Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница3/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19

БЕГОНА

Шундай қилиб, минг тўққиз юз саксон тўртнинг март ойи эди ва мен ҳам кўплар қатори Дўрмонда илҳом парисини кутиб ётардим. У келавермаганидан, уни хаёл қилардим:

Илҳом парисини кўрдим тўсатдан,
Қорни оч, яланғоч, узунсоч
Ўлтирибди, ана, бўм-бўш курсида,
Пойида ётибди қурум босган тож. 


Сичқон чопиб ўтар хонани кесиб,
Қайсидир жўмракдан жилдирайди сув.
Ва менга қарайди бағримни эзиб,
Хона ўртасида ўлтирган сулув. 


Айрилган кимсадай бор-йўқ дўстидан
Қарайди йўқотган каби ватанин.
Қўлимни теккизсам, кафтим остида
Бодроқ очабошлар унинг бадани. 


Бодроқ очабошлар бўғзимда забон,
Кўзлари лим тўлиб қарайди сулув,
Қитир-қитир этар қайдадир сичқон,
Қайдадир тинимсиз жилдирайди сув. 

(1983)


Кўриниб турибди-ки, кўнгилларда бир англанмас соғинч, бир мажҳул носталгия бор эди. Балки у қадар-да мажҳул эмас, балки, бу соғинч келажакнинг соғинчи эди. Йўқ, йўқ, аслида атрофда бир сукунат, бир ғалати танбал руҳ кезиб юрарди.

Кезиб юрган бу руҳ ўз-ўзига қаттиқ ишониб юбориб, ҳимоя рефлексини йўқотиб қўйган тоталитар давлатнинг руҳи эди. Бу ҳалокатли ишонч 1968 йил Прага ишғолидан кейин пайдо бўлди. Бутун дунё кўз ўнгида жараён этган бу осон ишғол Москвани ғурурлантирди, шовинизмни сархуш этди. Аммо бу ишғолдан кейин бошланган атом қуроллари пойгаси Совет империясининг мағлубияти билан тугашини ҳали ҳеч ким хаёл қилолмасди. Ғурур ва сархушлик 70-йилларда ўзининг тадрижий қиёмига етди: энди қул (жамият) ҳам, қулдор (давлат) ҳам бир сукут ичида, бир лоқайд ҳаво ичида яшай бошлагандилар.

Бу ҳолат кейинроқ "турғунлик йиллари" деб аталди. Турғунлик шу қадар қуюқлашган эди-ки, бу қуюқлик ичида айтилган сўз, чиққан товуш ҳеч жарангламасди, сўз ниҳоятда сўник эшитиларди. Худди қўрқинчли тушдаги каби, қичқирсанг, ҳайқирсанг, овозинг чиқмасди.

Бу антиакустик қаср ичида биз ёш ёзувчилар ўз овозимизни синаб кўра бошлаган эдик. Ўша йиллар танқидчиларнинг ибораси билан айтганда, биз "оғзимизга келган гапни" айта бошлагандик.

1983 йил май ойида "Ўзбекистон адбабиёти ва санъати" газетаси "Шеърингизни тушунтириб беринг!" деган сарлавҳа билан катта мақола эълон қилди. Мақола менинг шеърларим ҳақида эди. Мақола муаллифи таниқли танқидчи эди, ўз даврасида нуктадон мутахассис саналарди. У конюктурани яхши ҳис қиларди, у адабий жараённинг хамиртуруши нимадан таркиб топишини биларди. Ҳатто турғунлик йилларининг энг турғун йили, 70-йилда ҳам ўзбек совет адабиётида ҳали ҳам фикр ўлмаганини исбот қилиш учун, баҳс-мунозарага ўхшаган катта мақолалар уюштирган бир фаол эди. У доим зам. редактор бўлиб ишлар, аммо ҳеч қачон бош редактор бўлмаган эди. Бу комплекс уни бир нави ҳокимиятдан ўпкалаганлар қаторига қўшиб қўйса ҳам, у ҳеч қачон мухолиф фикрли одам даражасига кўтарилмаганди. Ҳокимият унга бир кулиб боқса, гина-қудратини унутиб, яна хизмат қилаверадиган бир хокисор киши эди.

Менинг шеърларимга йўналтирилган "Тушунтириб беринг!" ҳайқириғи аслида интеллектуал мазмундан кўра, кўпроқ риторик маъно ташир эди. Мақола муаллифи менинг шеърларимни жуда яхши тушунарди, лекин ўсмоқчилаб сўрарди: "М. Солиҳ фалон шеърида бизга нима демоқчи, бу не гамлетчасига дард, шеърнинг қаҳрамони нима талаб қилаяпти биздан?", каби саволлар янграр эди унинг матнида. Ўсмоқчилаб сўраш совет танқидида кенг тарқалган усуллардан бири бўлса ҳам, бу каминанинг шеърларига қаратилар экан, дарров ҳаққоний кўринган мазмун касб этарди. Чунки, ҳали биринчи китобим чиқиши биланоқ, уни "ғарбга тақлидчилик"да айблаб бўлишган эди. Яъни, ўсмоқчилашга ишқибозларнинг куни беш-олти йил аввал туққанди. Шу боис, мақола тайёр шудгорга тушди, тез кўкарди, тез гуллади, атрофда ҳақиқатдан ҳам баҳс-мунозара бор эмиш каби бир иқлим туғдирди. Гўё "шеърингизни тушунтириб беринг" мақоласи муаллифи менга ҳужум қилса, бошқа бириси чиқиб гўё мени ҳимоя қилади. Ёки учинчиси чиқиб, тарафларни муросага чақиради: "адабиётнинг даргоҳи кенг, шундай ғалати нарсалар ҳам яратилиши мумкин", дейди вазмин оҳангда.

Хуллас, ҳеч бир жиддий фикр айтилмаган эди, айтилиши мумкин ҳам эмасди.

Зотан саодатли совет диёрида мунг ва ўкинчнинг бўлиши мумкин эмас, бўлса ҳам унинг сабаби фақат хусусий бўлиши мумкин, аммо ҳеч қачон ижтимоий ва ҳеч қачон сиёсий бўлолмас эди. Бу қоида ичида ҳараката қилганларнинг энг жасоратлиси яна ўша "шеърингизни тушунтиринг", дея ҳайқирган танқидчи бўлиб қолаверарди. Чунки у ҳеч бўлмаганда, қалтис савол беришга журъат қилганди-да!

Бу танқидчи тилга олинган мақоласидан икки йил кейин, 1985 йилда менинг "Олис табассум сояси" номли китобимга Ғ. Ғулом нашриёти учун "ички тақриз" ёзди. Бу тақризда қалтис саволлар янада кўпайганди. Танқидчи каминани "бундай дунёқараш билан узоққа бормайсан", дея қаттиқ огоҳлантирарди гўё. Мен бу тўпламда чиқиши керак бўлган 41 та шеърнинг ҳар бирига алоҳида бир бет изоҳ мактуби ёзишга мажбур бўлдим. Бу изоҳларда 41 та шеърнинг ўзбек совет нашриётларида бемалол босилиши мумкинлиги ва уларнинг мавжуд сиёсий тузумга ҳеч қандай зарар келтирмаслигини ўзимча исботлаб бердим. Исботим ишонарли чиқди шекилли, ўша қирқ битта шеърдан кўпчилиги 1986 йилда дунё юзини кўрди.

Қалтис саволлар туғдирган шеърлардан бир нечтасини келтираман. Бу шеър Совет давлатини чорак аср бошқариб, Чехословакия ва Афғонистон ишғолларига имзо қўйган Леонид Брежнев ўлимидан сўнг пайдо бўлган бўшлиқда ёзилган. 



Турибман. Унутдим кўксимдаги юк,
Тош эмас, бир ҳовуч юраклигини.
Унутдим ким энди жаҳонда буюк
Ва кимдан қўрқишим кераклигини. 


Кўзларим олдида туман тарқалди,
Турибман, кўрсатмас ҳеч ким йўл-йўриқ.
Ҳосилин тугатди, ҳувиллаб қолди
Бултур ёлғон учун очилган Қўриқ.


Барибир рағбат йўқ менда ўлишга
Талаффузи бузуқ, келгинди, сайёр,
Мен ҳар сўзим учун кулгу бўлишга,
Масхара бўлишга турибман тайёр. 

1983 ("Олис табассум сояси", 1986) 

Ҳар бир сўзи учун кулгу бўлишга, масхара бўлишга тайёр турган шеър қаҳрамони эмас, ўзим эдим.

Ёзиш услубим адабий танқид ва шуаронинг ғашини келтирарди, буни билардим ва хафа бўлмасдим. Социалистик реализм тушунчасига бўлган туғма нафрат мен учун бир совут эди. Отилган танъа тошлари ёки фасод кесаклари бу совутга тегиб уваланиб кетарди.

Яна мен ўзимни ҳақиқатдан ҳам келгинди, сайёр ҳис қилардим ва мавжуд адабиёт ҳам ҳеч қачон мени ўзидан ҳисобламаганди. Бу бегоналик фақат адабиётда эмас, ижтимоий ва маиший ҳаётда ҳам ҳукм сурарди. Ўттиз уч ёшда эдим, аммо бирор ерда қўним топиб ишлай олмагандим. Менинг ҳеч қачон "меҳнат дафтар"чам бўлмаган. Ҳеч бир иш жойи бу дафтарчани менга раво кўрмаган. Буни фақат менинг танбаллигим билан изоҳласам, ўзимга ҳақсизлик қилган бўлардим. Асл сабаб, мен бир ёт унсур эдим. Шу боис, ҳар сафар шеърим босилганда ёки китобим чиққанда жуда қувонардим. Чунки, уларни босишга нашриётнинг ҳам, газетанинг ҳам ҳеч қандай асоси бўлмагани ҳолда босардилар. Ва табиий-ки, "Шеърингизни тушунтириб беринг", деб талаб қилган танқидчининг саволи тагида шу таъна бор: "сен совет диёрида яшайсан, совет нонини ейсан, совет нашриётида, совет пулига, совет қоғозида шеър чоп қиласан ва бу ҳам етмагандай, ҳар сатрига 1 сўмдан гонорар оласану, яна совет ҳаётидан шикоят қиласан, дардинг нима ўзи?", деган аччиқ таъна. Эҳтимол мен яшаган бегоналик даврини бошқа ёзувчилар ҳам бошидан кечиргандир, фақат улар бу ҳақда гапирмайдилар, чунки, ёзувчилик улар учун бугун ҳам долзарбдир.

Бегоналик тушунчасини "бегонасираш" билан адаштириш ёки ёт унсур тушунчасини "ётсираш" билан тенглаштириш мумкин эмас. Бегоналик бегонасираш каби, юзада (зоҳирда) эмас, шуур остида (ботинда) яшайди. Агар сиз бу турмушдан бегонасираётган, ётсираётган бўлсангиз, зарари йўқ, кун келиб кўникасиз ва турмуш билан опоқ-чапоқ бўлиб кетасиз. Лекин сиз бу турмушга бегона ва ёт бўлсангиз, у билан опоқ-чапоқ бўлишингиз жуда қийин. Бегоналик сизнинг фитратингизда мавжуд. Бегоналикни дейлик, муҳаббат каби даволаниши мумкин бўлмаган хасталикка ўхшатиш мумкин. Ёки тарбияга, ташвиқотга тобе тутилмайдиган нима бўлса, бегоналикни унга ўхшатиш мумкин.

Фақат буни Ғарб эксизтенсиалистларининг Бегоналиги билан адаштирмаслигингизни сўрайман. Уларнинг "Бегона"си ғоялар саҳнасидаги қаҳрамонлардан бири, холос. Мен ғоя ўйини қилаётганим йўқ. Умуман, ўйин қилаётганим йўқ.

"Шеърингизни тушунтириб беринг", дея ҳайқирган мунаққид шеърлардаги бегоналик ҳиссини туйган ва уни ҳазм этолмай, жаҳли чиққан эди. "Бирорта бир шеър йўқ-ки, унда бир ёруғлик бўлсин", дейди у ёзғириб. Ҳақиқатдан ҳам, ундай бир шеър ҳеч қачон ёзолмадим, ҳатто ёруғ тугалланган шеърлар устида ҳам Бегонанинг кўланкаси тураверди.

Бегона ўзининг бошқалардан фарқли эканини, ҳатто аксарият ҳолларда бошқаларга диаметрал қарши тарафда турганлигини билса-да, буни ўзгартириш учун ҳеч нарса қилмас, бир нарса қилиш у ёқда турсин, аксинча, ўз фарқлилигини янада бўрттиришга интиларди: 

Сиздан фарқли ўлароқ, ҳар хил
Йўлларин биламан овунишнинг мен.
Сиздан фарқли ўлароқ, мени
Вояга етказар етишмовчилик. 


Уфқда милтиллаётган шамчироқ–нафрат
Кўпроқ ёритади йўлимни
Меҳр қуёшига кўра дўстларнинг. 


Агар ҳеч ким мени ерга урмаса,
Кўкка қандай сакрай олардим?


Оддий ўсимликман хуллас,
Қанча сув қуйсалар тагимга
Мен шунчалик гуллаб-яшнайман. 

1983 ("Олис табассум сояси", 1986)

Бир куни, етмишинчи йилларнинг кунларидан бирида, Тошкентнинг Навоий кўчасида, шундоқ нашриётларнинг тўғрисида турган эдим, бир шоир келиб кўришди ва қучоқлашди. Бу ичкин ҳаракатнинг сабабига тушунмай гарангсиган эдим шоир "мени табрикла, мен Комсомол мукофотини олдим!", деди юзлари порлаб. Мен жуда ноқулай аҳволга тушиб қолдим. "Табриклайман", дея ғудрандим, аммо бу ғудраниш шу қадар носамимий чиққан эди-ки, эшитган киши "бу Солиҳ жуда бахил тип экан", дейиши мумкин эди. Яхшиям-ки, мукофот қувончи шоирнинг кўзига парда тортганди, менинг юзимдаги саросимани кўрмади ва ноқулай вазиятдан қутулдим.

Мен ўз бегоналигим билан шу қадар ғурурланардим-ки, биров "мукофот берай сенга", деб қолса, бегоналик мавқеимга қаттиқ футур етган бўларди, демак мен бир ерда ўз мавқеимга хиёнат қилганман-ки, менга мукофот таклиф қила бошладилар, деб ўйлаган бўлардим.

Янглишмасам, етмиш олтинчи йил, бир гуруҳ, ёш шоир-ёзувчи (балки Хуршид Дўстмухаммаднинг уйида) "биз бу мамлакатнинг мукофотини ҳеч қачон олмаймиз", дея онт ичган эдик. Бу онтни бузмаганлардан жуда оз қолди, балки биттаси қолгандир. Лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, бегоналик туйғуси барча қобилиятли кишиларда бор туйғу, аммо баъзиларида кучли, баъзиларида эса, заиф яратилгандир.

Навоий кўчасида юзлари порлаб турган бахтиёр инсонга буни англатиш мумкин эмас эди, албатта. Буни "Адабиёт ва санъат" газетасида баҳс уюштирган дарғазаб мунаққид ҳам англамаган бўларди.

  

 

ТУШ



Турғунлик ҳавоси шу қадар нафасни қиса бошлаган эди-ки, бунга наин-ки, ҳимоясиз мардум, ҳатто хусусий табиблари бўлган давлат раҳбарлари ҳам дош беролмади, изма-из ўла бошладилар.

1982 йил охирида Брежнев, ундан кейин унинг тахтига ўтирган Андропов, ундан кейин унинг ўрнига келган Черненко зудлик билан вафот этишди. Гўё орқаларидан бири ҳайдаб келаётгандай, тез-тез ғойиб бўлишди. Минг тўққиз юз саксон тўртнинг март ойида Черненко ғойиб бўлишга тайёрланаётган эди. Мен ҳам у пайтда Дўрмонда эдим. Илҳом париси келавермаганидан зерикиб, ухлаб қолибман. Туш кўрдим. Тушимда Дўрмоннинг кунчиқарида уруш бошланганмиш. Осмон портлашларданми қирмизи тусга кирган эди. Учоқлар бомба ташлар, танклар ўрмалар, одамлар нотаниш тилларда бақириб қаергадир чопар эди. Мен эса, мен нима қилардим, денг - мен қувончдан йиғлардим, тилимдан "ниҳоят-а, ниҳоят!", деган калималар учарди. Юрагимнинг бир ваҳший илҳомдан портлагиси келарди, гўё мен кутган, биз ёзувчилар кутаётган илҳом париси ўрнига бир даҳшатли илҳом деви келган ва бу турғунлик ботқоғида чириб кетаётган жамиятни остин-устин қилаётганди. "Офарин!", деб бақирардим, ўзимча. "Офарин!" дердим, аммо бу олқишни кимга айтаётганимни билмасдим.

Завқ-шавқдан бўғилар эканман, муздай ақл ҳам бир чеккада соат каби "чиқ-чиқ" юриб турарди. У менинг туш кўраётганимни билар ва рашк қиларди. Менинг бундай ҳаяжонни ўнгимда эмас, тушимда яшаётганимга ҳасад қиларди. Моддий дунё ва унинг ҳаками инсон ақли ўзидан тепароқда жойлашган ботиний идрокка рашк қиларди. Ва менинг зудлик билан уйғонишимни истарди. Мен эса уйғонмоқ истамасдим. Мен бу гўзал манзарани томоша қилардим, томоша эмас, бу манзаранинг ичида, унинг ўртасида яшай бошлагандим. Турғунликда узоқ вақт турғун қолиб, шалвираган мушакларимга қувват сиза бошлаган эди. Узоқ вақт чопмаган юрагим чопа бошлаганди, узоқ вақт йиғламай саҳрога айланган кўзларимдан тинмай ёш оқарди!

Мен бу жунбушни, бу ҳаяжонни қандай тарк эта олардим! Яна уйғонишми? Яна ўша алмисоқдан қолган манзарани кўриш учун уйғонишим керакми? Яна ўша ўроқ-болғали байроқ, унинг соясида кетаётган бир сурув масхарабоз, улар орқасида қўлларида "Биз бахтлимиз" қабилидаги шиорларни кўтариб олган, аммо бошлари хам, бўйинлари букик, сассиз оломон. Фақат гоҳ-гоҳ карнайдан "Яшасин совет халқи!", дея бақиради Левитанникига ўхшаган бир фаросатсиз сас...

Шуни кўриш, шуни эшитиш учунми зудлик билан уйғонишим керак? Муздай ақл "Ҳа, уйғонишинг керак, бошқа чоранг ҳам йўқ, зотан", дерди.

Мен уйғонибоқ, дарров балконга чиқдим, беихтиёр кунчиқарга қарадим. Табиий-ки, у тарафда бир дала ва у ерда эса, моллар ўтлаб юрарди. Ёки ўтлар бўлмаса-да, менга шундай кўринди. Ҳар ҳолда, мен ўзимнинг ҳали ҳам совиб улгурмаган вужудим, ҳануз гурсиллаб ураётган юрагим билан ўзбек совет ёзувчилар уюшмасининг дам олиш уйи балконида ўзимни шу қадар бегона ҳис этдим-ки...

Пастга қарадим: эвоҳ, ҳамма нарса жойи жойида эди. Дам олиш уйи директори абадий армани Сергей, унинг ёрдамчиси ундан ҳам абадийроқ Вера Сергеевна ва улар ҳозирлаган емаклар, уларнинг ўтирадиган супалари, тепасида чор генерали эккан акатсиялар...

Мен билардим-ки, ундан нарироқда Совет Ўзбекистонининг пойтахти Тошкент, у ерда Дўрмондагидан ҳам кўримсизроқ ҳаёт... Мен билардим-ки, оёғимиздаги занжирни шалдиратиб Дўрмонга келиш, бу ердан яна шалдиратиб Тошкентга бориш билан ҳеч нарса ўзгармасди. Яна билардим-ки, ҳозиргина кўрганим бир туш, реал воқеликка ҳеч бир алоқаси бўлмаган рўё. Лекин мен бир нарсани билмасдим: бу ёзувчиларнинг дам олиш уйи балконида турарканман, роппа-роса бир йил кейин менинг тушимга кирган илҳом Деви келиб, ер куррасининг олтидан бирини эгаллаган кап-катта Совет империясини ларзага солишини, турғунликни чок-чокидан сўкиб, тарихнинг "қоронғу бурчагига" итқитишини, юз йиллик ғафлатдан зўрға уйғониб, кўз уқалаётган катта-кичик халқларни вақт чархипалагига солиб, шиддатли бир тезликда айлантира бошлашини билмасдим.

Илҳом Деви бу чархипалакни шундай қаттиқ айлантирган экан-ки, ўн уч йил ўтганига қарамай, менинг ҳалигача бошим айланади. Ҳалигача бу чархипалакдан бошқасига, бироз секин айланадиганига ўтолмаяпман. Шундай шиддатли айланган экан-ки, мен, ўз миллатига ҳуррият истаган қул, пешонамни ҳурриятга тақ этиб урганимни билмай қолдим. Чархипалак шунақа тез айланди. Озодлик шунақа онийдан келди.

Мен ёзувчилар дам олиш уйи балконида туриб, яна кўп нарсаларни билмасдим. Масалан, ушбу ёзувчилар уйига ортиқ ҳеч қачон қайтиб келмаслигимни, қаламимни узил-кесил синдиражагимни, шеър ёзиш уёқда турсин, ҳатто ўқишга вақт тополмаяжагимни билмасдим. Ҳолбуки, армани Сергей ўзини нақадар абадий армани деб билса, мен ҳам ўзимни шу қадар абадий шоир деб санардим. Шеърдан бошқа ҳеч бир маслак менга тўғри келмайди, деб ўйлардим. Ҳар қандай бошқа маслак мендай олийжаноб шахсга ҳақорат бўларди, деб ўйлардим.

Мен бу балконда туриб, шунақа гўзал ташбеҳлар тақинган шеърлар ёзиб, халқим ҳуррияти учун жиҳод қиламан, деб ўйлардим. Агар Оллоҳ истаса, ҳурриятни ҳеч бир жиҳодсиз "сенга шу керакми, ол, бўлмаса!", дея бериши мумкинлигини билмасдим.

Мен орзу қилардим. Рус босқинчиларига қарши тўгарак тузишни, у ерда фақат расида бўлмаган болаларни тарбиялашни хаёл қилардим. Мен ўзимни ва ўзимга тенгдошларни бу ишда қатнашиш учун кексайиб қолдик, дея ҳисоблардим. Бугун ёш бўлсак ҳам эртага, Қарор куни келганда, озодлик учун ҳаёт-мамот жанги бошланганда, биз мункиллаган, чол бўламиз, деб ўйлардим.



Қўлимда пиёла, чордона қуриб,
Кутаман, мудрайди ҳорғин кўзларим.
Ялқов қаҳр билан пашшани қўриб,
Кутаман, келмади ҳали дўстларим. 


Ҳали душманларим тўплангани йўқ,
Юришар узилган симларни улаб.
Ҳар ҳолда, улардан менинг кўнглим тўқ,
Пайт келса, бир-бирин топажак улар. 


Пайт келса, билмайман нега ярайман?
Қўлимда пиёла, чордона қуриб,
Бошимни эгганча кунга қарайман: 


Ҳали ўнгламади ўзини зўрлик,
Қанотин ёзмади ҳали ҳақорат,
Ҳали қиёмига етмади хўрлик. 

("Олис табассум сояси" китоби, 1986 йил)

Аслида, хўрлик аллақачон қиёмига етганди, хўрлик юз ўттиз йилдан бери давом этаётганди, ҳақорат ҳам қанотларини ёзиб бўлганди. Буни фақат ялқов ўзбекнинг тан олгиси келмасди. Баъзан унинг лойқаланган шууридан шундайтумтоқ манзаралар ҳам ўтарди: 

СИР

Оғзинг қулоғингда,
Нимани эшитди ўзи қулоғинг?
Кайфиятинг яхши,
Жунбушдасан қандай хабардан? 


Қачон? Қайси маҳал? Эрталаб?
Тонг пайтида? Қайси соатнинг?
Қайси лаҳзасида? Қайси радио?
Қайси халқнинг? Қанақа эркка?
Эришганин эълон қилажак? 


Оғзинг қулоғингда,
Кайфиятинг баланд -
Биз ҳам воқиф бўлайлик сирдан,
Тонггача ухламай юрайлик биз ҳам! 

1983 ("Олис табассум сояси", 1986)

Ҳар бир сўз орасида ўроқдай бўлиб сўроқ белгиси турмасайди, эҳтимол, бушеърни сензура ўтказмасди. Сўроқ белгиси диққатни чалғитади, шеърни чил-парчин қилади, сензорнинг эса бу парчаларни бирлаштириб ўқишга ҳеч вақти йўқ. Ўқиган тақдирда ҳам "бир лотинамерикан халқининг озодлик кураши ҳақида ёзгандир-да", деб қўйиши муҳтамал эди. Чунки фақат тараққиётдан ортда қолган лотинамерикан халқларигина ўз озодлиги учун курашиши, диктаторларни ағдариш учун инқилобий қўмиталар тузиб, "тонггача ухламай юриши" мумкин эди.

Озодликни хаёл қиларкан, унинг қўлга киритилишини классик андозада кўз олдимга келтирардим. Оврупо андозасида. Халқ ичида ташвиқот, қуролли гуруҳлар тузиш, партизан ҳаракати ва бу ҳаракатнинг умумхалқ ҳаракатига айланиши.



Бугун менинг уйқум бузилди бевақт,
Деворда лопиллар соялар - улкан.
Кўзим қамаштириб юборди ногоҳ
Олис минтақада ёнган бир гулхан. 


Чарсиллаб ёнади олов дамодам,
Зулматда чирилдоқ чириллар нолон,
Гулхан теграсида еттита одам -
Соқоллари ўсган етти қўзғолон. 


Улар суҳбат қурар жимгина... аммо
Уларнинг дунёга тушгандир иши!
Гулханни қучоқлаб олгандир гўё
Чордона қурган шу етти киши. 


Олов узра парвоз этар бемалол,
Қанотин куйдирмай учади шу тоб:
Менинг қўрқувимга ўхшаган савол,
Сенинг умидингга ўхшаган жавоб... 


Мана, тун ҳам дарров ярмидан оғди,
Суҳбат давом этар, гулхан ёшарар.
Ўйнар еттовининг юзида ёғду -
Ўт билан ўйнайди етти башара... 

1983 ("Олис табассум сояси" китобидан, 1986)

Аммо бу жуда узоқ жараён, ҳатто бизнинг авлоднинг умри буни бошлашга ҳам етмайди деб ўйлардим.

Беловежская Пуща ҳеч бир совет кишисининг, шу жумладан, менинг ҳам тушимга кирмаганди. Озодлик шу қадар дафъатан, шу қадар йилдирим каби келди-ки, мен бугун ҳам, Беловежская Пуща воқеасидан кейин 8 йил ўтган бўлса-да, воқеанинг миқёсини қамрай олмаяпман.

Мен бундан саросимага тушмаганлардан ҳайрат-ланаман. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай ишга кетаётган, ишдан келаётган худди ўша совет давридаги каби танбаллик ботқоғига ботган, аммо совет даврида сўколмаган раҳбарларини бугун баралла сўкаётган собиқ метрополия халқидан ҳайратланаман.

Мен Беловежская Пущада қабул қилинган Совет Иттифоқини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатдан кейин охирзамон бўлдими, деган кинояларга қўшилмайман. Совет Иттифоқи яхши эди, деганларни носамимий ёки нонкўр, деб ўйлайман. Совет Иттифоқини қайтадан тиклаш керак, деганларни жоҳил, тиклаш мумкин деганларни, эса, ёлғончи дейман.

Ҳа, 1991 йил декабр ойида Беловежская Пущада қабул қилинган тарихий ҳужжатдан сўнг Совет Империясининг "охир-замони" келди. Бу шундай бир улкан воқеа-ки, унинг аҳамиятини рус мустамлакачилиги келтирган қўрқув ва қулликдан нафратланган инсонлар ва бу қўрқув ва қулликнинг яратувчилари рус шовинистлари жуда яхши билишади.

Дарвоқе, минг тўққиз юз саксон тўртда, Дўрмонда менинг тушимга уруш кирганди, Беловежская Пуща эмас. Кўрилган туш қаттиқ таъсир қилган экан, балконга чиқиб ҳам ўзимга келолмадим. Бегоналик ҳисси янада кучайганди. Мен ўз тушимдан худди бегона бир мамлакатдан чиқиб келгандай чиқиб келгандим. Бу бошқа мамлакаат менинг асл ватаним эди гўё. Дўрмонда ҳар нарса бегона эди: армани Сергейдан тортиб, Вера Сергеевнагача, акатсия тагида турган П. Қодирнинг "Волга"сидан тортиб, ошхона ёнида ошпазлардан суяк кутиб ётган кўппаккача.

Мен уйғонишни истамагандим, аммо уйғонгандим. Мен бу тушни томоша қиларкан, мен тинчликсевар бир халқнинг "нима бўлса бўлсин, тинчлик бўлса бас, хўрлансак ҳам, зўрлансак ҳам, қул бўлсак ҳам, тул бўлсак ҳам, тинчлик бўлса, бизга етади", дея тинмай ғудурланаётган бир халқнинг руҳий тазйиқидан бир он бўлса-да, қутулгандим.

Ҳозиргина кўрилган тушни йўримлаш хаёлимга ҳам келмас эди. Бу туш менинг ўнггимда кўришни истаган бир Буюк Ўзгаришнинг ҳужжатли филми каби эди. Буюк Ўзгариш бошланишига бир йилдан кўпроқ вақт бор эди, аммо унинг ҳужжатли филмини баракатопгур малаклар аллақачон суратга тушириб улгурган эдилар. Ўзгариш мавзуига ҳассосият билан қарайдиган баъзи инсонларга бу филмни намойиш қилиб, у шаҳардан бу шаҳарга учиб юрарди киночи малаклар. Йўл-йўлакай Дўрмон деган қишлоққа ҳам учраб ўтишганди. Уларнинг кўрсатган филми таъсирида менда зуҳур этилган ҳаяжон ва жунбуш малакларни чўчитиб юборди шекилли, улар кейин бир неча йил давомида менга ҳеч нарса кўрсатишмади. Фақат 1993 йил... Дарвоқе, тўқсон учинчи йилга ҳануз етиб келмадик.

 

 

АМАЗОН ХОТИН



Мен ҳеч қачон саёҳатга чиқиб "саёҳат туркумлари" ёзмаганман. Долзарб воқеаларга ҳам вақтида "реакция" кўрсатолмаганман.

Бу мижоз масаласи. Мен масалан, бировдан ҳақорат эшитсам, унга қарши дарҳол жавоб беролмасдим. Бунга жавоб беришим учун бир оз қизишим керак эди, қаршимдаги дилозордан бир оз ғазабланишим керакди. Шеър тўқилар экан, у ҳам шу мижоз дастгоҳида тўқилар эди. Менинг битта ҳам "долзарб" шеърим йўқ. Бутун шеърлар воқеаларнинг кечиккан акс-садоларидир, содда қилиб айтганда уларнинг ҳаммаси эшитилган ҳақоратларга кечикиб берилган жавоблардир. Шунинг учун ҳам ҳурматли мунаққидлар каминанинг ёзганлари билан "реал воқелик" ўртасида боғлиқлик тополмай, "бу шеърлар мавҳум", дейишдан нарига ўтолмасдилар.

Акс-садо шу қадар кичикди-ки, бу садони чиқарган объект узоқларга кетиб қолган бўлар ва майдонда фақат акс-садонинг ўзи қоларди. Ва у объектга айланарди. Оргинал кўринган шеър ўша объектдир. Лекин бугун ўша саксониничи йилларда ёзилган шеърий машқларимни ўқиб, уларнинг нақадар долзарб бўлганлигини кўраман. Улар мақоладан ҳам, репортаждан ҳам долзарброқ бир матн бўлганлигини кўриб ҳайрон қоламан. Ҳа, уларга 14 йилдан кейин қаралса, ўша аввал боғланмаган воқеаларга ғоят мустаҳкам боғланганини кўриш мумкин.

1984 йилда ёзилган битта мисол: 



I. МУМКИН

Сўзингни айтмаёқ ейишинг мумкин,
Ҳали ҳам бор бўлса айтажак сўзинг.
Мўмин мусулмонман", дейишинг мумкин,
Ҳали ҳам мусулмон бўлмасанг ўзинг. 


"Оқ туя кўрдингми", деб сўрасалар,
"Кўрмадим" дейишинг мумкиндир кўриб.
Агар виждон қийнаб, топсанг ҳафсала
Уйингда йиғлашинг мумкин ўкириб. 


Тишни тишга босиб мумкин чидамоқ,
Агар қолган бўлса оғзингда тишлар.
Мумкиндир - суякка етганда пичоқ,
Бутун қолган бўлса суягинг агар. 


Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча,
Агар аллақачон ўлмаган бўлсанг. 


II. МУМКИН ЭМАС 

Сиз бетобсиз, бетобсиз ошна -
Мумкин эмас кўчага чиқиш.
Мумкин эмас дунёқарашни
Бузадиган китоблар ўқиш. 


Мумкин эмас номаълум томон,
Олис томонларни соғинмоқ.
Мумкин эмас, соғлиққа ёмон
Севмоқ, чўкка тушиб сиғинмоқ.

 

Мумкин эмас кийинмоқ қишда,


Мумкин эмас оч бўлсанг емоқ.
Мумкин эмас ҳатто оҳиста,
Қўрқа-писа "мумкинми?", демоқ. 

1984 ("Олис табассум сояси", 1986)

Бу шеърда битта ҳам ташбеҳ ёки муболаға йўқ. Бу шеър ўша 1984 даги сиёсий об-ҳавонинг (худди кундалик каби) шарҳидир.

1984 йил Ўзбекистон Компартиясининг мафкура котиби Раъно Абдуллаева "йўлбошчилик" юлдузи порлай бошлаган пайт эди. Абдуллаева, эҳтимол, совет даврида келиб-кетган коммунист раҳбарлар ичида энг ғайратлиси эди. У ўзининг очиқча ғайримиллий сиёсати билан миллатнинг уйғонишига хизмат қилди. У Москвадан келган топшириқларни пландан ошириб бажарарди. Дин, миллиятчилик, пантуркизм унинг асосий душманлари эди ва уларга қарши астойдил курашди.

Эсимда, рассом Исфандиёр ўз юрти Бахмалда бўлган воқеани айтиб, ёзғиргани: "Аҳмоқлар, қишлоқдаги масжиднинг қуббасидаги ҳилол ва юлдузни "ислоҳ" қилишибди. Қандай қилиб денг, юлдузни олиб ташлаб, ҳилолни қолдиришибди, кейин ҳилолга даста ўрнатишибди ва қарабсиз-ки, ҳилол ўроқ бўлибди. Энди унга болға излаётган эмишлар. Масжиднинг қуббасига ўроқ-болға қўйишмоқчи, тасаввур қиласизми?..."

Шахсан Абдуллаеванинг ўзи Наманганга келиб, аёлларнинг бошидан рўмолларини юлиб олиш акциясини ташкил қилганди. Абдуллаева кейинроқ мода бўлган "ислом фундаментализмига қарши кураш"нинг илк пионерларидан эди. Бугун бу "фундаментализм"га қарши курашни муваффақиятли давом эттираётган Каримовлар Абдуллаевага бирор бир ҳайкалча ёки ҳеч бўлмаса, ўзига ўрнатгандай, барелеф ўрнатса асакаси кетмасди.

Абдуллаева, шунингдек, миллиятчилик ва пан-туркизмга қарши ҳам "ўт" очган эди. Бу кураш машҳур испан рицарининг тегирмонларга қарши очган урушини эслатарди. Чунки Ўзбекистонда на дин, на миллиятчилик, ва на-да пантуркизм сиёсий ёки ижтимоий маънода таҳликали эди.

Шуниси диққатга сазовор-ки, Абдуллаева буйруғи билан йиқилган масжидлар одамларни дин ҳақида ўйлата бошлади. У таъқиқлаган тарихий китоблар инсонларда ўз тарихига бўлган қизиқишини кучайтирди.

Абдуллаеванинг яна бир "хизмати", у зиёли табақаси ичида ким қайси тарафда эканлигини аниқлаб берди. Абдуллаева даврида барча экстремал ҳолатларда кузатилганидек, ижодкор зиёлилар дарров учта гуруҳга бўлинди.

Ёшлар Абдуллаева сиёсатига очиқ қарши чиқдилар. Бу қаршилик аввал чойхона гурунглари ва мажлисларда, сал кейинроқ 1985 йил январида, "Политбюрога мактуб" шаклида кўринди.

Иккинчи гуруҳ - энг катта гуруҳ - тарафсизлар гуруҳи. Улар эҳтиёткорлик билан воқеалар ривожини кузатишни энг тўғри йўл, деб билишди.

Учинчи гуруҳ - ҳукумат тарафдорлари эди. Бу гуруҳга анчагина машҳур ёзувчи - шоирларимиз қўшилди. Бу гуруҳнинг энг кўзга кўринган шоири: "бу ёшларга нима керак ўзи, нима исташаяпти, Ленин бобомиз ўрнидан туриб таъзим қилсинми, ёки атом бомбасининг кнопкасини берайликми, астағфуруллоҳ!", деганди. Таниқли шоирнинг бу гапи Тошкентда кенг тарқалганди. Бизнинг тенгдошлар: "кнопкага босиб келмаймизми?" ёки "Ленин бобо ўрнидан туриб, бир таъзим қилсалар, яхши бўларди", дея ҳазил қилишарди.

Бу шоир Абдуллаевага сўнгигача садоқат билан хизмат қилди. Ҳатто Марказқўм котибининг Наврўз байрамига қарши юритган ташвиқоти доирасида Наврўз кунини "Хотира куни" деб шеърлар ҳам битди. Оллоҳ уни кечирсин.

Ўзбек адабиётчиларининг сон жиҳатидан кичик, аммо сиёсий ҳаётда таъсири кучли яна бир гуруҳи бор эди. Бу гуруҳни 20-30 йилларда Туркистонда болшевизмни ўтроқлаштирган фанатик коммунистларнинг маънавий меросхўрлари дейиш мумкин эди.

30 йилларда бу кишиларнинг маънавий оталари ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларини йўқ қилган эдилар. Улар Ёзувчилар Союзида мансаб курсисида ўтириб, "халқ душмани" дея тақдим қилинган барча "дело"ларга ҳеч иккиланмай қўл қўяверганлар. Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий каби миллий шоир ва мутафаккирларимиз ўша коммунистлар фатвоси билан жисмонан йўқ қилинди. Бу шоир ва мутафаккирларни маънавий жиҳатдан йўқ қилиш эса, ўша коммунистларнинг зурёдлари томонидан амалга оширилаётган эди. Бу зурёдлар академик, фан доктори унвонларини ўша "йўқ қилиш" фаолияти учун олган эдилар. Улар совет идеологиясининг Ўзбекистондаги маҳаллий қоровуллари эди. Улар Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Беҳбудийларни миллиятчиликда айблар экан, бу билан уларнинг бугунги издошларига таҳдид қилишарди.

Марказқўм котиби Р. Абдуллаева бу "мафкура қоровуллари" учун кўпдан бери орзу қилинган шахс эди. "Қоровул"лар ҳам Котиб учун қийматли кадрлар эди. Бу кадрлар дарров мафкура жабҳасининг энг муҳим нуқталарига жойлашиб олди. Бунинг кўрсаткичи ўлароқ маданий ҳаётимиз осмонида булутлар қорайиб, чақмоқлар чақа бошлади.

Тозалаш, ҳар доимгидек, адабиётдан бошланди. Кейинги ўн йил ичида ёзилган тарихий роман, достон, шеър ва ҳакозо ҳаммаси қайтадан кўрила бошлади. Ҳатто Пиримқул Қодир каби барча ҳукуматлар билан апоқ-чапоқ яшаган коммунист ёзувчининг тарихий асари ҳам, шубҳа остига олинди. Етмишинчи йилларда бир оз танбаллашган цензура Абдуллаеванинг баланд пошнали туфлисининг ўткир ўкчаси туртилганидан кейин анча жонланиб қолди. Миллий кўринган асарлар қаторида диний туюлган матнлар ҳам таъқиқланди. Фақат китоблар эмас, ҳатто сўзлар ҳам таъқиқлана бошлади. Масалан "Оллоҳ", "Пайғамбар", "фаришта" сўзлари таъқиқланган сўзлар эди. Бу сўзлар агар Шекспир асарларида учраса, уни ҳам таҳрир қилдилар.

Маиший ҳаётда ҳам қатағон бошланди. Инсонлар жаноза намозига ҳам боролмайдиган бўлишди. Нима эмиш, хурофот эмиш. Айниқса, киши бирор давлат идорасида ишлайдиган бўлса, у ўз онасининг жанозасига ҳам боришдан қўрқарди. Борса, дарров ишдан ҳайдаларди.

Бу воқеалар, юқорида айтганимдек, ижодкор синфни бир нечта гуруҳга бўлди ва бу гуруҳлар ўзларининг актив ёки пассив ҳаракатлари билан жумҳуриятдаги ижтимоий набзнинг юксалиши ёки пасайишини кўрсатиб турди. Бу набз, менинг назаримда, 1984 йил охири ва 1985 йил бошларига келиб ўзининг энг юксак нуқтасига чиқди..

Албатта, ташқаридан қараганда, 1985 йил Ўзбекистонда диққатга сазовор ҳеч қандай воқеа рўй бергани йўқ. Ташқаридан қараганда, жимгина пахтасини тераётган қўймижоз халқ ва унинг тепасида қамчи ўйнатёатган амазон хотин кўринарди. (Ҳа, амазон хотин кўринарди, чунки жумҳуриятнинг расман Биринчи Одами жуда ҳам каризмасиз - ҳайбатсиз одам эди). Лекин пахта термаётган бир қанча инсон бор эди. Уларнинг кўпчилиги пойтахтда юритилаётган сиёсатни муҳокама қилишарди. Умуман, бутун совет жумҳуриятларида қандайдир ўзгариш ҳавоси пайдо бўлганди. Бу ҳаво сал кейинроқ Горбачевни иқтидорга олиб келди. Яъни, Совет Иттифоқига ўзгаришни Горбачев келтирмади, аксинча, ботинда рўй берган ўзгариш Горбачевни ҳокимиятга келтирди.

Ҳар қандай ўзгариш ҳидини ҳаммадан олдинроқ сезадиган КГБ ҳам анча жонланиб қолди. Ёшлар ичидаги ҳукмрон кайфиятни тасбит этиш учун очиқроқ ҳаракат қила бошлади.

1984 йил май ойида мени илк бор КГБга чақиришди. Қорақамишда шоир Омон Матжон ижарага берган икки хонали уйимда оилам билан яшардим. Соат 10-ларда телефон жиринглади. Олдим. "Я майор госбезопасности Клищенко, мы хотели бы с вами побеседоватъ", деди овоз. "Қайси масала бўйича?", дедим. майор бир оз чайналди, "шунчаки, суҳбат", дея яна такрорлади. Мен "майли" дедим ва майорга "қаерга борай" десам, у Дзержинский майдонидаги "маршрутка" бекатига келинг, мен сизни топиб оламан, деди. Мен келдим, ҳақиқатан "топиб олди". КГБ биноси томон юра бошладик. Йўлда кетаркан йўлнинг қарши тарафидан кетаётган битта рус майорнинг дўсти, шекилли, "ҳў, фалончи, яхшимисан?" дея унга бақирди. Майор унга қайрилиб ҳам қарамади. Чекистлар ўз вазифасини ўтаётган пайтда таниш-билишликни "танимаслиги"ни кўрдим. Майор билан КГБ биносининг бир хонасида бир соатча "мулоқот" қилдик. Ўша пайтлари Тошкентда стажёрлик қилаётган ва шоир Ҳусайн Хоразмий ижодидан диссертация ёзаётган америкалик ёш олим Девин Дэвис билан танишган эдим. КГБни бу америкаликнинг "дунёқараши" ва албатта, менинг унга "қарашим" қизиқтираётган экан. Менинг айтганларим майорга унча маъқул бўлмади. Шунга қарамай, суҳбат ниҳоясида майор менга "тез-тез суҳбатлашиб турсак яхши бўларди", деди. Мен бу илтифотни рад қилдим. "Бу ерга нафақат сиз, балки ёши улуғ машҳур шоирларингиз ҳам келиб туради", деди майор. "Мана, сиз ёшлар Лазиз Қаюмовни ёмон кўрасизлар, у миллатчиликка қарши ўз фикрини айтаяпти, тузумни ҳимоя қилаяпти, бунинг нимаси ёмон?", деди. Мен Лазиз Қаюмовга ҳеч қандай хусуматим йўқлигини билдирдим. Лекин унинг миллатчи деган шоирлари бизнинг энг яхши шоирларимиз эканлигини айтдим. Буни эшитиб майор жонланди ва "марҳамат қилиб, шу айтганларингизни ёзиб берсангиз", деди. Мен буни рад қилдим.

Хайрлашар экан, майор "илтимос, бизнинг кўришганимизни ҳеч кимга айтманг," деди. Мен эса "КГБга кетаяпман деб, хотинимга аллақачон айтдим", дедим. Майор буни эшитиб жуда мулзам бўлди.

Эртаси куниёқ КГБ билан бўлган "мулоқот"имни бутун дўст ва дўст эмасларга айтдим. КГБга такрор чақирилмасликнинг бошқа йўли йўқ эди. Қўллаган усулим тўғри бўлди шекилли, мени қайтиб "учрашув"га чақирмадилар.

КГБ бизга қарши курашни бошлаб юборганди. У ёзувчилар ичига ўз айғоқчиларини жойлаштира бошлади. Бу айғоқчилар шоира қизларимизга "ошиқ" бўлиб, улар ёрдамида бизнинг даврамизга кириб олишга ҳаракат қилар ёки қариндош, таниш-билишлар воситасида бизга яқинлашардилар. Бу айғоқчилардан бири бир куни шундай фитна қилди-ки, бутун ёзувчилар бир-биридан шубҳалана бошлади. Айғоқчи бир шоира қизчанинг бошини айлантириб, унга уйланиб ҳам олганди. Бу қизча анча пайтгача ўзи билмаган ҳолда КГБга хизмат қилди. Кейин сир фош бўлганида, у айғоқчи шоирани ташлаб қочди. Лекин фош бўлмаган айғоқчилар бизнинг шоираларимизга "ошиқ" бўлиш ва "уйланиш"га давом этдилар, ёзувчиларга яқин одамларни авраб, уларнинг энг маҳрам жойлари - оилаларигача "дўст" ўлароқ кириб бордилар. Уларнинг зиёлилар ичига нақадар чуқур киргани халқ ҳаракатлари жонланиб, зиёлилар тўғридан тўғри сиёсатга кирганларидан кейин маълум бўлди. Улар кейинги 10 йил ичида сиёсий мухолифатни чўктиришда катта рол ўйнади. Улар бугун, бу сатрлар ёзилаётган 1998 йилда, диндорларнинг фаолиятини тўхтатиш учун "жавлон" урмоқдалар.

1984 йил охирида менинг ҳаётимда яна бир муҳим воқеа рўй берди. Ёзувчилар Уюшмаси менга бир эмас, икки эмас, роппа-роса уч хонали квартира берди. Менга, ўз ватанида 14 йил ижарада яшаган бир ўзбекка уйга эга бўлиш бир буюк омад эди. Уй ёзувчиларнинг "Литературный фонд" деган вақфи тарафидан қурилганди. Бу ёзувчиларнинг гонорарларидан ушлаб қолинган фоизлар эвазига, яъни, уларнинг манглай тери тўкиб қилган меҳнати эвазига қурилган эди. Биз бу ҳалол уйда оила билан саккиз йил яшадик ва ниҳоят 1993 йилда уни биздан қайтариб олишди, мусодара қилишди. Ҳозир эшитишимча, у ерда КГБ ходими яшаётган экан.

1984 йилга келиб мен ўзим ҳам сезмаган ҳолда жуда "тушунарли" шеърлар ёза бошладим. Аввалгидай ташбеҳга ўчлик йўқ эди. Аввалгидай сўз билан расм чизишга, манзара яратишга мойиллик ғойиб бўлганди. Сийнада бир оғриқ уйғонганди, ҳаво бузилишини олдиндан сезадиган ревматизм мубталоси каби, юрак нималарнидир сеза бошлаганди. Шу кунгача фақат шеърий образ сифатида яшаб келган "Ватан" ва "ҳуррият" тушунчалари бирдан моддийлаша бошлаганди. Мен бир максималист сифатида узоқ давом этадиган тактик курашни ҳеч қачон қабул қилмагандим. Номига "жумҳурият" бўлиш, номига "суверен" бўлиш фақат халқнинг норозилигини босиб туриш учун хизмат қилади, яхшиси мустамлакачи ўзини "мустамлакачи" деб айтсин, қул эса, ўзининг қуллигини билсин, деган фикрда эдим. Бу билги бизнинг ҳурриятга тезроқ эришишимизни таъминлайди, деб ўйлардим. Бунинг ифодаси ўлароқ, тахминан шундай шеърлар ёзиларди:

Гул ҳақда куйлашни сизга чиқарган,
Баҳор истеъдоди сизда намоён.
Сизга ярашади боқиб юқорига,
Десангиз, "Меники эрур шу осмон!" 


Ярашар "меники" десангиз ерни,
Чунки, алдамайсиз шундай деганда.
Шу ер меники, деб ёзаркан шеърни,
Шубҳага бормайсиз ҳеч қачон мендай.


"Бу ватан меники", десангиз бирор
Одам туриб демас сизга: "бу ёлғон!",
Чунки, ҳақиқатни айтасиз такрор,
Айтиб, мен сингари йиғламайсиз қон. 

1984 ("Олис табассум сояси", 1986.)

Бу шеър 1986 йил ("Олис табассум сояси", Ғ. Ғулом нашриёти") "Сохта шоирга" номи билан чоп этилди. Бу номнинг шеърга нима алоқаси бор, деб ҳеч ким сўрамади. Бу ном бўлмасайди, шеър цензурадан ўтмасди. Балки, шунинг учун ҳеч ким сўрамади унинг моҳиятини.

Саксон тўртинчи йил, боя изоҳ этганимдек, сиёсий ва маданий тазйиқнинг кучайиши билан бошланди. Бунга параллел равишда одамлардаги норозилик, исён туйғулари ҳам кучая борди. Эҳтимол, бу хусусият фақат 80 йилларга хосдир.

Ҳамма замонларда ҳам ижтимоий норозилик давлат ўтказаётган тазйиқ ва зўравонликка пропорционал юксалади, дейиш қийин. Айниқса, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейинги беш йил тажрибаси тазйиқ ва зўравонликнинг доимо исёнга сабаб бўлиши муқаррар эмаслигини кўрсатди. Менимча, бу чархи фалакнинг айланишида ҳар ўн йил (ёки ўн икки йил)нинг ўхшашлик томонларидан ташқари мутлақо ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Жамиятлар бу ўн ёки ўн икки йиллик циклда бир-бирига ўхшаш воқеаларга бир-бирига ўхшамаган реаксия кўрсатишлари мумкин.

Саксон тўртинчи йилда бизнинг жамиятимизда бир соғлом руҳ мавжуд эди. Бу руҳ бизга 6-7 йил йўлдошлик қилди. Кейин мустақилликдан бир оз димоғимиз кўтарилганини сезди ва бизни золимнинг зулмига тарк этди. Иншоллоҳ, димоғни бир оз пастроқ қилсак, яна ишимиз юришар.

 

 

 


1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница