Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница5/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19

ТУРКЛАР

Саксон олтининг сентябр ойида Тошкентда дунё туркологларининг конференцияси бўлиб ўтди. Унга Оврупо ва Осиё ўлкаларидан мутахассис олимлар қатнашишди. Туркиядан келган ҳайъат анча катта эди. Авваллари у ердан Ўрта Осиёга ҳеч бунақа катта "оломон" келмаганди.

Конференсия "Высоковолтный" мавзесида жойлашган Ўзбекистон Фанлар академиясининг мажлислар залида ўтди ва бир неча кун давом этди. Бир романтик турколог бор эди, Иштван Мандоки. Қўнғир Можористонли қипчоқлардан, у бизни турк ҳайъати билан таништирганди. Турклардан сўрашни ва эшитишни истаганимиз кўп нарсалар бор эди, аммо бизнинг ўғузчамиз, уларнинг ўзбекчаси чуқур мавзуларга кириш даражасида мукаммал эмасди. Турклар билан мулоқот қилишни истаган ўзбекларнинг ҳаммаси ёзувчилар эди, ўзимизнинг яқин дўстлар, аввал тилга олганим "идеалистлар" эди. Туркларни чойга таклиф қилдик. Аввал шоир Миразиз Аъзамнинг уйида, кейин меникида дастурхон ёздик. Бизнинг оғайнилар туркларга "ол, ароқдан, нега олмаяпсан?," деб ҳайрон бўлганлари эсимда. Бизни бу одамларнинг ичкиликка бўлган лоқайдлиги ҳайрон қолдирганди. Совет кишилари дастурхонга ароқ қўймаса, уни ҳеч ким ҳурмат қилмаслигини турклар билмасди. "Ич, ич" дея меҳмонни қистамаса, меҳмондўстликка футур етишини ҳам билмасди авом турклар.

Ўшанда меҳмонларнинг биридан, профессор Аҳмад Бейжон Эржуласундан "Туркчиликнинг асослари" китобини бизга жўнатишини илтимос қилгандим. Икки ой сўнгра бошқа бир турк олими Дурсун Йилдирим орқали сўралган китобни юборганди. У пайтларда бундай адабиётлар таъқиқланганди ва шу боис, бу китобнинг Тошкентга келиши ҳам бир саргузашт бўлганди. Кейин бу китобни таржима қилдик. Таржимани тезроқ битириш учун уни учга бўлиб, бир қисмини Миразиз Аъзамга, иккинчи қисмини Абдуқодир деган тарихчи йигитга топширгандим. Китоб босишга эмас, ўзимизга яқин беш-олти киши орасида ўқишга мўлжалланганди.

Туркларни кандакор Омон Азизнинг ўғлининг суннат тўйига олиб борганимиз эсимда. Турклар жуда завқланишганди. Улар ота юртлари ҳисоблаган Туркистонда тўйда ўтирганларидан мамнун эдилар. Ҳаммаси самимий, содда, дилкаш, қисқаси, туркларди.

Уларнинг ичида Нозим Ҳикмат ва Азиз Несин каби ёзувчиларни севадиганлар йўқ экан. Бизга бошқа ёзувчиларнинг исмларини айтишди, энг буюк турк шоир-ёзувчилари булар, дейишди. Биз бу ҳақда суҳбатлашолмадик, чунки, турк адабиётини яхши билмасдик. Меҳмонлар эса, Нозим Ҳикматнинг Совет Иттифоқида турк ўлароқ яшаганини билмасдилар. Рус шоири Андрей Вознесенский "Литературная газета"да босилган хотирасида шундай бир воқеани эслайди: қиш эди, Нозим Ҳикмат ўпкасини шамоллатмаслик учун кўйлаги ичида кўксига газета ўраб юрарди... Йўлда биз кетаётган машинана милиционер тўхтатди ва узоқ вақт қўйиб юбормади. Шунда шофёр милиционерга қарата, "Ничего не понимает, он хуже турка" деганда шофёрнинг ёнида ўтирган Нозим Ҳикмат қаттиқ ғазабланганди.

Бу воқеани меҳмонларга айтиб бериш мумкин эди, аммо уларнинг йиллар давомида шаклланган мафкуравий қарашларини бир кичик ҳикоя билан ўзгартириш мумкин эмасди. Буни мезбонлик қилаётган Миразиз Аъзам ҳам, Рауф Парфи ҳам, Иброҳим Ҳаққул ҳам билиб турарди.

Турклар бизда жуда ичкин қардошлик туйғуси қолдирди. Қайта қуриш бошланиб, алоқаларимиз яқинлашганида, бу дўстларни янада кўпроқ танидик.

 

 

ПЛЕНУМ



Саксон олтинчи йилнинг кун тартибига тарихни ҳимоя қилиш, 20-йиллар адабиёти намояндаларининг меросини тиклаш, ўзбек тилига эътиборни кучайтириш (ҳали давлат тили ҳақида гап йўқ), Орол кўлини қутқариш, болаларни меҳнатдан озод қилиш, араб алифбосини мактабларда ўқитиш каби турли-туман масалалар қўйилди. Бу масалаларнинг ҳеч бири Ёзувчилар Уюшмаси савиясидан юксакроқ бир мақомда муҳокама қилинмади. Аммо Ўзбекистон марказқўми ва КГБ тамсилчилари бизнинг мажлисларимизни диққат билан кузатиб борар, "бошга бало бу ошкоралик"нинг яна қайси нуқталарга етиб бориши мумкинлигини чамалаб кўришарди.

Биз, "ёшлар" деб аталган ёки "жанжалкашлар" деб аталган гуруҳ 1985 йилги "Политбюрога мактуб" давридан кейин анча ўзгаргандик. Қайта қуришнинг бир йили турғунликнинг йигирма йилига тенг эди. Ичимиздаги улғайишни бутун вужуд-ла, жисмонан ҳис этардик.

Ёзувчилар Уюшмасидан ҳайдалиш, китоб таъқиқланиши ёки бошқа тазйиқлар, "ёшлар"ни ортиқ қўрқитолмасди. Улар ўн дақиқа эркин нутқ қилиш учун бир йил китобини бостиролмай юришга ёки ҳатто Уюшмадан ҳайдалишга ҳам тайёр эдилар. Ёшларнинг бу журъати уларнинг теварагида бир сассиз ҳурмат чамбарини яратди. Ёшлардан ижирғанган, уларнинг қилаётгани тўғри эканлигини билатуриб, билмасликка олганлар ҳам кўп эди, албатта.

1986 йил октябр ойида Ёзувчилар уюшмасининг навбатдаги (ёки фавқулодда, эсимда йўқ) пленуми бўлди. Мажлисга бир қисқа нутқ тайёрлаган эдим. Унинг русча ёзилганини кўриб, дўстларимдан бирининг жон-пони чиқди. "Ўзбекча гапириш керак, сиз ўзингиз ўзбек тилининг обрўсини кўтариш кераклигини тарғиб қилаяпсизу, яна русча гапирмоқчисиз..." деди. У ҳақ эди. Унинг фикрини рад қилиш учун менда битта ҳам аргумент йўқди. Бу қисқа нутқни йўл-йўлакай таржима қилиб, минбарга чиққунча тайёрлаб қўяман, деб ўйладим. Ва залга кириб, эртароқ жойлашиш учун фоеда турган одамларни оралаб, юқори қаватга кўтарила бошладим. Кўтарилар экан, ёнимда сервиқор халқ ёзувчилари кўксида орденларини шалдиратиб кетаётган ветеранлар, Марказқўмнинг сип-силлиқ инструкторлари, КГБнинг қиёфасиз агентлари, маддоҳ журналистлар, хуллас, мен ардоқлаган ғояларга ким бефарқ бўлса, ҳаммаси мен билан мажлис залига, учинчи қаватга кўтарилар эди. Мен нутқимни ўз дўстларимга ўқимоқчи эмасдим. Улар менинг нима дейишим мумкинлигини билишарди, уларга менинг деяжакларим доим маълум бўлган. Мен тайёрлаган бу қисқа нутқ менинг ёнимда ҳарсиллаб, инқиллаб юқорига кўтарилаётган мансаб ва мукофотдан бошқа ҳеч нарса, хўжайинига хушомад, қўл остидаги маъмурга ҳақоратдан бошқа ҳеч нарса билмайдиган бу зотларга ўқилиши керак эди. Мен булар билан юқорига кўтарилар эканман, ғазабим ҳам секин-аста кўтарилиб борарди: булар айнан рус тилида тушунадилар, булар фақат рус тилига топинадилар, булар фақат русча нутқни жиддий қабул қилишади, буларнинг мияларига фақат русча сўзларни санчиш мумкин, дердим ўз-ўзимни қиздириб.

Залга кириб, ўриндиққа ўтирганда нутқимни русча ўқишга қарор қилгандим. Бу воқеа менинг ҳаётимдаги биринчи сиёсий тактика эди. Буни ўша пайтда англамаган эдим, энди таҳлил қилаяпман.

Зотан, нутқнинг аввалданоқ русча ёзилишида ўша тактика - ғояни кичик давра эмас, кенгроқ омма ўртаида ёйиш, у билан, керак бўлса, баҳсга киришиш тактикаси ётарди. Бу хусусият ортиқ шоирнинг хусусияти эмас эди. Шоир ҳеч қачон оломонга тушунарли бўлиш учун ўз идеалларини вақтинча бўлса ҳам, четга суриб қўяолмас эди. Айниқса, у юқорида тасвирланган манфий энергия маскани бўлган оломон учун ўз тилида гапиришдан асло воз кечмаган бўларди. Воз кечса, у шоир бўлмасди.

1986 йил менинг шоирлигим шундай тугаган эди.

Саксон олтидан кейин ҳам бир неча шеърий сатрлар ёзилди, аммо улар сиёсий шеърлар эди:

 

 

АФСУН



 

"Йўқолсин зулм!", дедик,

Зулм дарров йўқолди.

"Яшасин ҳуррият", дедик

Ҳуррият яшади.

 

"Йўқолсин бойлар!", дедик



Йўқолди бойлар.

"Яшасин йўқсиллар!", дедик

Яшаяпти йўқсиллар.

 

1987 ("Орзу фуқароси", 1990)



 

Нутқим етти дақиқа давом этди ва зал етти дақиқа чурқ этмади. Мен нотиқ эмасдим, аммо ўзим ёзган матнни қандай ўқишни билардим. Менинг танқидим тўғридан-тўғри Пленум ҳайъатида ўтирганларга, Марказқўмга, унинг лаганбардорларига қарши қаратилганди. Нутқ 20-йиллар адабиётининг намояндалари ва уларнинг душманлари ҳақида эди. Душманлар Пленум ҳайъатида ўтирган бўлсалар ҳам чурқ этишмади. Улар ўз кучига шу қадар ишонгандилар. Лекин мен бундан инжилмадим. Мажлис тугаб, ташқарига чиқар эканмиз, танқидчи Озод Шарофиддинов қўлтиғимдан олиб, "ҳали "групповщина"ни қандай ибора билан атагандингиз, жуда ҳам оригинал эди", дея кулди.

Бу ўша кунги чиқишимга билдирилган ягона "легал" муносабат эди. 1986 йилда бу ҳам оз саналмасди.

 

 



 

ДЕКАБР ВОҚЕАЛАРИ

1986 йил декабрда Олма-ота воқеалари рўй берди. Минглаб одамлар кўчага чиқиб, давлат кучлари билан юзма-юз тўқнаш келди. Бу жуда муҳим воқеа эди. Бу одамларни кўчага чиқишга ундан ким бўлишидан қатъий назар, уларнинг талаблари нақадар ҳақли ёки ҳақсиз, бундан қатъий назар, бу одамларнинг қайси социал гуруҳ вакили, ҳатто қайси миллатга мансублигидан қатъий назар, уларнинг норозилик билдириб кўчага чиқиши Советларнинг сўнгги 50 йил даврида юз берган энг катта ижтимоий ҳодиса эди.

Тўғри, бундай чиқишлар кейинроқ бошқа минтақаларда пайдо бўла бошлади, аммо қозоқлар совет халқи ҳам норозилик билдириб, кўчага чиқишга қодир эканлигини, бунинг учун керак бўлса, қурбон беришга ҳам тайёр эканлигини биринчи бўлиб исбот қилишди. Милиция ва аскарларнинг белкураги зарбасидан жон берган ўнлаб қозоқ йигит-қизлари ҳали машрулашмаган фикр ҳурриятининг илк қурбонлари эди.

Намойишнинг парда орқасидаги сабаблари, эҳтимол, тарихчи учун муҳимдир. Аммо, яна такрорлайман, агар инсонлар кўчага чиқишга шундоқ ҳам, ҳеч қандай сабабсиз тайёр бўлмаганларида эди, уларни ҳеч бир сабаб, ҳатто айтаётганларидек йўлбошчи Кунаев ҳам уларни бу ишга мажбур қилолмасди. Бу ёш йигит-қизлар қозоқ халқининг бўғзига тиқилган бир хўрсиниш эди ва у отилиб чиқди. Қайси сабаб билан чиқди, у иккинчи масала.

Афсуски, биз ўзбек зиёлилари ўша синов пайтида қозоқ қардошларимизнинг ёнида туролмадик. Кимдир "бу Кунаевнинг провакацияси", деса, биров "бу русларнинг фитнаси", деди ва кўпчилик Олма-ота воқеасини наинки ҳимоя, балки мушоҳада қилишдан ҳам ўзини олиб қочди.

Бу ёшлар қайси шиор билан чиқса чиқсин, қайси тарафни тутиб гапирса гапирсин, улар фақат шиор кўтариб чиққандилар ва фақат гапириш учун чиққандилар.

Бундай чиқиш демократик ҳақларнинг энг ибтидоийси эди. Лекин тоталитар давлат, ўзи демократия ҳақида гапира бошлаган бўлса ҳам, демократия эмас, бор-йўғи, унинг узоқдан келган нафасини ҳис қилган он, худди қутурган арслондай, ўзини ўша нафас чиққан томонга отди.

Намойишнинг бостирилиши Қозоғистонда чуқур тушкунлик уйғотди. Кейинроқ у ерда пайдо бўлган сиёсий ташкилотларнинг маргинал ҳолатда қолиб кетиши, миллий ҳаракатнинг уюшган бир ташкилот ҳолига келолмагани ва ижтимоий фикрнинг норасида қолиб кетишида ўша тушкунликнинг катта таъсири бўлди. Аммо ҳар нарсада бир хайир бор, деганларидек, бу фожеанинг мусбат таъсири ҳам бўлди. Масалан, ўзбек ёшларига бу воқеа мужодаланинг алтернатив шакллари ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Фақат бу шакллардан фойдаланиш учун муайян бир структура, шахс ёки гуруҳ иродаси билан бошқариладиган бир ташкилот лозимлиги ҳам маълум эди. Стихияли, бақир-чақир билан бошланган акция, муҳаққақ мағлубиятга учрашини ҳам ўшанда ўрганган бўлдилар. Совет Иттифоқининг бошқа жумҳуриятлари ва дунё жамоатчилиги Қозоғистондаги намойишнинг бостирилишини тоталитар давлат ҳали бақувват эканлиги ва яна узоқ йиллар шундай туражагининг хабарчиси ўлароқ қабул қилди. Горбачев ё бир йил, жуда узоқ борса икки йил туради, кейин яна бир навбатдаги темир қўлли темир интизом тарафдори пайдо бўлади, деган "башоратлар" Қозоғистон воқеасидан кейин кўпроқ талаффуз этила бошлади. Бу миш-мишларга киноя ўлароқ ёки унинг акс-садоси каби бир шеър битган эдим. У саксон олтинчи йилнинг сўнгги шеъри эди. Бу шеър китобда "Ташбеҳсиз шеър" номида босилди.

 

ЛЕНИН, СТАЛИН, БРЕЖНЕВ ҲАҚИДА ТАШБЕҲЛАР

 

Буюк одам инжиқ бўлади сал,



Бу ҳам бир фазилат албатта.

Дунёга келар у хоҳлаган маҳал

Ва хоҳлаган жумҳуриятда

 

Буюк одам камтар, бунақа одам,



Туғилмай ҳам турар юз йиллаб баъзан.

Туғулгудек бўлса, мабодо,

Биздан яшириниб юрар мунтазам.

 

Ўша камтарлиги сабаб биргина



Беркинмас у бойлик, моли ортига,

У биздан "инсоний" беркинар,

Демак ўз соқоли ортига.

 

Башарти удумда бўлмаса соқол,



Буюкка етади оддий бир мўйлов,

Бизга шу мўйлов ҳам келса гар малол,

У қоши ортига беркинар дарров.

 

Қошни ҳам кўп кўрса ношукур давр,



Буюк одам ҳеч бўғилмайди.

Фақат камтарона қилади сабр,

Удум эврилгунча у туғилмайди.

 

1986 ("Орзу фуқароси", 1990)



 

Яхшиямки, удум эврилиб, янги диктатор туғилмади. Яхшиям-ки, ноумидларнинг мискин башоратлари тўғри чиқмади. Яхшиям-ки, тоталитар давлат биз қўрққанимиз қадар кучли, биз тахмин этганимизчалик тадбирли эмас экан. Энг қизиғи, ҳали биз ўзимизни, кейинги йиллардаги ўзимизни, кейинги ойлардаги ўзимизни билмас эдик. Биз шу қисқа замон ичида шу қадар ўзгарган эди-ки...

Тоталитар давлат ортиқ ўз қуллари билан сал пастроқ овозда, бир парда пастроқ овозда гаплашишга мажбур бўлган ва шундай гаплашаётган эди. Бу ўзгаришни бақир-чақирда биз сезмай қолган эдик.

Бизни белкураклар билан уришлари мумкин эди, аммо бу бизнинг оғзимизни бекитишга энди камлик қиларди.

 

 

 



 

1987 йил

 

 



 

 

"ОИЛАНИ ПЛАНЛАШТИРИШ"

 

 

Ҳали қайта қуришгача, Россия стратеглари 2010-йилга бориб, Совет Иттифоқида кичик миллатлар нуфузи буюк рус миллати нуфузидан ошиб кетади, бунинг тадбирини эртароқ олиш керак, дея бошлагандилар. Бу фикр юксак лавозимли раҳбарлар ва илмий марказлар доирасидан четга чиқмаган бўлса ҳам, доим парда орқасида муҳокама қилинаётган эди. Совет раҳбарлари тузумга раҳна солиши мумкин бўлган фактор ўлароқ бошда мамлакатдаги демографик мувозанатнинг бузилишини кўрардилар. Иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий факторлар у қадар аҳамиятли саналмасди.



Қайта қуриш бошқа жабҳаларда бўлгани каби, Москванинг демографик сиёсати устига ёпилган пардани ҳам олиб ташлади. Руслар бу ҳақда тортинмай гапира бошлашди. 1987 йил бошларида "Известия" газетаси бир кичик суҳбат эълон қилди. Суҳбатда илк бор ўзбек оилаларида туғилишни камайтириш ҳақида фикр билдирилди. Шу баҳона билан Ўзбекистонда болалар ўлими жуда кўпайгани ҳақида ҳам қистириб ўтилди.

Бу хабар аслида Ўзбекистонда "оилани планлаштириш кампаняси" амалда бошлангандан сўнг чиққанди. Жамоатчиликни уйғотмаслик учун, кампания тўғридан-тўғри давлат директивлари билан юритила бошлаганди. Шаҳар ва район марказлари туғриқхоналарида аллақачон амалий иш олиб борилаётган эди. Матбуот бу кампания ҳақида хабар қилиб, баҳс-мунозара бошланганида, Россиядан юзлаб ҳамширалар Турксиб йўлларига термулиб "нон шаҳри Тошкент"га кетиш учун ҳозирланаётгандилар. Бу гўзал ҳамширалар ўзбек дугоналарига туғишнинг нақадар зарарлигини ўргатиш вазифаси билан келаётган эдилар. Улар рус демографик сиёсатининг аскарлари эдилар. Уларнинг қанчаси етиб келди ва қанчаси келолмади, билмайман, фақат шу маълумки, агар ўзбек зиёлилари Совет давлатининг бу сиёсатига очиқ қарши чиқмаса эди, бизнинг оила қурилишимиз ўша пайтда олган зарар, эҳтимол, янада каттароқ бўларди. Чунки, туғилишни қисқартириш фақат туғриқхонадагина бошланиб, ўша ерда тамом бўладиган масала эмасди. Бу фақат тиббий ва ҳатто фақат демографик масала ҳам эмасди. Бу бир миллатнинг оилага, фарзандга анъанавий муносабати масаласи, бу бир миллий зеҳният ва нияҳот, бу бир диний масала эди.

Ўзбек, оиласида фарзанд туғиларкан, уни қандай боқамиз, деб ўйламайди. Ҳеч ким "бу ортиқча оғиз", демайди, чунки, ҳамма Оллоҳнинг бу оғиз учун яратган ризқи ҳам борлигини билади. (Бугун Ўзбекистонда одамлар очдан ўлаётган бўлса, ўз фарзандини "ортиқча оғиз", деб қўшниларига бераётган бўлса, бунинг туғилишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу одамлар ношуд давлат арбоблари юритган кўр сиёсат қурбонларидир).

Қизиғи шунда-ки, ўша демография масаласи муҳокама қилинаркан, рус тилида чиқадиган бутун газеталар кампаниянинг нақадар тўғри тадбир эканлиги, бечора ўзбек хотинини бола каби оғир юкдан қутқариш нақадар олийжаноб иш эканини куйиб-пишиб, илҳом билан ёзабошладилар. Насабсиз журналистлар ҳар тарафга чопиб "суҳбатлар" уюштирар, фалон вилоят, фалон қишлоқлик бир аёл "бола боқиш қийин иш", деди, дея репортажлар тўқирдилар.

Бу материалларнинг баъзиларини ўзбек газеталари (тепадан келган буйруққа биноан) таржима қилиб, ўз саҳифаларида босарди. Аммо ўз ташаббуси билан бирорта ўзбек газетасининг бу хусусда мақола уюштирганини эслай олмайман. Аслида, "оилани планлаштириш" дунё учун - Хитой ва Ҳиндистон каби супернуфузли ўлкаларни истисно қилсак, долзарб ва ҳассос мавзу эмас. Бу масала биз ўзбеклар учун ҳам ҳассос эмасди. Агар буни ўзимиз муҳокама қилсак, ўзимиз тортишсак, демография мавзуси биз учун ниҳоятда нормал мавзу эди. Бу - Россия тарафидан буюрилгани учун мавзу биз учун дарров ҳассослашди.

Ва бу мутлақо табиий эди.

 

 

ШЕЪРИЯТ ЗИРҲИ



 

Саксон олти ва саксон еттинчи йил мен учун адабиёт ва шеър иккинчи планга чекинди.

Узун йиллар давомида шеърият, бизнинг авлод учун миллий ўзликни ҳимоя қилиш воситаси бўлди. Шеърларда ифода қилинган ғоялар у ёқда турсин, фақат ўзбек тилида ёзишнинг ўзигина ўша "ўзлик"ка хизмат эди. Чунки, бошқа тилда ёзиш "имкони" ҳам бор эди. Бошқа тилда ёзиш таҳликаси бор эди. Бошқа тилда ёзиш жозибали эди, бошқа тилда ёзиш "Умумиттифоқ ўқувчисига олиб чиқади" ва ҳакозо. Ҳар ҳолда, бошқа тилда ёзишни руслар бизга жуда тарғиб қилишарди. Чунки, бу "бошқа тил" уларнинг тили эди.

Чингиз Айтматов, Олжас Сулаймонов, Фозил Искандар каби талантли ёзувчилар рус тилида ёзмаганларида "ўз адабиётларини" дунё миқёсига олиб чиқолмасдилар, дейишарди адабиётшунослар. Ўзбекистонда ҳам бу йўлдан кетишга ишқибозлар топилди. Аммо уларда на Чингизнинг на-да, Олжаснинг истеъдоди бор эди. Улар ўз она тилини билмасди, аммо ўз она тилини билмаслик бошқа тилни билиш деган гап эмасди. Улардан бири русча роман ёзиш орзусида бир русча ёзадиган ёзувчи хотинга уйланган ҳам эди. Боёқиш хотин, эрининг номидан бир-икки китоб чиқарди, аммо ундан ҳеч ёзувчи чиқоролмади. Ва эри уни уч талоқ қилди.

70-йиллар охири ва 80-йилларнинг бошларида, турк жумҳуриятларида руслаштириш сиёсати бир жонланиб олганди. Хусусан, бизнинг йўлбошчимиз Шароф Рашидов рус тилини "иккинчи она тили" эълон қилиб, уни ҳаётга кўпроқ тадбиқ қилиш учун қарорлар қабул қилганди. Биз "ёш авлод" бундан қаттиқ ранжигандик. Рашидовни жуда ёмон кўриб қолгандик.

Бир куни бир дўстим билан шоир Абдулла Ориповнинг уйига борганимизни эслайман. Унинг иш столи устидаги Рашидов портретини кўриб, ҳайратландик. Орипов "бу одам жуда улуғ одам, сизлар билмайсизлар", деди. Биз шоирдан бу "хоиннинг" портретини олиб ташлашни сўрадик. Шоир яна "сизлар билмайсизлар", деди. Биз хафа бўлиб, чиқиб кетгандик шунда. Рашидовни ҳозирги "мустақил подшоҳлар" билан қиёслар экан, шоир Ориповнинг "сизлар билмайсизлар", деган гапи эсимга тушади. Бошимизга Рашидовдан бешбаттари келиши мумкинлигини гапирганди гўё шоир.

Рус тили Рашидовнинг қарорисиз ҳам кирадиган жойига кириб бўлган эди. Биз бирор яхши китоб ўқимоқчи бўлсак, уни фақат русча ўқишимиз мумкин эди. Дунё хабарларини кўрмоқчи бўлсак, телевизорнинг фақат Москва каналини кўриш лозим эди.

Ўзбек зиёлиси, ўз тили ва маданияти ҳақида ўйлайдиган ўзбек зиёлиси ўз ватанининг пойтахти Тошкентда ўзини худди бегона юртдаги бир шаҳарда каби ҳис этарди. Бу чинакам бир фожеа эди. Буни ҳис қилган одамгина, унинг фожеа эканини англарди. Акс ҳолда, сиздан кулишарди, сизни маҳдудликда, биқиқликда айблашарди.

Бу аччиқ туйғуни тахминан шундай тасвирлаш мумкин эди:

 

 



Ўзга тилда бераман мен ўз саломимни,

Ўзга тилда нонуштага қилишар таклиф.

Бу шаҳарнинг кўчасида кўр каби мени

Ўзга тилнинг уч-тўрт сўзи юрар етаклаб.

 

Ўзга тилда кўрсатарлар менга юлдузни,



Ўзга тилда уйғотурлар мени саҳарда.

Ўз тилимни эмас, ўша уч-тўртта сўзни

Унутмоқдан қўрқаман бу улкан шаҳарда.

 

Ватан эса менинг тушим,



Ватан - тушимдир,

Ўз тилимда гаплашаман фақат тушимда

 

1981 ("Олис табассум сояси", 1986)



 

Ўша пайтлари мендан "санъат турлари ичида энг миллийси қайси бири?", деб сўрасалар эди, мен ҳеч иккиланмай "шеър" деб жавоб берган бўлардим. Чунки, руслаштиришнинг энг интенсив даврида мени ва тенгдошларимни маданий ассимляциядан шеър санъати қутқарди.

Мақолани, насрни (роман, ҳикоя) бошқа тилда ёзиш мумкин, аммо шеърни бошқа тилда ёзиш, тўғрироғи, бошқа тилни ўрганиб, бу тилда шеър ёзиш деярли мумкин эмас. Менга дарров Олжас Сулаймоновни мисол келтиришлари мумкин, аммо рус тили Олжас учун бошқа тил эмас, балки, ягона тилдир. У рус тили етиштирган шоир, рус маданияти етиштирган мутафаккир. Шу маънода Олжас қозоқ адабиётининг эмас, қозоқларнинг фахри.

Шеър инсон қалбининг маҳсулоти, инсон ақлининг эмас. Балки шу хусусияти билан у ташқи (жисмоний) таъсирлардан ҳимоялангандир. Шеърнинг бу хусисияти биз учун маданий ассимиляцияга қарши бир зирҳ вазифасини ўтаганди, демоқчиман.

Қайта қуришнинг иккинчи йилида мен бу зирҳни бир чеккага қўйиб, мақолалар ёза бошладим. Ортиқ ассимиляция таҳликаси ўрнини ундан абадул-абад қутулиш умиди олган эди.

Илгарилари шеър ёзмасам, бир неча ой шеър ёзмай қўйсам, дарров виждон қийналарди. Худди шеър ёзиш бу дунёдаги асосий вазифадай. Худди шеър ёзмасам, инсоният бундан зарар кўрадигандай. Энди вазият ўзгарганди. Энди бу виждон кутилмаганда бошқа нарсалар учун қийнала бошлади.

Яқинларда бир озодлик нафаси кезарди. Биз йиллардир шивирлашиб гаплашган гапларимизни очиқ айтиш имкони пайдо бўлганди. Йиллардир бизнинг тушимизга кириб, безовта қилган эрк шундоқ ёнимизда, кўчада юрарди. Бундай бир пайтда шеър ёзиб ўтириш учун жуда ҳам босиқ, жуда мулоҳазали ва жуда ҳам шоир бўлиш керак эди. Мен на униси на буниси эдим ва кўчага отилдим.

У ерда ҳаракат бор эди.

 

 

 



СЕНТИМЕНТАЛ ХАЛҚЧИЛЛИК

 

Саксон саккизнинг бошида Ўзбекистон Компартиясининг Биринчи секретари қилиб Рафиқ Нишонов тайинланди. Бу одам узоқ йиллар дипломатик вазифа билан чет элларда хизмат қилган, тажрибали кадр эди. Унинг бир пайтлар Рашидов билан келиша олмай, Марказга кетиб қолгани тўғрисида миш-мишлар юрарди. Ҳақиқатан ҳам, Нишонов ҳокимиятга келганидан кейин Рашидовга қарши танқид кескин кучайди. Аммо бу яна ўша - коммунистик танқид эди. Бу танқид бизнинг, миллиятчи қарашдаги одамларнинг танқиди эмасди. Бу "Москвага Рашидовдан кўра, биз содиқроқмиз", қабилидаги дошномлардан иборат бир нарса эди. Ҳар ҳолда, "рашидовщина" (рашидовчилик) ибораси 1988 йил бошларида демагогларнинг жуда севиб истеъмол қиладиган иборасига айланди. Лекин Ўзбекистоннинг рашидовчиликдан муҳимроқ проблемалари бор эди.



1988 йил февралда Самарқанд вилоятининг Жумабозор қишлоғида деҳқонлар бош кўтарди. Бу ўзбек деҳқонларининг совет даврида, эҳтимол, биринчи исёни эди. Сабаби: ер. Улар - бир жамоа иккинчиси билан ер талашган эдилар. Уларни ажратишга борган милицияга қарши ҳам ҳужум қилишганди. Милиция исённи бостира олмади, ички қўшинлар ташланди. Жанжал борган сари каттаяркан, Министрлар Совети Раиси шахсан у ерга боришга мажбур бўлди. Саксон еттинчи йили пахта монокултураси ва деҳқонлар аҳволи ҳақида ёзган материалларим ҳукуматнинг ғашига қаттиқ текканди. Раҳбарлар мени шоир сифатида унча билмасди, аммо мақолаларим туфайли уларга отнинг қашқасидай маълум эдим.

Жумабозор воқеасидан сўнг мени Министрлар Совети раиси Ғайрат Қодиров чақирди. У ҳукумат биносининг кенг деразасидан бўм-бўш Ленин майдонига қараб турарди. Мени қаршиларкан, табассум қилишга интилди, аммо зўраки чиқди: унинг юзи тимдаланган эди. Жумабозор халқи ўз ҳукуматига муносабатини шундай ифода қилганди. Мен самимий ачиндим ва қаттиқ уялдим. Худди буни менинг одамларим қилгандай ҳис этдим ўзимни.

- Мана бу суратларга қаранг, - деди Қодиров стол устига бир даста расмларни ёйиб ташларкан, - бу одамлар бизнинг шоирларимиз талаб қилаётгандек, пахта майдонларини қисқартиришни истаб исён қилаётганлари йўқ. Булар ерни янада кўпайтиришни талаб қилиб бизнинг ёқамиздан олишаяпти. Сиз буни бир ватанпарвар сифатида билишингиз лозим. Монокултура ҳақидаги фикрингизга қўшиламан, аммо буни халқнинг ўзи ҳам исташи керак...

Министрлар Совети Раисининг нима демоқчилигини билиб турардим. Халқнинг савияси зиёлилар талаб қилаётган ўзгаришларни қамраб олишга етмайди, демак, матбуотдаги бақириқ-чақириқларни меёрида қилиш лозим, демоқчи эди. Мен Қодиров билан тортишиб ўтирмадим, унга ҳамдардлик билдирдим. Жумабозор бугун Ўзбекистоннинг тимсоли бўлмаслигини, юмшоқлик билан тушунтирган бўлдим. Яна у ёқ бу ёқдан бир оз гаплашиб, хайрлашдик.

Қодировнинг айтганлари гўё бу қулоғимдан кириб, у қулоғимдан чиққанди. Бу номенклатурачининг ўз креслосидан бошқа ҳеч бир дарди йўқ ва халқни мен қадар билмайди, билишни ҳам истамайди деб ўйлардим. Балки, бу тўғри тахмин эди, аммо у кўрсатган суратлар менинг тасаввуримдаги халқ образига зимдан қаттиқ зарба берганини ҳам сезиб турардим. Буни ўзимдан яширолмасдим. Ҳукумат бошлиғи кўрсатган суратлардаги инсонлар - уст-бошидаги кийимлар бўлмаса, - объективга худди ўрта асрлардан қараб турганга ўхшардилар. Эҳтимол, Қодиров тўғри гапиргандир. Эҳтимол, бизнинг халқимиз ҳали жоҳиллик босқичидан чиқмагандир ва ҳакозо скепсис ҳиди анқиб турган фикрлар кела бошлади бошимга. Мен ўзимни дароов тўхтатдим. Чунки, бу таҳликали эди. Бутун онгли ҳаётнинг энг гўзал идеалини миллатнинг озодлиги ўлароқ билган бир хаёлпараст учун бундай фикрлар таҳликали эди. Бу хаёлларнинг сўнгги балки биз учун демократия ҳозирча зарарлидир, деган хулосага, зеҳният ўлароқ бунга тайёр эмасмиз деган фикрга, шунинг учун Россия таркибида яшаганимиз яхши бўлади, мана, фикр ҳурриятига ҳам ўрганаяпмиз ва шундай кетса, яна эллик йилдан сўнгра бир тараққиётга эришган бир миллат бўлармидик, деган хулосага олиб келарди.

Бу келинган хулоса бизнинг коммунистик раҳбарлар мантиғи билан чиқарилган хулосанинг айниси бўларди. Бу, бизнинг озодлигимиз душманларининг хулосаси бўларди.

Мен халқ ҳақидаги йиллар бўйи собитлашган тасаввуримни ўзгартиришни истамасдим. Бу хусусда ҳеч бир шаклда пушаймон бўлишни, ҳеч бир нарсадан ҳафсалам пир бўлишини хоҳламасдим. Министрлар раиси Қодиров кўрсатган суратлардаги қиёфалар бор-йўғи оғир ҳаётдан чарчаган деҳқоннинг кўриниши, деб ўзимга далда берардим...

 

 



БАДИИЙ ЁЛҒОН

 

Бугун ҳам шоирлар гулни булбулга



Қофия қилсалар, ишонманг: ёлғон.

Чунки, бу элатда булбуллар ўлган,

Чунки, қуриб қолган гул аллақачон!

 

Агарда бугун ҳам шоир бемалол



Тўртта гўзал, деса, тўртта фаслни,

Ишонманг: фасллар юзидаги ол

Гулгунлик ҳусн эмас, тамғаси силнинг.

 

Пахтани "олтин" деб кимдир бўлса ҳақ,



Унга ҳам ишонманг қалқинг оёққа -

Чунки ҳақиқат ҳам ёлғондир мутлақ,

Агар қарши бўлса ҳақиқат халққа!

 

1987 ("Орзу фуқароси", 1990)



 

Бу шеър ўша қайта қуриш йилларидаги каминанинг халқ ҳақидаги муросасиз қараши. Агар ҳақиқат халққа қарши бўлса, уни ҳам ёлғон санаш керак, деган радикал бир қараш. Менда бугун, шу сатрларни ёзиб ўтирган вақтда бундай бир қараш йўқ.

Халқ, биз уни қанчалик севмайлик, ҳақиқатдан устун бўлолмасди. Худди махлуқ уни Яратгандан устун бўлолмагани каби.

Биз шеър ёзишни дунёнинг энг муҳим иши деб билиб, адабиётни фетишга айлантирган одамлар, сиёсатга ўтгандан кейин сиёсатни дунёда энг муҳим иш деб, халқни фетишга айлантира бошлагандик. Уни доим мусбат бир борлиқ сифатида, ҳеч қачон янглишмайдиган, ҳеч қачон гуноҳ қилмайдиган ва ҳамиша, ҳар ерда ҳақли чиқадиган ҳилқат ўлароқ кўришни хоҳлардик. Ва бу хоҳишга ҳеч кимнинг ҳалақит беришини истамасдик. Ҳатто ўз идрокимизнинг ҳам, ҳатто иймонимизнинг (астағфируллоҳ) ҳам.

Бу фанатизм, балки, ўша даврда қисқа бир муддат миллий ҳаракатнинг ташкилотланишида ижобий туртки бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин. Аммо принципиал ўлароқ, унинг бу ҳаракатни бир ғоя сифатида улғайтирганига ишонмайман.

Бу фанатизм бизнинг қалбларнинг норасидалик белгиси эди. Бу фанатизм етарли даражада изтироб чекмаган қалбларнинг бир тажрибаси эди. Таъбир жоиз бўлса, биз қурбонлик сўйишга ҳозир эдик, аммо "бисмиллоҳ" дейишни билмасдик. Лекин 1988 йил халқ энди оғиз очиб гапиришни ўрганаётган пайтда, энди ғафлатдан уйғониш учун бир масъум гўдак мисол кўзларини уқалаб тараркан, бу манзара жозибасига таслим бўлишдан бошқа чорамиз қолмаганди. Бизнинг жангари миллиятчилигимиз тамалида аслида беозор, инсоний сентиментализм ётарди. Халқни муқаддаслаштириш ҳам ўша сентиментал миллиятчиликдан озиқланар эди.

Балки, айнан шу сентиментализм модерн ўзбек миллиятчилигини зарарли популизмдан асраб қолгандир. Яъни, миллиятчиликнинг суистеъмолидан, унинг аксилинсоний бир ҳаракатга айланиш таҳликасининг олдини олган бўлса ажаб эмас. 1988 йил ўзбек миллиятчилари 70-80 йилларда назарий ўлароқ тортишган масалаларининг амалий зуҳурини кўришга шошилаётган эдилар. Бунинг қандай шамойилда пайдо бўлиши улар учун гўё иккинчи масала эди. Аслида, бу биринчи масала бўлиши лозим эди.

Шунга қарамай, ўзбек зиёлисининг соғлом идроки миллий уйғониш энергиясини тўғри йўналтириб, ундан демократия маърифати учун фойдалана билди. Бу энергияни уйларга ўт қўйиш учун, ўзингдан бўлмаган миллатларни қатлиом қилиш учун ҳам фойдаланиш мумкин эди. Бунга уринганлар бўлди.

Рафиқ Нишоновни Ўзбекистон Компартияси раҳбарлигидан кетишга мажбур қилган Фарғона месхет-турк воқеалари қайта қуриш сиёсатини тўхтатиш учун мафия-КГБ ҳамкорлигида уюштирилган фитна эди. Ўзгандаги ўзбекларнинг қирғизлар тарафидан тўп-тўп ўлдирилиши ҳам ўша маҳаллий мафия ва КГБнинг "ижоди" эди. Бу ҳар икки қалтис вазиятда ҳам ўзбек зиёлиси ўзини жуда вазмин тутди, маданиятини намойиш қилди ва кенг миқёсда оловланишга тайёр ғавғонинг олдини олди.

 

 



 

1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница