Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница2/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19

ИДЕАЛИСТЛАР

Омон Азизнинг ертўласида жуда кўп шароб ичиларди. У ерга келган, албатта, бир шиша кўтариб келарди, бу бир ёзилмаган қоида эди. Шароб интеллектуал суҳбатнинг хамиртируши эди.

Суҳбат, асосан, адабиёт ва санъат ҳақида, яъни, бизнинг ҳаётимиз атрофида қуриларди. Бу ерда ҳар ким ўзини ҳоҳлаган буюкликда кўриши, ҳоҳлаган юксакликда тасаввур қилиши мумкин эди. Масалан, рассом Исфандиёр жунбушга келиб, "мен доҳий бўлиб туғилган бўлсам, нима қилай, менинг айбим нима?" деб атрофга қараганда, ҳеч ким унга эътироз қилолмасди.  



ОРЗУ

Айвон оддий бўлса - бўлмаса, тўри,
Ундан ҳам оддийроқ бўлса дўстларинг.
Оёқ уйқаштирган кимнидир кўриб,
Киноя қилмаса, зийрак кўзларинг. 


Тепангда чайқалиб турса бир фонус,
Ҳоҳламаган қўйиб, ҳоҳлаган ичса.
Суҳбатлар туғилса ўзидан-ўзи,
Улар ўсимликка ўхшаб ўсишса. 


На енгилтак бўлсак, на-да такаббур,
Бир текис жимирлаб турсайди этлар.
Осмонга тикилиб, одамлар каби
Ёзиб ўтирсайдик ойдин сонетлар... 

1977 ("Оқ кўйлаклар", 1980)

Исфандиёр ҳақиқатдан ҳам ажойиб рассом эди. Хусусан, табиат тасвирлари, хусусан, унинг дарахтлари, ҳар бири бир одам каби ўз характерига эга бўларди.

Рауф Парфи 70-йиллар ўзбек шеъриятининг байроқ-дорларидан эди. Аммо у Исфандиёрдай ўз буюклигини фош қилиш даражасида соддадил эмасди. Ўша йиллари Нозим Ҳикматнинг "Инсон манзаралари" деган асрини ўзбекчага таржима қилаётганди. Туркия образини бизнинг даврамизга Рауф Парфи олиб кирди. У қрим-татарларнинг ҳам миллий ҳаракатидан хабардор эди. Ҳаракат ичида дўстлари бор эди. Мен пантуркист Исмоил Гаспирали ҳақидаги илк маълумотларни ҳам ўша йилларда эшитгандим. Кейинроқ мансуб бўлганим авлод учун идеалга айланиши керак бўлган турк қавмларининг бирлиги ғояси ўша ертўлада романтизм тумани аро элас-элас кўрина бошлаганди.

Етмиш иккинчи йил эди, янглишмасам. Тошкент Университетининг фалсафа факултетини тугатган хоразмлик Тоҳир Карим бир янгилик топиб келди. "Озодлик" ёки "Америка овози" радиосидан хабар эшиттирилибди. Унда айтилишича, туркиялик бир сиёсий лидер Хитойга бориб, у ердаги уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини талаб қилибди. Оти Алпарслон Туркаш, ўзи полковник экан.

Полковник Алпарслон Туркаш.

Бу ҳарбий унвон ва антик исм, ҳали туркчилик ва Туркия ҳақида ибтидоий тасаввурга эга бўлган зеҳниятимизда ғалати акс-садо берганди.

Фитрат ва Чўлпон асрларидаги ғоялари биздан гизли эди. Уларнинг тирик қолган замондошларида эса, бундай бир ғоя йўқ эди, балки, шунинг учун ҳам тирик қолгандилар. Лекин шунга қарамай, совет мафкурачилари ҳар ўн йил, ўн беш йилда гуманитар жабҳада пантуркизм вирусига қарши "дезинфексия" ўтказиб туришарди.

Етмиш биринчи йили "Қизил Ўзбекистон" газетаси "Гулшандаги шумғия" деган бир фелетон босди. Унда шоир Чўлпон Эргаш "фош" қилинганди. Унинг маиший бузуқлиги, хотинидан ажралгани, иккита паспорти борлиги ҳақида хабар берарди фелетон. Лекин мақоланинг муаллифи номаълум эди, лақаб билан чиққанди. Бу лақаб ортида КГБ турганини ҳамма биларди.

Чўлпон Эргаш шоир сифатида ҳеч қачон очиқ миллиятчилик ҳам, туркчилик ҳам қилмаган. Аммо шеърларидаги баъзи мажҳул имо-ишоралар ҳушёр сензуранинг манглайини тириштиргани шубҳасиздир. Чўлпон Эргашнинг миллиятчилик таърифи ўзига хос эди. "Миллиятчилик ҳам тракторчилик каби бир иш-да, бунинг нимасидан қўрқишади, билмайман", дерди у муғомбирона илжайиб. Бу илжайиш бизнинг миллий руҳдаги шоирларимиз ёзиш услубининг рамзи эди. Уларнинг чиқишларидаги киноя, истеҳзо, қочирим ва барча нимқоронғи жумлалар Чўлпон Эргаш илжайишининг ўзгинаси эди.

Чўлпон Эргаш фелетондан кейин яна ҳам муғомбирроқ илжаядиган бўлди. Шеърларидаги имо-ишора шу қадар чигаллашди-ки, буни миллиятчи шоирми ёки коммунист ёзаяптими, билиб бўлмасди. Мен Чўлпон Эргаш ва Рауф Парфидан ёшроқ бўлганим учун максималист эдим, шеърда фикрни бу қадар яширишга ҳожат йўқ, деб ўйлардим. Лекин уларнинг ўз фалсафаси бор эди, шеърни қанақа ёзишни мендан яхшироқ билишарди.

Масалан, Чўлпон Эргаш "ўз ватанида бегона" халқини шундай тасвирларди:



Хайр энди, ўғлоним, хайр, яхши бор,
Сен бор-ки, жон сақлар муштумдек жоним,
Ҳамиша мени деб топганинг озор,
Ўз уйингга ўзинг сиғмайсан доим. 

Ёки мустамлакадан озод бўлиш хаёлларининг тасвири:



Узоқ-узоқларда гумбур-гумбурлаб,
Пар-пар ёришмоқда кўклар дам-бадам,
Отлар кишнамоқда, дупур-дупурлаб...

Унинг китобларининг номи ҳам жуда беозор, яна ўша илжайишга ўхшарди: "Умид чироғи", "Баҳор орзулари" ва ҳакозо.

Миллиятчилик бобида Чўлпон Эргашнинг бутунлай тескариси бўлган бир ёзувчи бор эди - Мамадали Маҳмудов, ўз ҳисларини мутлақо яшириб билмасди. "Боғдон қашқири" деган бир қисса ёзганди, ундаги бош қаҳрамон Самарқанд бўзқирларида от чоптирган бир босмачи эди. Қиссанинг номидан бошқа ҳар ерида босмачининг ҳатти-ҳаракатлари завқ билан тасвирланарди. Айтиш мумкин-ки, жуда содда, ҳатто жўн тасвирланарди. Бу китоб 70 йиллар охирида чоп қилинди ҳам.

Мамадали ўзи софдил, яхши инсон. Биз, Ғарб таъсирида бузилган кишилар, унинг ниқобсиз миллиятчилигини танқид қиларкан, жуда жаҳли чиқарди, лекин кек сақламасди.

Етмиш тўрт ёки етмиш бешинчи йилда Мамадали ёш ёзувчи сифатида Туркиядан келган ёзувчилар делегатсияси билан кўришганди. У "Тошкент" меҳмонхонасининг балконида турк ҳажвчиси Азиз Несинга имо-ишора билан Ўзбекистонда миллий туйғуларнинг оёқости қилинганини англатибди. "Лекин Азиз Несин, баччағар, ҳеч реаксия кўрсатмади, балки, КГБдан қўрққандир", деганди Мамадали.

Аслида, Азиз Несин КГБдан эмас, Мамадалидан қўрққанди. Несин сотсиалист эди, Туркиядаги миллиятчилар мафкуравий рақиблари эди. Совет тузуми Азиз Несин каби романтик-сотсиалистлар учун энг одил тузум бўлиб кўринарди. Совет КГБси ёзувчилар Союзи воситасида Несин каби истеъдодли ёзувчиларни Советлар тарафига тортиш учун уларга турли мукофотлар бериб, саруполар кийдириб турарди.

Лекин ўзбек миллиятчилари учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Улар Туркиядаги соғ-сўл ғовғасидан хабарсиз эдилар. Туркиядан ким келса, ҳаммаси туркчи бўлиб кўринарди уларга. Чунки, туркнинг туркчи бўлишини табиий ҳол, деб ҳисоблашарди. Нозим Ҳикмат ва Азиз Несинлар ўзбек миллиятчиларининг севимли шоир-ёзувчилари эдилар. Чунки, улар туркча ёзардилар.

Ўзбек миллиятчилари Нажиб Фозил ёки Ниҳол Отсиз асарларини умуман ўқимагандилар, чунки, уларнинг китоблари русчага ҳам, ўзбекчага ҳам таржима қилинмаганди. Бунга Москва рухсат бермаганди.

Туркия биз учун бир муқаддаслик касб этар эди. Туркия - турк қавмлари иншо этган ягона мустақил давлат эди. Туркияда давлат тили турк тили эди. Ҳамма туркча гаплашар, туркча ёзар ва туркча мушоҳада этар эди. Туркиянинг табиий бойликларини ҳеч ким ташиб кетмаётганди, Туркия мустамлакачилар учун хом-ашё манбаи эмасди, ўзи ишлаб чиқарувчи, истеъмол қилувчи ва ташқарига ихрож қилиш кучига соҳиб бир ўлка эди. Биз, ёшлар Ўзбекистонни тушимизда қандай кўраётган бўлсак, Туркия ўшандай бир мамлакат эди. Туркия бизнинг истиқлол ҳақидаги орзуларимизнинг реал модели эди. Шу боис биз Туркияга оид нима бўлса, ҳеч бир тафтишсиз, танқидсиз автоматик равишда мусбат қабул қилаверардик.

Мустамлака остидаги халқлар ўз панжаларини сўриб яшайдиган айиқлар каби, ўзи яратган идеаллар билан озиқланиб, юз йиллар давомида этник ва маданий қиёфасини йўқотмасдан яшай олганлар.

Биз мустамлака ўлканинг фарзандлари эдик. Халқимиз бу қулликдан эртами-кечми қутулиши керак эди. Ҳар ҳолда, биз шундай орзу қилар эдик. Биз пахта майдонларида бошини эгатдан кўтаришга вақт тополмаган ўша хокисор, содда ва олийжаноб халқнинг масъуллари эдик. Ҳукумат, ўзбек Компартияси, қўғирчоқ раҳбарлар бизнинг шеърларимизни, улардаги миллиятчи руҳни бир чақага олмасди, бизнинг устимиздан очиқчасига кулишарди, аммо биз шу халқ учун жавоб берадиган биздан бошқа ҳеч ким йўқ, деб ўйлар эдик.

70-йиллар бошида шоир Рауф Парфи туркчадан таржима қилган "Инсон манзаралари" ўзбек туркчиларининг изтиробларини ифодалар эди. Гарчанд, бу асарнинг муаллифи Нозим Ҳикмат ўз асарида Рауф Парфи ва унинг ғоядошларига диаметрал қарши ғояни олға сурган бўлса ҳам, бу асар туркчада ёзилганининг ўзи етарли эди. Туркчада ёзилган нарса туркларга қарши бўлолмасди гўё. Тил фетишизми шу қадар кучли эди. Тил - ватан эди, тил - мустақиллик эди, тил - миллат эди.

Мен 1993 йилда Анқарада раҳматли Алпарслон Туркаш билан биринчи марта учрашдим. У менга 1992 йил Туркия Бош вазири Сулаймон Демирел ҳайъатида Тошкентга боргани ва мени кўролмаганини айтди. "Сиз билан кўришмак истагандим, кўриштирмадилар, Муҳаммад Солиҳ чет элга кетган, дейишди. Кейин ўргансак, сиз уйингизда экансиз, мени алдашибди", деди.

20-аср туркчилигининг йўлбошчиси саналган бу собиқ полковник, Туркиядаги Миллиятчи Ҳаракат Партияси раиси етмиш ёшдан ошган эди. Унинг сиймосида узун муддатли қамоқ ва сургун йиллари ғаройиб нақш солган эди. Бўғиқ овозида бир қадимийлик бор эди. Уни антик олтой турклари анъаналарига кўра, Бошбуғи дея эъзозлашар эди.

Мен ундан 1972 йили Хитойга бориб, уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилдингизми, деб сўрадим. Бошбуғи "йўқ, Хитойга ҳеч қачон бормаганман", деди.

Унга талабалик йилларимдан ўша хотирани ҳикоя қилдим. Жуда таъсирланди. Демак, қирқинчи йиллардан бошлаб туркчилик идеаллари учун чекканим изтироблар бекорга кетмабди, деб ўйлаган бўлса, ажаб эмас. Гап шунда-ки, Ўрта Осиё турклари мустамлаканинг энг турғун даври ҳисобланган 70 - йилларда ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган қаҳрамонларни кутишда давом этган. Улар пайдо бўлавермаганидан кейин, уларни хаёлида ярата бошлаган. Алпарслон Туркаш Ўрта Осиё турклари масаласини Туркияда илк бор кун тартибига қўйган сиёсий лидер эди. Бунинг учун "миллий шеф" Исмат Инўну ҳукумати тарафидан қаттиқ қийноқларга учраганди. Ўрта Осиё турклари бу воқеаларни иккинчи, учинчи манбадан, элас-элас эшитганди, аммо шунинг ўзи етарли эди. Ҳуррият истаган турк қавмларининг узоқдаги полковник ҳақида афсоналар тўқиши учун етарли эди.

 

 

ЎЗБЕКЧИЛИК



Ўзбекчилик совет идораси тарафидан энг кўп қўллаб-қувватланган мафкура эди. Худди қозоқчилик, туркманчилик, тожикчилик ва ҳакозо каби. Бу Ўрта Осиё қавмларининг бирлигига, Ўрта Осиё пантуркизмига ва умматчиликка қарши халқнинг ўзидан чиқарилган бир "соп" эди.

Аммо на пантуркизм, на-да умматчилик советлар қўрқадиган даражада кучли эди. Ҳар иккаласининг илдизини болшевиклар 10-20 йиллардаёқ шафқатсиз болталаб ташлагандилар. Бу мафкураларни тамсил этган юзларча зиёли ва уламо қатл этилганди. Кутубхоналар мусодара қилиниб, китоблар ёқилганди. Оқибатда, туркчилик ва умматчилик ғоя сифатида кенг қамровли бўлса-да, реал ҳаётда жуда тор доирада қолиб кетганди.

Советларнинг ижоди бўлмиш ўзбекчилик 70 йилларда ўз равнақининг энг юксак чўққисига эришганди. Ўзбекчилик руҳи илмнинг гуманитар жабҳаларида, санъатда, айниқса, адабиётда жуда кучли эди.

Ўзбекчилик совет стратеглари тарафидан тожикчиликка, тожикчилик эса, ўзбекчиликка қайраб туриларди. Бобожон Ғофуровнинг "Тожиклар" деб аталган "тарихий асари" ўзбекчиликни ривожлантиришда катта рол ўйнади. Бизнинг ўзбек олимларимизнинг миллий руҳдаги монографиялари ҳам тожикчиликни қувватлантириб турди.

Шоир Эркин Воҳидовнинг "Ўзбегим" деган шеъри 1970 йилда ёзилган бўлса ҳам, 80-йиллар бошигача долзарб шеърлардан бўлиб қолди. Бу бир оз жўн шаклда, ҳамма тушунадиган ўзбекчиликни тарғиб қилган долзарб асар эди. "Бошда дўппим, ғоз юраман гердайиб", дер экан, шоир ундан кейин нима қилишини айтмасди. Чунки, ундан кейини муҳим эмасди. Бошга дўппи кийишнинг ўзи бир исён эди. Гердайишнинг ўзи бир инқилоб эди. Фақат тожиклар ҳам дўппи кийишарди. Улар кийган дўппи Воҳидов кийган дўппидан ҳеч фарқ қилмасди. Лекин тожиклар ўзбеклардан "фарқ қилиш"га мажбур эдилар. Бу мажбурият "тожик" этнонимининг "тож" сўзидан келиб чиққанлиги ҳақидаги афсонани яратди. Яъни, сизнинг фахрингиз чит дўппи бўлса, бизники тождир, дейишди биродарларимиз.

Аслида, дўппи ҳам, тож ҳам оригинал образ эмасди. Советлар гуржи гуржилар "черкеска"сини, туркманлар чўгирмасини, украинлар ёқаси ҳошияли кўйлагини кийиб, худди Эркин Воҳидов каби ёки ундан ҳам ғозроқ, ундан ҳам гердайиброқ юравердилар. Ва ҳаммаси буни миллий ғурур деб билишарди. Ғурурсиз ҳеч ким йўқ эди. Ҳатто Узоқ Шарқ музликларида истиқомат қиладиган қабилалар ҳам ўз пўстинлари билан ғурурланиш учун бир йилда бир марта Москвага келиб-кетишарди. Москва совет халқининг миллий ранг-барангликни сақлаган ҳолда ҳамжиҳат яшаётганини дунёга шу услубда намойиш қиларди. Яъни, халқларнинг миллиятчилиги руслар изн берган доира ичидагина ҳаракат қиларди. Лекин Совет империясининг қулашида бу "чекланган миллиятчилик" асосий роллардан бирини ўйнади.

 

 

"ЁШЛИК"НИНГ ИНТИҲОСИ



70-йиллар ўрталарида янги дўстлар орттирдим. Бу ҳар хил характердаги одамларни бирлаштирган нарса нималигини белгилаш қийин. Ҳар ҳолда, улардан ҳеч бири расмий адабиёт ёки санъат вакили эмасдилар. Ҳеч маддоҳ эмас, нон учун санъатни восита қилмаган одамлар эди. Энг муҳими, улар совет тузумида бир шахс нақадар эркин яшаши мумкин бўлса, у қадар эркин яшай билардилар. У пайтда "Гулистон" журнали чиқарди ва бизнинг "эркин" қарашларимиз кўпинча ўша журналда босиларди. Унинг муҳаррири Асқад Мухтор либерал тушунчали одам бўлгани учун бизнинг "изланиш"ларимизни кўриб, кўрмаганга оларди. Лекин керак бўлса, "тепа"нинг ҳам кўнглини олишни унутмасди. Асқад ака туғма шоиргина эмас, туғма муҳаррир ҳам эди. Битта сўз билан бутун бир матнни чаппа қилиб ташларди. Менинг бир шеъримда қаҳрамон намойишда ўз севгилисини кўриб қолгани тасвирланарди:

"Башара, қиёфа, юзлар ичидан
Сенинг чеҳранг сузиб чиқади". 

Асқад ака буни:



"Сенинг чеҳранг сузиб чиқади, Ленин!"

деб ўзгартириб, ҳеч қачон "Ленин" сўзини ёзмаганман, деб ғурурланиб юрганкаминани анча уялтирган эди. Барибир, "Гулистон" узоқ вақтгача бизнинг асосий минбаримиз бўлиб қолди.

Биз ёш эдик, ёшлик бир имтиёз эди. Бизга ҳеч ким эътибор бермасди, бунданфойдаланиб хоҳлаган нарсамизни ёзар ва чоп қилдирардик ҳам. Албатта, тузумни ағдариб ташлашга даъват қилмасдик, лекин унга чўнтак ичида мушткўрсатишимиз мумкин эди. Баъзи ҳушёр танқидчилар бундан хафа бўлиб, "чўнтагингиздагини тушунтириб беринг!", дея хитоб қилган пайтлар ҳам бўлди. Бу "навқирон" ёшлигимиз жуда узоқ, 1984 йилгача давом этди. Ўттиз беш ёшда ҳам ёш бўлиб юриш фақат бизнинг жамиятда мумкин эди ва бу имкониятдан биз тўла фойдаландик. Аммо саксон тўртинчи йил ёшлигимиз бирдан "таққа"тўхтади. Кремлда ҳокимият ўзгарди.

 

 



 

Иккинчи бўлим

1983-1993 йиллар

 

АНДРОПОВ ВА ЧЕРНЕНКО

Брежневдан бўшаган тахтга ўтирган Андропов Совет давлатини турғунликдан қутқариш учун бел боғлаган илк раҳбар эди. У КГБнинг собиқ раҳбари ўлароқ, бу бепоён давлатнинг қаерида нима қимирлаётганини ва нега қимирлаётганини биларди. Бу билги унинг учун бошқа раҳбарларга нисбатан аниқроқ ҳаракат қилиб, яхшироқ натижага эришиш учун бир омил эди.

Совет иқтисоди ошно-оғайнигарчилик, кўзбўямачилик ва порахўрлик чангалида, деярли ўсишдан тўхтаганди. Қолаверса, оғир саноатнинг катта қисми ҳарбий кучни оширишга йўналтирилганлиги учун бу бирёқламалик табиий ресурсларни хомашё ўлароқ пуллаш эвазигагина мувозанатга солинарди. Аммо, шунга қарамай, қуролланиш пойгаси Совет давлатининг тинкасини қуритди ва 80 йилларга келиб, коммунист раҳбарлар бу пойгада мағлубиятга учраганларини англадилар. Кейинроқ Горбачев ҳукуматининг АҚШ билан узоқ манзилли ракеталарни қисқартириш шартномасига имзо чекиши Горбачевнинг тинчликсеварлиги эмас, Совет иттифоқининг заифлашуви сабаб бўлганди.

Андропов совет империясининг мингларча километрларга чўзилган бошқарув иплари салқиб қолганини биларди. Уларни таранг тортиб мустаҳкамлаш учун, биринчи навбатда, кадрларни янгилаш эҳтиёжи туғилганди. Бу кадрлар Москвага содиқ, иложи бўлса, руслардан бўлса, янада яхши бўларди. Андропов ташаббус қилган, аммо сўнгигача етказолмаган бу янги кадрлар сиёсатини Черненко, ундан кейин Горбачев ҳукуматидаги "иккинчи одам" Егор Лигачев давом эттирди.

Андропов совет жамиятидаги порахўрлик, танбаллик, интизомсизлик ва кўзбўямачиликка қарши курашни ҳам режалаштирган эди. Бу режани амалга ошириш учун қилинган илк тадбиқотлар шуни кўрсатди-ки, порахўрлик илдизи мавжуд сиёсий тузум илдизи билан битишиб кетган экан. Танбаллик ҳам совет ишлаб-чиқариш системасидаги "ишласанг ҳам, ишламасанг ҳам маош келаверади", деган совет кишисининг дунёқараши маҳсули экани маълум бўлди. Кўзбўямачилик ва интизомсизлик инсон зотининг хусусий мулкка бўлган инстинктларини ўлдирилиши оқибатидан бошқа нарса эмас.

Андропов ҳокимиятга келган заҳотиёқ биринчи бўлиб, танбалликка ва интизомсизликка қарши "ўт очди". Масалан, кундуз кунлари кинотеатрларга кириб, томошабинларнинг қаердан келгани-ю, иш пайтида нечун кино кўраётганликлари тафтиш қилина бошлади. Давлат маъмурлари ва ишчиларнинг ишга вақтида келиб, вақтида кетишини назорат қилиш одат тусига кирди. Кўчаларга "интизом - маҳсулдорликнинг гаровидир", деган примитив шиорлар осилди.

Аммо бу касалликнинг сабабига эмас, унинг оқибатига йўналтирилган беҳуда уринишлар эди.



Ахир иш кутмоқда, давлатнинг иши,
Хотин зир югурар, мен ураман дўқ,
Балконга қарайман, тиришиб -
Ҳали ҳам кўйлагим қуригани йўқ! 


Ахир кутиб турар давлатнинг иши!
Кўйлак-чи, буғланиб тамом бўлмас ҳеч.
Қандайдир дазмолнинг хиёнатидан
Давлатнинг ишига бораманми кеч?! 


Яна идорага етиб боргунча,
Шиорларга ҳам қарашим керак,
Токи, иш олдидан, ҳеч бўлмаганда,
Илҳомланиб олсин бу юрак! 

1981 ("Орзу фуқароси", 1990)

"Қаттиққўл йўлбошчи" сифатида танила бошлаган Андропов ўз қаттиққўллигини охиригача кўрсатолмади, йил бошида вафот этди. Ўрнига Черненко келди. Унинг ҳам ёши бир жойга бориб қолганди, аммо, барибир, Совет Итифоқи Компартиясининг Генерал Котиблигига сайланди. Бу шахсда тирноқнинг учидай ҳам ҳайбат йўқди ва шу қадар кўримсиз эдики, халқ унинг Алексейми ёки Андрей Черненко эканини эслолмай қоларди.

Ўзбекистонда ҳам вазият шунга ўхшаб кетарди. Ўзбекистонга узоқ йиллар раҳбарлик қилавериб, худди жумҳуриятнинг гербидаги пахта ва буғдой бошоқлари каби бир маъжозга айланган оқсочли Шароф Рашидов ўлимидан кейин, унинг жойини бир экономистми, ёки инженерми, эгаллади. У бир неча йил раҳбарлик қилган бўлса-да, жумҳуриятнинг на сиёсий, на ижтимоий ва наиқтисодий ҳаётида из қолдирди. Албатта, бу шахсга адолатсизлик қилган бўлмайин, балки ўша давр бир ўтиш даври бўлгани учун бу раҳбарнинг юлдузи кулмагандир. Балки, "из" қолдирмагани яхши бўлгандир. Бугун, 90 йиллардаги раҳбаримиз каби из қолдирса, нима қилардик?

 

 

АДАБИЁТ ФЕТИШИЗМИ



Минг тўққиз юз саксон тўртнинг март ойи эди. Дўрмондаги ёзувчилар уйида илҳом парисини кутиб кун ўтказаётган эдим. Ишим унча қийин эмасди, ўша илҳом париси келганда саккиз ёки ўн қаторлик бир шеър битсам, кўнглим жойига тушарди-қўярди. Тасаввур қилинг, ўттиз бешга кирган девдек йигит учун қофияланган ёки ҳатто қофияланмаган "поэтик" матн етарли эди. Яъни, бугунги куним бекорга ўтмади дейиш учун ва ҳатто дунёдаги энг буюк ишни мен қилаяпман, деб хаёл қилиш учун ҳам етарли эди.

Аслида, Дўрмонда "буюк ишни мен қилаяпман" деб ўйламаган бирорта ёзувчи йўқ эди. Аммо бундай ўйлаш учун ҳаммага ҳам "саккиз қатор" кифоя қилавермасди... Масалан, Пиримқул Қодир кунига дейлик, 15 саҳифа наср, Шукур Холмирза дейлик 10 саҳифа наср, шоир Усмон Азим юз мисрали бир баллада, Шукур Қурбон юз қаторлик бир достон ёзмасалар, улар "буюк ишни мен қилаяпман" деб кўкрагига ҳеч урмасдилар.

Хуллас, Дўрмонда кунларимиз унумли ўтарди, фақат ёзилган маҳсулотни китоб шаклида бостириш бир муаммо эди. Заҳматкаш ёзувчилар кечалари ўтириб, қўлёзмаларига зўр бериб, уларга гўзал номлар қўйиб, машинисткага топширардилар.

Машинистка - китобнинг босилиш жараёнидаги биринчи поғона эди. Бу поғона сийнадор жуссаси билан жуда юксак кўринарди, чунки, қўлёзманинг ҳар саҳифасига нақ 40 тийиндан ҳақ талаб қиларди. Йўқсил шоир ёки йўқсил ёзувчи учун бу қўрқинчли рақам эди. Баъзи уддабурро қаламкашлар машинисткага уйланиб бу муаммодан қутулсалар ҳам, кўпчилик "Машбюро" эшиги олдида "биринчи поғона"дан ошолмай уймаланишгани уймаланишган эди. Иккинчи поғона - бўлим редактори, учинчи поғона - бўлим мудири, тўртинчи поғона - зам. диркетор (директор ўринбосари), бешинчи поғона эса, Нашриёт Директори бўларди. Бу Бешинчи Поғона бутун қаламкашларнинг тушига кириб чиқадиган бир зот эди.

Совет Ўзбекистони даврида нашриётларга Директорлик қилганлар ичида, менимча, энг ҳашаматлиси Ҳамид Убайдуллаевич, яъни, Ҳамид Ғулом бўлган. Унинг қўл остида ишлаган бир мудир шундай ҳикоя қилади: "Ҳамид акамлар эрталаб ишга яхши ёки ёмон кайфиятда келганини наинки, унинг юзидан, балки кийинишидан ҳам билиб олардик. Масалан, у мовий жинси кийиб, лабига сигара трубкасини қистириб тўртинчи қаватга кўтарилса, демак, кайфияти яхши. Ҳузурига кириб дарров ишни битириб чиқардим"... Бу иқрордан маълум бўлаяпти-ки, ҳатто мудир "поғона"сида турганлар учун ҳам Директор дийдорини кўрмак осон иш эмас эди.

Нашриёт Директори амалда совет тузумининг нашр сиёсатини юритган шахс эди. У хоҳлаган китобини босар, хоҳламаганини босмас эди. Марказқўм тавсия этган китобларни истисно қилганда, Директор китоб босишда ҳокими мутлоқ эди. Ҳатто цензура ҳам Директорнинг айтганини икки қилолмасди. Директор мақоми минстр мақоми билан деярли тенг эди. Директор худди Марказқўмнинг Биринчи Котиби каби ўн йил, ўн беш йил мақомидан тушмай фаолият кўрсатаверарди. Худди тузум каби нашриёт директори ҳам абадий кўринарди. Бу туйғуни Директорларнинг ўзлари ҳам ҳис қилардилар ва уларнинг энг ҳайбатлилари ўзларини бирданига Фиръавн ҳис қилабошлардилар. Бу руҳий кўтаринкилик уларнинг кўзларини чақнатиб, нутқларини ўткирлаштирарди. 1979 йил Ғофур Ғулом нашриётининг Директори қилган бир нутқ ҳамманинг эсида. У тахминан шундай деган эди (янглиш эса, Олоҳ кечирсин): "Мен бугун шон-шуҳрат минбаридан туриб шуни айтмоқчиман... Мен халқ отасиман... Ҳа, мен Ўзбекистонда халқ отасиман. Туркиядаги ўзбекларга шундай дедим. Агар сизлар Ўзбекистон ҳақида ёмон гапирмасанглар, мен сизларнинг ҳам отангизман, дедим".

Бу нутқни ҳеч ким манманлик деб қабул қилмаганди ўшанда. Директор муҳокама қилинмас бир тотем эди. Унинг устидан кулиш гуноҳ даражасида эди. Мен бу ғаройиб ҳодисани унга ҳеч алоқаси бўлмаган бир мақолага тиқиштирдим. Мақола Хемингуей ҳақида эди ва у "Гулистон" журналининг 1979 йил сонларидан бирида босилди. Аммо айтилмоқчи бўлган фикр шу қадар яғмоланган эди-ки, манман Директор менинг танқидимни ўқиса ҳам ҳеч нарса тушунмасди: "Бу нутқ (Хемингуей нутқи) баъзи ёзувчилар... қўрқоқ қалбларига таскин бераётган бир пайтда, баъзилари худди бугунгидай ўзини "халқ отаси" эълон қилиб, шон-шуҳрат минбаридан сўзлаётганда, эллик ёки олтмиш ёшларини бехатар бурчакларда нишонлаётган бир пайтда янгради..."

Мен бир эгоист ёзувчи сифатида биттаси келиб, "оғайни, Ҳ. Ғуломни боплабсан, офарин, сенга!" дейишини кутардим. Амо ҳеч ким мен кутганчалик фаросатли чиқмади ва бугун ўйлаб қарасам, чиқмагани ҳам яхши бўлган. Чунки, ўша Директор бугунги инсофсиз карчолонларнинг ёнида шу қадар ҳалим ва мутавозе кўринаяпти-ки, агар ўша етмиш тўққизда уни хафа қилсайдим, бугун қаттиқ пушаймон еган бўлардим

Мавзуни тамомлаш учун Директордан бошқа яна бир махлуқ ҳақида бир-икки оғиз гапирмоқ лозим. Бу махлуқнинг оти Госкомиздат эди. Бу "даргоҳда" ўнларча одам "ишлар", аммо нима учун "ишлаётганини" ўзлари ҳам билмасдилар. Худди Франс Кафканинг романидаги каби мистик маҳкумият ҳукм сурарди бу даргоҳга қарашли бўлимларда. Гўё бу ўнларча эркак ва хотинлар бири иккинчиси орқасидан қўйилган айғоқчи ёки бири иккинчисига боғланган маҳбуслар эди. Чунки, китобни ёзувчи ёзарди, уни нашриёт нашрга тайёрларди, босмахона эса, бу китобни чоп қиларди, лекин Госкомиздатдаги одамларнинг бунга - китобга, ёзувчига, нашриётга, босмахонага нима алоқаси бор, дея ҳайқиргиси келарди инсоннинг, тўғриси. Ҳайқирса ҳам ёзувчини ҳеч ким бир чақага олмасди. Директор ва госкомиздат ёзувчилар туфайли яратилган бўлса-да ёзувчи билан ҳеч ким ҳисоблашмасди. Бу шўрлик профессионаллар ёнларидан ўз отини тўғри ёзолмайдиган Шоғуломов ёки Директор ўтиб қолгудай бўлса, дарров ғоз туришиб салом беришар ва зўрма-зўраки илжаярдилар. Бу профессионаллар ўз шеър ёки ҳикоясининг битта сатрига ҳам арзимайдиган золимларга бош эгаркан, мен бундан қаттиқ ғазабланардим ва уларни қўрқоқликда айблардим, аммо бугун биламан-ки, бу ёзувчи дўстларимга нисбатан ҳақсиз дашном бўлган. Уларнинг қўрқоқлик ва бўшанглик бўлиб кўринган жиҳатлари, аслида, яна ўша адабиёт учун, унга муҳаббат туфайли пайдо бўлган эди. Бу одамларнинг ўртамиёна қобилиятлиси ҳам нон учун, бола-чақани боқиш учун золимга бош эгишдан ор қиларди. Аммо адабиёт идеали учун бош эгишдан уялмасди. Буни айблашга ҳаққим йўқ эди. Чўнтагида ёзувчилар Союзи гувоҳномасидан бошқа бойлиги йўқ бу инсонлар ўзларининг халққа керакли шахслар эканлигини англар ва ўзларича ғурур туяр эдилар. Шоир Йўлдош Эшбек бунга бир мисол айтиб берган эди. Бир куни у яна бир шоир дўсти билан автобусда ўтирган экан, бир кампир тепаларига келиб қараб тураверибди. Йўловчилардан бири шоирларга "жой берсангиз бўлмайдими?", деса, Йўлдошнинг шериги ҳайрон бўлиб, "булар бизнинг кимлигимизни билишмайди, шекилли, удостоверениемизни кўрсатайликми, ё", деган экан. Содда шоирнинг бу самимияти унинг фаросатсизлигини кечиришга мажбур қиларди.

Умуман ёзувчилик, шоирлик ва ёки ҳар қандай бошқа қаламкашлик дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Совет Иттифоқидаги каби жиддий маслак ҳисобланмасди. Бунинг, албатта, сиёсий тузумга боғлиқ бўлган тарафлари бор. Совет тузуми ёзувчилардан ўз идеологияси учун фойдаланарди. Лекин жамият - одамлар ва ёзувчиларнинг ўзи ҳам қаламкашлик касбига топингани ҳайратланарли эди. Боя айтганимдек, адабиёт инсоннинг дунёни идрок қилиш шаклларидан бири эмас, балки, энг тўғри, энг идеал шакли ўлароқ қабул қилина бошлаганди. Ва одамлар адабиёт идеали учун ишидан, дўстларидан, ҳатто оиласидан ҳам воз кечсалар ва бу ҳаракат асло нодонлик ҳисобланмас, балки аксинча, фидойилик саналарди.

(Мен бу ерда ҳақиқий адабиёт вакиллари хусусида гапираяпман, совет мафкурасининг ноғорачилари ҳақида эмас. Улар гапга арзимайди). Шунга яраша бизнинг тақлид объектларимиз ҳам оргинал эди. Хусусан, 70-йилларда энг порлоқ хаёлли ўзбек шоири ўзига Шоҳ машраб ёки Пол Верлен ва ҳатто Артюр Рембо каби девоналар турмушини ўрнак қилиб олишга интиларди. Дейлик, Шоҳ Машрабнинг муллалар устидан таҳорат ушотгани, Рембонинг туя сотаман деб, Африкага кетгани, у ерда касалга чалиниб, ўлиб кетгани, Верленнинг Париж кўчаларидаги безориликлари - ёш шоирларимиз тарафидан ҳурматла қаршиланган ривоятлар эди.

Адабиётнинг бу қадар "муқаддас"лашишига ижтимоий-психологик сабаб ҳам бор эди, албатта. Кўпчилик тарафидан кузатилган нарса шу-ки, тоталитар давлатларда шахс эркинлиги ўз ифодасини адабиёт ва санъатда топишга интилади. Бу соҳанинг тоталитаризм каби экстремал иқлимларда яшаш қобилияти юксак ва бу хусусият салгина ижодий иқтидорга соҳиб бўлган кишиларни ўзига оҳанграбо каби тортаверади. Бу кишилар тузумдан қочиб, рангдан (рассомлик) ёки сўз (шоирлик)дан ясалган катокомбаларга кириб олишади ва у ердан умр бўйи чиқмай яшайверадилар. Ва табиий-ки, инсон бир нарсага умрини бағишлай олар экан, бу унинг учун муқаддасдир.

 

 

1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница