Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница4/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19

1985 йил

  

ПОЛИТБЮРОГА МАКТУБ

Саксон бешинчи йил биз учун "Совет Ўзбекистони" газетасида босилган ғоявийлик ҳақидаги йирик мақола билан бошланди. Янглишмасам, мақола "Ғоявийлик - бош мезон", деб аталар ва ундан 30-йилларнинг ҳиди анқиб турарди. Бу мақола воситасида Абдуллаева ўз сиёсатини машрулаштиришга уринаётганди. Жамиятни эскилик сарқитлари-ю, миллатчиликдан қутқариш учун бел боғлаган фидоий бўлиб кўринмоқ истарди. Айни пайтда бундан кейин мавжуд сиёсат янада қаттиқлашажагининг хабарини берарди мақола. "Совет Ўзбекистони" бош муҳаррири бу келаётган қаттиқ сиёсатнинг тайёр устунларидан бири эди. Аввал айтилганидек, бу одам бизнинг, 20-йилларнинг Чўлпон ва Беҳбудий авлодига қарши ташвиқотнинг бошида турарди. Рашидов ўлимидан кейин бир оз сояга чекинган бу шахс, Абдуллаеванинг қўлтиқлаши билан яна мафкура саҳнасига чиққанди. Ёзувчи халқи уни ичидан ёмон кўрса-да, ташқаридан жуда серилтифот эди у билан. Очиқроғи, қўрқишарди. Бу қўрқув 20-30 йиллардан мерос, генетик бир қўрқув эди. Ҳатто машҳур шоирларимиздан бири уни Сергей Лазо билан қиёс қилиб аноним қасида битган эди.

Бу қасидани ҳурмат қилганидан эмас, қўрққанидан ёзганди.

Фақат ёш ёзувчиларда бу генетик қусур йўқди. Улар 40-йиллардан кейин туғилганликлари билан бахтиёр эдилар. "Амазон хотин" ҳам, унинг ёрдамчиси "Лазо" ҳам ёшлар учун катталарга кўрингани каби қўрқинчли эмасдилар. Ёшларнинг яна бир хусусияти, улар ҳали номенклатура неъматларидан татиб кўрмаган, мансаб ва мукофот каби нарсалардан йироқ эдилар.

Эҳтимол, бу уларнинг ўша синов даврида мустақил фикр юритишини таъминлаган энг муҳим фактор бўлгандир. Чунки, кейинроқ, ёшларнинг позицияси билан ҳисоблашишга мажбур бўлганларида, орамиздан бир гуруҳ ёзувчи ҳар хил баҳоналар билан ҳукумат тарафини тутганди. Уларнинг деярли ҳаммаси "ниманингдир лауреати" ёки "кимнингдир ўринбосари" ўлароқ мансаб нарвонларига тирмашдилар.

Хуллас, 1985 йил бошида Ўзбекистон сиёсий ҳаётида бир ҳаракатланиш аниқ кўзга ташланарди. Бу ҳаракатланишнинг юраги ёш ижодкорлар эди.

Ёшлар анъанавий ўлароқ "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси ва Ёзувчилар Уюшмаси атрофида кўпроқ тўпланардилар. Уларнинг содир бўлаётган воқеаларга қарши фикрларини ҳеч бир нашр органи чоп этолмасди. Уларда рус диссидентларининг "самиздат"и каби қўлбола нашр қилиш имконлари ҳам йўқди. Лекин норозилик бир шаклга тушиб, халққа мутлоқо билдирилиши лозим эди. Бу йиқилаётган масжидлар, ҳақорат қилинаётган муслимон она, сингилларимиз, ерга урилаётган она тилимиз ва маданиятимиз эгасиз қолгани йўқ, уларни ҳимоя қилувчилар бор, кучимиз катта эмас, аммо зулмга қарши "йўқ" дейишга етади, деган маънода бир манифестга эҳтиёж туғилганди. Бу ҳужжатни тайёрлашни мен бўйнимга олдим. Балки, ёзилиши (ўзининг радикал оҳанги билан) оригинал бўлгандир, аммо уни қаерга ва кимга жўнатиш борасида оригинал бўла олмадик: манзил яна ўша Москва, яна ўша Политбюро - шикоятлар мозористони бўлди. Мактубни Черненкога ёзмадик, чунки у мактуб жўнатиладиган даражада обрў қозонмаганди халқ орасида. Мактуб тепасига "Политбюрога", деб қўйдик. "Политбюро", мажҳул сўз бўлишига қарамасдан, унда қандайдир салобат ҳали ҳам қолганди. Бундан ташқари мактубни битта шахс номига ёзиш унинг аҳамиятини озайтирадигандай туюлди бизга. Хуллас, 1985 йил январ ойининг сўнггида мактуб ёзилганди. Мактуб тез ёзилди, аммо унга имзо қўйиш жараёни, икки ойча давом этди. Мен бу жараёнда қатнашмадим, аммо қатнашганларнинг гувоҳлик беришича 250 тага яқин ёзувчилар союзи аъзосига "қўл қўйиш" таклиф қилинган, аммо қўл қўйгани фақат 53 та (ёки 56 та, аниқ эсимда йўқ) бўлди...

Уларнинг ҳам юз фоизи ёш ижодкорлар ёки ёш саналган ижодкорлар эди. Буларнинг ҳам 80 фойизи шоирлар эди. Носирлар (ёзувчилар) ҳам бор эди, аммо жуда оз эди. Бу оз бўлган қисми ҳам кейин анча ўйин кўрсатишди, соғ бўлсинлар. Мен бундан бирорта манфий хулоса чиқармоқчи эмасман, фақат демоқчиман-ки, бизнинг носирларимиз нозимларимизга кўра доим ақллироқ, доим ҳушёрроқ бўлишган.

Март ойида мактуб тўла имзоланган ҳолда конвертга солинди. Унинг аҳамиятини ҳисобга олиб, мактубни почтадан эмас, қўлдан бериб юборадиган бўлдик. Олиб борадиган полвон ҳам топилди - ёш ёзувчи М. М. Дўст. У "Шарқ юлдузи" журналида бўлим бошлиғи бўлиб ишларди. Политбюрога ёзилган мактубда "Шарқ юлдузи"га бўлаётган тазйиқ ҳам тилга олинганди.

Ёш ёзувчи пойтахтга учиб кетиши керак бўлган кун, менинг уйимга иккита носир ҳансираб етиб келишди. "Илтимос, шу имзомизни ўчириб қўйсангиз, биз эшитдик-ки, марказқўм ҳам бу муаммони билармиш, шошмай турар эканмиз", дейишди ҳансираб. Мен мактуб ёш ёзувчи М. М. Дўстнинг қўлида эканлигини айтдим, учиб кетган бўлиши мумкин, дедим. Улар имзосини қайтариб олишга улгурмадилар. Лекин, биздаги ўзлари ҳақида туғдирган ишончни қайтариб олишган эди. Умуман, саксон бешинчи йил ёзилган бу мактуб бизнинг авлод учун бир маҳактош ролини ўйнади.

Мактубга жавоб май ойида келди. У пайт Черненко ўлган, ўрнига Горбачев ўтирган эди. Жавоб унинг идорасидан келди. Табиий-ки, бизга эмас, биз шикоят қилган одамнинг ўзига - Ўзбекистон Марказқўми котиби Раъно Абдуллаевага келди.

Абдуллаева май ойининг гўзал бир кунида бизни марказқўм биносига чақирди. Мактубга қўл қўйган ҳаммани, ҳатто вилоятдан бўлса ҳам, чақиришган эди. Биз, элликдан ортиқ қаламкаш, эҳтимол, биринчи марта, шундай оломон бўлиб Тошкентда учрашаётган эдик. Лекин сарой олдидаги майдонда ёзувчилар сони имзочилардан кўпроқ эди. Кейин билсак, бизни сазойи қилиш мақсадида Абдуллаева яна бошқа ёзувчилар гуруҳини ҳам таклиф қилганди.

Ичкари кирдик. Катта ва шинам зал тўла. Ҳаммамимзда бир шанлик, бир ғаройиб қувноқлик бор эди. Аниқ эсимда, ҳеч биримизни бу коммунистик маҳобот ҳам, хўмрайиб ўтирган (қизил кийинганди, янглишмасам) идеология котиби хам заррача ҳаяжонлантирмади. Аксинча, биз "қора рўйхат"га тушаётганимиздан гўё хурсанд эдик. Биз унга "тушиш"нинг унчалик ҳам қўрқинчли эмаслигини ҳозир, шу ерда исбот қилиш завқи билан яшардик гўё. Абдуллаева кириш нутқидан сўнгра биз ёзган мактубни қўлига олиб, бизга намойиш қилди. "Буни биз ёзганлигимиз"ни тасдиқладик. У Москвадан келган жавобни ўқимади, бизнинг мактубни "таҳлил" қилди. Бугун бу таҳлилдан ҳеч нарса эсимда йўқ. Фақат йигит-қизларимиз Марказқўм Котиби билан шундай мулоқот қилди-ки, бизга қарши қўйиш учун олиб келинган бошқа ёзувчилар гуруҳи ҳам "тўғри айтишаяпти, бу мактубга биз ҳам қўл қўярдик", деб юборишди. Абдуллаева "Темурни ҳимоя қиладиганлар, миллатчилар кўпайиб кетаяпти," деди. Бу шикоятга ўхшаган бир таҳдид эди. Аммо котиб ўзининг енгилаётганини сезиб "суҳбат"ни қисқартиришга мажбур бўлди.

Бу суҳбатдан кейин "Шарқ юлдузи" журнали бош муҳаррири Пирмат Шермуҳаммедов ишдан олинди. Ва бу бизнинг мактубимиз натижаси ўлароқ баҳоланди. Биз бундан қаттиқ ҳайратландик, мактубда Бош муҳаррирдан ҳеч қандай шикоят йўқ эди. аксинча, "Шарқ юлдузи"ни цензурадан ҳимоя қилиш кераклиги ёзилганди. Кейин билсак, мактубни олиб борган ёш шахс мактубни Москвада ўзгартириб ёзиб топширган. У "Шарқ юлдузи" Бош муҳарририга хусусий адоватининг хусурини шундай чиқарган. Яна кейинроқ маълум бўлди-ки, бу одам Абдуллаевага асло мухолиф эмас, унинг оила дўсти экан. Астоғфуруллоҳ, дедик холос. Ёшларнинг бу мактуби ҳеч бир ерда чоп қилинмади, аммо унинг акс-садоси жумҳурият бўйлаб ёйилди. Аввал бу хусусда кулиб - ҳикоя қилган қитмирлар ҳам жимиб қолди.

Ёшларнинг Марказқўм қаршисида бўйин эгмагани зиёлиларга қаттиқ таъсир қилди. Қисқаси, бу кичик мактуб Ўзбекистондаги ижтимоий фикрнинг норасидалик давридан чиққанлигини кўрсатди.

 

 

ГОРБАЧЕВ



 

Горбачев ҳокимиятга келганида унинг "келиши" фавқулодда бир ҳодиса саналгани йўқ, Ҳар ҳолда, Москвани истисно қилганда, совет кишилари бу янги лидердан каромат кутмаган эдилар. Москва аҳли эса, воқеани ҳаяжонли қаршилади. Миш-мишларнинг уяси бу улкан шаҳарда янги йўлбошчининг образи тез тўқиб-бичилди. Унинг ҳокимиятга келишига Ғарб давлатларининг ижобий қарагани-ю ва бунинг сабаблари миш-миш савиясида муҳокама қилина бошлади.

Горбачев ўзи ҳақида халқ тарафидан бичилган қиёфага, табиий-ки, ўхшамасди. Лекин у ўзидан олдин ўтган коммунист раҳбарларга ҳам ҳеч ўхшамасди. Оғир гавдали, оғир фикрли, оғир қарашли "Йўлбошчи"лар силсиласидан кейин, Горбачев қандайдир инсоний шамойили билан лидерлик стандартларини остин-устин қилганди. У социализмга ҳам ўзининг "шаклини" бериш учун майдонга чиққанди. Чехословакиянинг собиқ лидери Дубчекнинг "инсоний юзли социализм" иборасини қўлларкан, Горбачев ўз юзини назарда тутарди. Аммо, айтиш керак-ки, Горбачев ҳеч қачон социализмни йўқ қилиш, Совет давлатини тугатиш учун Кремлга келмаганди. Шунингдек, у баъзи рус шовинистлари иддао қилганидек, Совет Иттифоқини Америкага сотгани ҳам йўқ. Умуман, Совет Иттифоқини Горбачев йўқ қилди, дейиш, Горбачев шахсига туҳмат бўлибгина қолмай, рус колониализми тарихи учун катта ёлғондир.

Горбачев модерн рус империясини 70 йил аввал чизилган ҳудудларда сақлаб қолиш учун курашга бел боғлаган совет лидерларининг энг некбини эди. У янги жамият қуриш учун ўртага чиққанди, эски жамиятни янги шароитларга мослаштириш ниятида фаолият бошлаганди. Унинг ислоҳотлари ислоҳот эмас, балки, таъмирлаш (ремонт) даражасида режаланганди. Горбачевнинг характеридаги "демократизм" ҳам демократники эмас, жуда нари борса, империя маъмурининг ўрта савиядаги либерализми эди, холос.

Совет Иттифоқи йиқилганидан кейин Горбачев соғдан ҳам, сўлдан ҳам кўп ҳақорат эшитди. Аммо ташқаридан қараган дўст ҳам, душман ҳам шуни кўрди-ки, "Горби" Совет Иттифоқини сақлаб қолиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди. Горбачевни қоралаганлардан ҳеч бири Совет Иттифоқини қайта тиклашни Горбачев қадар истамасди. Лекин Горбачевнинг бу демагоглардан фарқи, у, Совет Иттифоқини ҳеч қачон қайта тиклаш мумкин эмаслигини биларди.

Горбачев ҳокимиятга келган йилиёқ "қайта қуриш"ни эълон қилди. Марказий газеталарда "танқид, ўз-ўзини танқид" шиори остида, бир оз демагогик, аммо нима бўлса-да танқидий мақолалар берила бошлади. Аммо поёнсиз империянинг чекка минтақаларида зулм кучлироқ, ғафлат теранроқ эди. Бу ерларда "қайта қуриш"нинг сиёсий принципларидан кўпроқ ижтимоий-маиший тамойилларини "ҳаётга тадбиқ" қилиш хавфсизроқ эди. Масалан, ароқхўрликка қарши кураш кампанясида Совет Иттифоқида жуда кўп узумзорлар осонгина чопиб ташланганди. Тўғри, кейин дод-вой солинган ва "қайта қуриш" ланъатланган эди.

Хуллас, Горбачев ҳукмронлигининг илк босқичида давлат сиёсати Андропов ва Черненко давридагидан жуда оз фарқ қилди. Фақат битта фарқ яққол кўзга ташланарди: фикр ҳуррияти. Бу ҳуррият жуда оз эди, аммо инсонлар Совет Империясининг бутун 70 йиллик ҳукмронлиги давомида бу "оз ҳуррият"га тенг ҳеч бир неъмат кўрмагандилар. Бу ҳурриятни, бу жуда оз ҳурриятни ҳар бир табақа ўз мақсадлари учун, ҳар бир шахс ўз манфаати учун ишлата бошлади. Бу биз учун табиий ҳол эди. Биз, ҳурриятни орзу қилган совет кишилари, унинг ёлғиз битта табақа ёки ёлғиз битта шахсники бўлолмаслиги хусусиятини ақлан англасак ҳам, қалбан ҳеч қабул этолмасдик. Бизнинг ҳурриятимиз биз учун нақадар азиз кўринса, қарши тарафнинг ҳуррияти бизга у қадар таҳликали кўринарди. Биз бир неъматни ўртада баҳам кўриш саодатидан маҳрум қилингандик. Биз бирга бахтли бўлишга ўрганмагандик. Биз, Совет кишилари бирга бахтсиз бўлишга ўргангандик.

"Фикр ҳуррияти"дан илк ўлароқ номенклатура (бошқа нарсаларда ҳам бўлгани каби) фойдалана бошлади. Бу ўзига рақиб бўлган маъмурни йўқ қилиш, мансаб зинапоясида юксалиш мақсадида ёзилган рапорт ёки аноним хатларда намоён бўлди. (Аноним хатлар ҳам фикр ҳурриятининг хабарчисидир, чунки, тоталитар давлатда буни ёзиш ҳам таҳликали эди). Кичик ва ўрта мақомдаги раҳбарлар бир-биридан қўрқа бошладилар, чунки, уларнинг ҳар бири "фикр ҳуррияти"га қурбон бўлиши мумкин эди. Бу қўрқув ҳануз Кремлга етиб бормаган бўлса ҳам, у ердаги баъзи Политбюро аъзолари "ошкоралик"нинг янглиш тушунилишидан безовта бўла бошлаганди. Лекин бу ғаройиб-"ошкоралик" шунчалар жозиб келди-ки, безовта бўлганларнинг ўзлари ҳам умумий оқимга қўшилиб кетганини билмай қолдилар.

"Фикр ҳуррияти" Ўзбекистондаги кадрларни Андропов режалаштирганига мувофиқ ўзгартиришда жуда қўл келди. Оддий бир шикоят, рапорт билан туман, вилоят раҳбарларини ишдан олиш мумкин бўлиб қолди. Бунга жумҳурият раҳбари ҳам тўсқинлик қилолмасди, чунки, у ҳам "фикр ҳуррияти"дан қўрқарди.

Кадрлар фақат ишдан олинмади, балки, судланиб, қамала бошладилар. Яъни, "Фикр ҳуррияти" Андропов замонида бошланган "тозалаш кампанияси"нинг янада тезлашувига, Москвадан юборилган терговчилар террорининг янада кучайишига ёрдам этди. Ва албатта-ки, фикр ҳурриятидан биз ёзувчилар ҳам ўз насибимизни олдик. Номенклатурачи ва терговчилар даражасида бўлмаса ҳам, ўз сўзимизни иложи борича шаффофроқ айтиш даражасида фойдаландик. Зотан, бизнинг ҳам ўз дардимиз, ўз манфаатимиз бор эди. Биз на табақа ва на-да шахс эдик, биз дунёга келганимиз сабабини англашга тиришган, аммо бир қарорга келолмай, сарсон юрган дарвишлардик, холос. Фикр ҳуррияти бизни шу қадар қаттиқ туртди-ки, масалан, мен ҳали ҳам, ўн беш йил ўтганига қарамай, бу туртки таъсирида гарангман. Бу турткидан уйғониб, шундай деб ёзгандим:

 

 

 



Тақлид этолмадим сенга, ватаним,
Сен каби бардошли бўлолмадим ҳеч.
Сапчиб турган эсам, айбситма мени,
Афу эт, ахир, мен ўлолмадим ҳеч. 


Кечир, сапчиб турдим оғир уятдан,
Тарихидан жудо бўлган халқ каби,
Келажаги қора инсониятдай,
Энг сўнгги лаҳзада турдим мен қалқиб.


Турдим, сапчиб турдим, ўзимга келдим,
Шаккок фарзандингни афу эт, Ватан,
Гўзал кафанларни эгнимдан юлдим,
Тушдим, сакраб тушдим, тилла тобутдан!
 

1985 ("Олис табассум сояси", 1986)

Биз ҳеч бир режасиз, ҳеч бир таёргарликсиз фикр майдонига отилгандик. Биз доим сиёсатдан нафратланган, сиёсатчиларни масхара қилган кишилар, бирдан сиёсат ҳақида кутилмаган бир жиддийлик ва изчиллик билан мушоҳада қила бошлагандик. Биз ҳали мустақиллик ва мустақил давлат чегаралари ҳақида мақолалар ёза олмасдик, аммо бу фикрни шеърда айтиш имкони бор эди:

Сўзлар бир-бирига боқсин эркинроқ,
Яшасин, мустақил жумҳуриятдай.
Бир-бирин тўлдирсин, бўлсин иттифоқ
Ҳар жойда туғилган бир хил ниятдай. 


Жипслашсин, жипс этса замона зайли,
Аммо олий Белги этган
ҳукм-ла
Ўртада
ҳад бўлсин... шундан сўнг майли,
Жумлаи жа
ҳонга айлансин жумла! 

1985 ("Олис табассум сояси", 1986)

Хуллас, саксон бешинчи йил баракатли ва айни пайтда оғир келди. Баракатли келди, чунки, мустамлака ватанимиз истиқболида бир нурли туйнук очилди. Оғир келди, чунки, порахўрлик ва "қўшиб ёзишга қарши кураш" баҳонасида минглаб бегуноҳ ўзбеклар қамалди, хонавайрон бўлди. Биз, саксон бешда шу бир-бирига зид икки туйғу - умид ва қайғу - орасида бориб-келдик.

 

 



НАСАБСИЗЛАР

 

Руслар Туркистонни ишғол қилганидан сўнг унга қарши зулмкор ва олчоқ сиёсатини кўпроқ рус бўлмаган насабсиз маъмурлар, таги паст жосуслар ва ҳаромзода қотиллар ёрдамида амалга оширганлар. Болшевиклар бу сиёсатни айнан давом эттирди. Совет Ўзбекистонининг энг маҳрам нуқталарида рус бўлмаган, аммо ўзбек ҳам бўлмаган кимлиги номаълум кимсалар жойлаштирилган эди. Шаҳарга "прописка" қилиш, иш билан таъминлаш, квартира бериш, пенсия ва бошқа ижтимоий ёрдам ишлари уларнинг қўлида эди. Улар ўзига ўхшаганларни четдан чақириб шаҳарга жойлаштириш, ерли халқни эса иложи борича шаҳардан қувиб, ишдан бўшатишга, ҳаракат қилишарди. Катта шаҳарнинг бутун моддий резервлари, уларнинг назоратида эди. Шаҳарга ижроқўм ўзбек бўлиши мумкин эди, аммо у доим насабсизларнинг ноғорасига ўйнарди.



Насабсизлар инсонларимизга зулм қилар экан, буни доим руслар номидан қилишган ва масъулиятни ўзидан соқит қилганлар. Шунинг учун ҳам улар рус хўжайиннинг буйруғини русдан яхшироқ ва "сифатлироқ" бажарган. 1918 йил Қўқон мухторияти ҳукуматини ағдариб, Қўқон шаҳри аҳолисининг учда бирини қириб юборган болшевик тўдаларининг ичида ўз қонхўрлиги билан ажралиб турган гуруҳ армани дошноқлар эди. Дошноқлар ўзлари яшаб, тузини еган бу шаҳарда ҳомиладор хотинларнинг қорнини ёриб, боласини олган ва уни ҳам қатл қилганлар.

Ўзбек зиёлисининг шуурида 1985 йил Ўзбекистонда Москва номидан иш кўрган Гдлян-Иванов терговчилар гуруҳи ўша Қўқон қатлиомини ташкил қилган насабсизларнинг меросхўрлари ўлароқ таҳайюл этарди. Бу гуруҳ аъзолари - миллати ким бўлишидан қатъий назар - ерли халққа қарши кин ва нафрати билан ажралиб турарди. 1984-1985 йиллар ичида ўнлаб эмас, юзлаб бегуноҳ кишилар Гдлян тўдасининг қурбони бўлишди. Улар порахўрларни йўқ қиламиз, деб оддий меҳнаткашни жазоладилар, порахўрлардан эса пора олдилар. Шу қадар кўп олдилар-ки, бу ўзбек миллионлари билан СССР Олий Совети депутати бўлишди, бу пуллар билан катта сиёсат саҳнасига чиқишди ва бугун ҳам улар еяётган нон ўша меҳнаткаш ўзбекдан ўғирланган нондир.

Россия ўзининг бу ёлланган қотилларини хизматига яраша юксалтди: уларни миллий қаҳрамон эълон қилди.

Бу қонхўрлар босқини бир тараф, уфқда Москва йўллаган "янги раҳбарлар контингенти" пайдо бўлди. Халқ хўжалиги ва давлат идораларига Россиядан "ёрдам қўшини" оқиб кела бошлади. Саратов ёки Тамбовда қассоблик қилиб юрган бир кимса ўзбекнинг бир шаҳрига ижроқўм, Воронежда ўғирлик қилиб, дордан қочган киссавур рус бир ўзбек туманининг прокурори қилиб тайинланиши ҳеч гап бўлмай қолди. Ҳуқуқ органларининг деярли ҳаммаси бу "янги раҳбарлар" билан тўлдирилди. Бу "раҳбарлар" тўғридан-тўғри Москва амри билан иш кўрарди, масалан, оддий рус прокурори Ўзбекистон Марказқўм котибига бўйсунмаслиги мумкин эди. "Янги раҳбарлар" келиши билан гдлян-иванов тўдасининг иши янада осонлашди. Улар халқни биргалашиб жазолай бошладилар, уни биргалашиб талон-тарож қилишди. Насабсизлар фақат давлат идоралари ва ҳуқуқ органларида эмас, матбуот ва ташвиқот марказларида ҳам асосий ўринларни эгаллаб олгандилар. Табиий-ки, уларнинг ҳаммаси "русча гаплашадиган аҳоли" синфига кирар ва Ўзбекистонда туғилиб-ўсганига қарамай, ўзбекча учта сўз ҳам ўрганишга ҳафсала қилмагандилар.

Русча чиқадиган "Правда Востока", "Ташкентская правда", "Вечерный Ташкент" газеталари йиллар давомида ўзбекларнинг тарихини, тилини ва маданиятини камситиш, халқнинг ғурурини синдириш учун режали равишда ташвиқот олиб боришди. Бу ташвиқот "байналминалчилик" шиори остида юритилди. Бу ташвиқот Москва истаганидан ҳам эркинроқ ва шафқатсизроқ олиб борилди, чунки, насабсизлар зулмнинг маъсулиятини ташимасдилар.

"Қайта қуриш ва ошкоралик" эълон қилинганидан кейин туғилган нисбий ҳурриятни ўша насабсизлар матбуоти бўғиб ташлашга уринди. Уларнинг нашр органлари Горбачев сиёсатининг бошидан охиригача душмани бўлиб келди ва улар Янаев хунтасини қувонч-ла қаршилашди, унинг директивларини зудлик билан, мамнуният билан ўз газеталарида чоп қилдилар.

Насабсизлар Ўзбекистоннинг сиёсий мустақиллиги у ёқда турсин, унинг Москвадан бир сония бўлсин узилишини истамас ва буни яширмас ҳам эдилар. Булар маълум жабҳада ижрочи маъмур бўлибгина қолмай, айни пайтда истисносиз равишда, ҳаммаси, марказнинг рутбали ёки рутбасиз жосуслари ўлароқ хизмат қилишарди. Шу боис улардан фақат фуқаро эмас, раҳбарлар ҳам чўчиб туришарди.

Пахта далаларида фақат ўзбек меҳнат қиларди. Етмиш йил давомида бирорта рус пахтакор бўлди, деган гапни мен эшитмадим. Ёки бирорта арманининг пахта экиб, уни етиштирганини, арманининг уни териб олаётганини сиз тасаввур қилоласизми?

Энг оғир меҳнатни ерли халқ қиларди, энг оз иш ҳақи ерли халққа тўланарди.

Бу ҳақиқатни айтиш ҳатто қайта қуриш бошланиб, ошкоралик авжига чиққан пайтда ҳам, таҳликали эди. Айтган кишига дарров ирқчи ёки миллатчи ёрлиғи ёпиштирилар ва у секин-аста жамиятдан сиқиб чиқариларди. Ёки машина аварияси уюштирилиб, жисмонан йўқ қилинарди.

Совет тузумининг тамалидаги ғайрирус миллатларга нисбатан адолатсизлик турғунлик йилларида бир нави парда орқасида тутилган бўлса ҳам, қайта қуриш келиб, уни ортиқ яшириш қийин бўлиб қолди. Тузум ўз адолатсизлигини ошкора давом эттиришга мажбур бўлди.

Мен 1985 йилда ҳам шоир эдим ва бу юракни эзувчи манзарани кўраркан, қўлимда ягона қуролим қалам эди. Ўша пайтларда ёзганларим шеърий санъатга, эҳтимол, алоқаси йўқ, аммо уларни ёзмаслигим ҳам мумкин эмасди, чунки бўғизга тиқилган ғазабни бўшатиш керак эди:  



Бир қўлим кўксимда турар мунтазам,

Бир қўлим раисга саломлар берар.

Ишга шўнғиб кетар қолган ўнтаси,

Қолган ўнта қўлим пахтани терар.

 

Қўлдан иборатдир менинг вужудим,



Кўзим - қўл, юзим - қўл, оёғим ҳам қўл,

Неки туртиб чиққан бўлса ичимдан

Бари қўл, ҳатто-ки қулоғим ҳам қўл!

 

Тунда аён бўлди улуғ бир мақсад,



Олға кетаяпман, боқмай орқамга:

Хўжалик ерига пахтани эксам,

Мен қўл экажакман ўз томорқамга!

 

1985 ("Олис табассум сояси", 1986)



 

 

 



1986 йил

 

ВАТАННИНГ ҚАЙТИШИ

Агар янглишмасам, ўша саксон бешинчи йилдан бошлаб мен ўз шеърларимни одамлар ҳузурида ўқий бошлагандим. Авваллари ўқимасдим ёки жуда оз ўқирдим. Шеърларим жуда қисқа бўларди ва уларни ўқий бошлаган заҳот тугаб қолгани мени ноқулай аҳволга солар ва худди шеър тинглаётганларни масхара қилгандай бир аҳволга тушардим. Кейинги шеърлар публицистик шаклга киргани учун анча узайди, бармоқ вазнида ёзилиши эса, декламация қилишни янада завқлироқ қиларди. Лекин, аввал изоҳ қилганимдек, "долзарб" шеърлар ёзишни ҳеч удда қилолмадим. Ҳолбуки, долзарб шеърлар керак эди. Инсонлар хабарга, ўзлари ҳақдаги хабарга - ўз ватани, ўз миллати, ўз тили ҳақдаги хабарга, ўзлари билса ҳам, яна бошқасидан эшитишга муштоқ эди. Улар саксон бешнинг қоронғу кечаларида "йилт" этган ёруғ кўрса, ўша тарафга талпиниб, бир ҳамдард излашарди. Аслида улар тимирсикланиб ўз ҳурриятини излашарди, аммо айнан ўша ҳурриятни излаётганлридан ўзлари ҳам амин эмасдилар.

 

 



МАХЛУҚ

 

У бир махлуқ дунё боғида,



Унинг турган-битгани қайғу.

Кишан йўқ-ку, қўл-оёғида,

Лекин эркни, эркни истар у.

 

У бир махлуқ, юрган бир дайди,



Йўқ, йўқ юрмас, кўкларда учар.

У ўзининг нафратин ейди,

У ўзининг ғазабин ичар.

 

Шундай махлуқ, унинг ёнида



Ҳар бир аёл кўринади тул.

"Келгинди"миш ўз ватанида

Ўз уйида номаҳраммиш ул.

 

Бас қил, махлуқ, бас қил дедим, бас!



Музламасин юзингда қаҳр -

Бу дунёда мумкин-ку яшаш,

Ватансиз ҳам мумкин-ку, ахир!

 

1985 ("Олис табассум сояси", 1986)



 

Ватансиз яшаш ортиқ мумкин эмас эди, буни мен ҳар қадамда кўра ва сеза бошладим. Ўша йиллари кенг жамоатчиликка эшиттирилган Орол фожеаси ҳам, пахта монокултураси ҳам, болалар ўлими ва ҳакозо - бутун ижтимоий ва иқтисодий муаммолар секин-аста сиёсий, секин-аста миллий муаммоларга эврила бошлади. Бу эврилиш ҳамманинг кўз олдида, ошкора (Горбачевга раҳмат) давом этди. Ҳеч ким бу жараённи, бу эврилиш жараёнини тўхтатолмас, ҳеч ким бу жараён учун бировни айбдор санай олмас эди.

Ошкоралик бир гипноз эди, ҳамма бир-бирига қараб, энг маҳрам сўзларини айтар, нормал ҳолатда айтишдан уяладиган гапларини гипноз ҳолатида бемалол талаффуз қиларди. Кремл мансабдорлари худди эртакдаги сеҳрланган мулозимлар каби ғаройиб бир рақсга туша бошлагандилар. Улар бу рақсдан тўхтай олмас, тўхтатгани дарров ишидан бўшатилар эди. Бу рақс то Янаев путчига қадар давом этди. Бу рақс тоталитар давлатнинг видо рақси эди.

1986 йил Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасида "Орол қўмитаси" ташкил қилинди. Унинг бошлиғи адабиётшунос Пирмат Шермухаммад бўлди. Ҳозир бу ғалати кўриниши мумкин, аммо у пайтлари ёзувчилар ҳамма соҳага аралашар эдилар. Барча иқтисодий, ижтимоий ва ҳатто маиший масалалар ҳам Ёзувчилар Уюшмасида муҳокама қилина бошлаганди. Уюшманинг реал ижро ҳуқуқи бўлмаса-да, у зиёлиларни - фақат ёзувчилар эмас, турли маслакдаги зиёлиларни - бир ғоя атрофида жипслашишга ўргатди. Уюшмада тузилган "Орол қўмитаси" ҳукуматнинг махсус рухсатисиз тузилган илк жамоат ташкилоти эди. Шу маънода уни кейинроқ тузилиши керак бўлган "Бирлик" халқ ҳаракатининг аждодларидан бири, деса бўларди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин-ки, Ёзувчилар уюшмаси 80-йиллар бошидан бошлаб мавжуд тузумга нисбатан танқидий қарайдиган шахс ва гуруҳларнинг уясига айлана бошлади. Бу хусусият давлатнинг назаридан қочмади: зотан, Ёзувчилар Уюшмаси давлат учун доимо муҳим мафкура ўчоқларидан бири бўлиб келган. Қайта қуриш ва ошкоралик бу муҳимиятни янада оширди.

Ёзувчилар Уюшмасининг раҳбари Сарвар Азимов 1985 йил ўз вазифасидан четлатилиб, ўрнига янгиси келтирилганди. Марказқўм котиби Р. Абдуллаева қўрс ва ўзбилармон Азимов ўрнига гап тинглайдиган, ҳалим бир ёзувчини қўйганди. Аммо у ҳам Абдуллаева директиваларини бажара олмади, чунки, замон ўзгарган эди, инсонлар ўзгарган эди. Инсонлар гапиришни, танқид қилишни ўрганган эдилар. Бу янги ўрганган ишидан уларнинг ҳеч ажралгиси келмасди, чунки, очиқ гапириш, ҳеч тап тортмай гапириш жуда ҳам завқли эди. Бундан ташқари, 1985 йил май ойида ёш ёзувчилардан олинган дакки Абдуллаеванинг обрўсига жиддий зарба берганди. Бу зарбадан кейин унинг "юксалиши" тўхтади ва одамлар у берган буйруқларни бажармаслик ҳам мумкин эканлигини кўра бошладилар.

Саксон олтинчи йилга келиб, Абдуллаева ўз "ҳайбати"ни тамомила йўқотди. Мағлубият инсонни кўримсиз қилади. Котиблигининг сўнгги ойларида Абдуллаеванинг қиёфасида мағлубият ёзиғлиқ эди. У, 1986 йилнинг бошлари эди чамаси, биринчи ва сўнгги марта Ёзувчилар Уюшмаси мажлисига келди. Ўз ғурурини енгиб, бу ерга келганди. Бу мажлисдан олдин бошқа бир мажлис бўлиб, унда Ёзувчилар Қурултойига "очиқ хат" ёзган қаламкашлар тақдири муҳокама қилинганди. Уларни Ёзувчилар Союзи аъзолигидан ўчириш масаласи кун тартибига қўйилганди. Улар ёзган "очиқ хат"нинг тўла мазмуни эсимда йўқ. Ҳар ҳолда, 20-йиллар жадид ёзувчи-шоирларининг реабилитацияси талаб қилинганди. Бу "очиқ хат"да Сарвар Азимовнинг ишдан олинишига норозилик ҳам ифода этилганди, шекилли. Чунки, бизнинг ичимизда бир гуруҳ ёшлар (нега, ҳалигача билмайман) Сарвар Азимовни ҳимоя қилиш ҳам миллий мужодаланинг бир қисми, деб билишарди. Ваҳолан-ки, Азимов бизнинг ўша идеалимиз - 10-йиллар жадидлар ҳаракати ва унинг намоёндаларига қарши бўлган одамлардан бири эди. Абдуллаева бу мажлисда ўзини жуда мутавозе тутди. Ёшларнинг давлатга кераклиги ва уларни асраш, тарбиялаш лозимлигини гапирди. Ўтган мажлисда ёшларнинг Ёзувчилар Союзи аъзолигидан ўчирилмагани тўғри қарор бўлганлигига ишора қилди.

Абдуллаева ёзувчиларга муроса қўлини узатаётганди, аммо кеч бўлган эди. Ёзувчи халқи марҳаматли халқ, унга қўл узатганлар ҳам бўлди, аммо Абдуллаеванинг марказдаги "патрон"лари ундан аллақачон воз кечишган эди. Мағлубиятга учраган одамдан ҳамма қочади. Биринчи навбатда, бу мағлубиятга уни мажбур қилганлар қочади. Шундай ҳам бўлди: Москва ўзининг келиб-кетмиш кадрларидан энг содиқ ва энг ғайратли аскарини бир арман қароқчиси қўлига топширди, жиноий иш очтирди. Ва йиқилган масжидлар, инжитилган мусулмонларнинг баддуоси шундай ижобат бўлди.

1986 йилдан бошлаб турғунлик йиллари лидерлари аввалгидан қаттиқроқ танқид қилина бошлади. Шароф Рашидов ва унинг ҳукмронлик даври газеталарда очиқ манфий баҳоланди. Номенклатура ичида Рашидовга яқин бўлган одамлар, ҳар хил баҳоналар билан ишдан бўшатилиб, янги раҳбарга яқин бўлганлар ишга олина бошлади. Рашидов яқинлари ундан юз ўгирсаларгина ўз мавқеини сақлаб қолиши мумкин эди, ҳатто бу ҳам мумкин эмас эди. Рашидов тириклигида унга қасида бағишлаганлар у ўлгандан кейин уни қоралаб достонлар ёзди, аммо янги раҳбариятга хуш кўринолмади.

Қайта қуриш ва ошкоралик инсонларнинг гўзал фазилатлари қаторида бадбин ва чиркин табиатини ҳам ўртага чиқарди. Мен одамлардаги иккиюзламачилик, манфаат йўлидаги риёкорлик ва ёлғонни қайта қуриш давридаги каби ёрқин - ундан олдин ҳам, кейин ҳам - кўрганим йўқ. Шунингдек, инсонлардаги яхшиликка интилиш, умидворлик, ҳамдардлик ва ўзғ ери, тили, маданияти, келажаги учун ҳар қандай фидокорликка ҳозирликни ҳам қайта қуриш даврида кўрдим. Улар етмиш йил давомида кўр бўлаёзган кўзларини уқалаб, ўз ватанининг пажмурда борлиғини кўришга уринардилар. Ўзи ёрдамга муҳтож - ёрдам беришга, ўзи ҳимояга муҳтож - ҳимоя қилишга тайёр эди бу одамлар. Ҳузурида гапирар ёки шеър ўқир экан, бу содда ва кўпинча, тунд қиёфалар мени мендан кўра яхшироқ тушунаётгандай туюларди. Уларнинг тундлиги тушунганини билдирмаслик учун кийилган ниқоб туюларди менга. Бу мистик туйғу мени доим ҳушёр тутарди. Шеър ўқир экан, ҳеч ким билан ҳизиллашмасдим, ортиқча пафосдан қочардим, ўқиш услубимни мени тинглаётган тунд юзларга ҳамоҳанг тутишга ҳаракат қилардим. Албатта, бу механик бир йўсинда, беихтиёр юз берарди. Уларга саксон бешинчи ва саксон олтинчи йиллари ёзилган шеърларнинг истисносиз ҳаммасини ўқидим. Улардан ҳеч ким бу шеърингизни тушунтириб беринг, демади. Чунки, ҳаммасини тушунардилар. Энг нозик деб саналган киноя, энг мураккаб ҳисобланган ташбеҳлар дарҳол уларнинг мийиғида акс этар, лоқайд кўринган кўзларида тасдиқ нурини порлатарди. Бу одамлар ўзлигига қайтаётган одамлар эди. Секин-аста, шошмасдан, оғир-вазмин, ўзбекчасига қайтаётган одамлар. Ўзига қайтаётган Ватан.

 

 


1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница