҳнага айланган, саҳнада Марказқўмдан бўлим бошлиғи, шаҳар ижроқўм раиси, ИИБ бошлиғи ва ўн-бешта КГБ ходимлари туришарди. Менга микрофонни тутқазишди. Микрафонни олиб, оломонга боқдим. Катта-кичик картон қоғозларга менинг исмимни ёзиб, "сени қўллаймиз, биз сен билан, йўқолсин зулм, Сафарян Ўзбекистондан даф бўл!" (Сафаров - "Правда Востока" редактори), каби содда шиорлар битилганди.

Мен ёшларга раҳмат айтдим. Ҳукумат бошлиғига таклиф-талабларингизни ёзма ҳолда беринглар-да, тарқалинглар, дедим. Ёшлар "биз мақолани ёзган мухбирлар келиб, шу ерда ўзбек халқидан узр сўраши керак, чунки, улар фақат сизни эмас, ўзбек халқини ҳам камситган", дейишди. Кимдир "буни муҳокама қилайлик, майли, мухбирларни олиб келамиз, фақат шу ерда эмас, Ёзувчилар Уюшмасида муҳокама қилайлик", деди.

Ҳокимият бу исёнчи талабаларни халқ кўзидан тезроқ йироқлаштиришни, тезроқ яширишни истарди.

Ёшлар таклифга рози бўлишди. Оломон уюшмага қараб юрди. У бизнинг залимизга сиғмади, иккинчи, учинчи қават, фое ва даҳлизлар ҳам одамга тўлди.

Мухбирлар Кружилин-Хисомовни дарров топиб келишди. Узр сўрашдими-йўқми, билмайман, ҳар ҳолда ёшлар уларни қаттиқ терлатишгани рост.

Мен муҳокаманинг сўнгида кирдим ва ҳукумат митингчиларга "М. Солиҳнинг "Правда Востока"га жавобини ўн кун ичида босамиз", деб ваъда берганини билдим. Бу мен учун жуда катта имконият эди. Бундай бир мақолага "айбланувчи"нинг жавоби яна ўша газетанинг ўзида босилиши совет жамияти учун фавқулодда бир ҳодиса бўлган бўларди.

Бу жавоб чиқса, биринчидан, бу ёшларнинг ғалабаси саналар ва уларнинг ўзига бўлган ишончи икки қат ортарди. Иккинчидан, бу жавоб Ҳаракатимизга қўшилишга тараддудланиб турган одамларга сўнгги туртки бўлар ва улар сафимизга қўшиларди. Учинчиси, бизнинг ҳаракатимиз бир психологик тўсиқдан ўтиб, ҳукумат ҳам биздан бир қадам орқага (биринчи марта!) чекинган бўларди.

Мен "Правда Востока"га жавобни ўша куниёқ бошлаб, эртасига битирдим ва газета редакциясига жўнатдим.

 

 

 


1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница