Йигирма биринчи аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки



страница14/19
Дата04.05.2016
Размер4.7 Mb.
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   19

Шуниси қизиқ-ки, давлат тўнтаришини ташкил этган ҳарбий-партиявий хунта ҳам айнан ўша халқнинг очлигини, иқтисодий бўҳроннинг чуқурлигини рўкач қилиб майдонга чиқди. У бир ҳафта ичида аҳволни тубдан ўзгартиришга ваъда берди. Бунинг далили сифатида Москвадаги дўконларда узоқ кутилган озиқ-овқат пайдо бўлди. Агар хунта яна ўн беш кун яшаса, бу неъматлар бошқа шаҳарлар дўконларида ҳам пайдо бўлар эди. Бунга шубҳа йўқ. Лекин халқ алданмади. У нон эмас, озодликни танлади. Чунки, бу халқ ҳатто нон ҳам озодлик ўрнини босишга қодир эмаслигини англаган халқ эди. Мен халқ деганда, рус халқини назарда тутаяпман. Бу ҳақиқатни тан олиш керак. Зотан, хунтанинг йўлини тўсган асосий куч - москваликлар ва Русия ҳукумати бўлди.

Хунта ўз режаларини эълон қилгандан сўнг, баъзи жумҳуриятларда иккиланиш яққол кўзга ташланди. Нафақат жумҳуриятлар, балки, чет давлатларининг деярли ҳаммаси дастлабки соатларда берган маълумотларида хунтага қарши бирон гап айтолмади. Фақат халқнинг қўзғолганини кўриб, унга суянган Русия ҳукуматининг журъатини кўриб, иккиланганлар қарори қатъийлаша бошлади. Фақат шундан кейингина улар рус халқини қўллай бошлади. Бундан келиб чиқадиган сабоқ шуки, фақат халқнинг ўзигина ўзини қутқариши мумкин. Агар халқ уйғонмаса, чет эл ҳам, унинг иқтисодий ёрдами ҳам унга нажот бўла олмас экан.

Яна бир сабоқ бор. Буниси маънавий сабоқдир. Хунта даврида иккиланган жумҳуриятлар ҳам эришилган ғалабадан баҳраманд бўлажаклар. Худога шукр. Аммо биз шуни унутмаслигимиз керак-ки, ҳеч қачон ҳеч бир халқ бошқа бир халқ кураши эвазига озод бўлмаган. Агар бўлса ҳам, бу озодлик унга татимаслиги аниқ. Чунки, бу совға қилинган озодликни ҳимоя қиладиган халқ бўлиши керак. Акс ҳолда, бундай озодлик қанча тез қўлга киритилган бўлса, шунча тез йўқотилиши муқаррар. Ҳеч ким танк олдига ётиб, Конституцияни муҳофаза этмайди, чунки, халқ Конституция нима эканлигини билмайди. Ҳеч ким "демократия учун" дея ўққа кўкрак тутмайди, чунки, халқ нонни озодликдан устун қўяди. Ҳеч ким президентни ҳимоя қилиб кўчага чиқмайди, чунки, бу халқни кўчага чиқишга ўргатишмаган. Хуллас, совға қилинган озодликни фақат ўша совға қилган халққина ҳимоя этишга қодир. Ҳали "ҳимоя қиламан," деб кеп қолмаса яхшийди. Бу аччиқ ҳақиқат ва унга тик қарай билишимиз керак. Ва айни шу сабаб, "Эрк" партиясининг биринчи вазифаси - халқни уйғотишдир. Бусиз мустақиллик бугунгидай қоғозда қолаверади.

Халқлар устида уч кун осилиб турган таҳлика Ўзбекистонга қандай таъсир қилди? Биз ўзимизни қандай тутдик? Эҳтимол... Хуллас, "эҳтимол"лар кўп. Шахсан мен бу таҳликали кунларда кўрганим - бир лавҳани ҳеч унутолмайман. Йигирманчи август куни ҳукуматимиз ташкил қилган мажлисда Шайхов ва Ўразаев деган депутатлар чиқиб, хунтанинг бошлиғи ҳақида "ўртоқ Янаев ҳам айтдилар. Ўзбекистонга қўшин киритишга ҳожат йўқ экан," деганларида, ер ёрилиб, ерга кирмадим. Чунки, бу вазиятда "қўшин кирмагани" биз учун шараф эмас эди. Чунки, бу қўшин қонунни ҳимоя қилиш эмас эмас, қонунни топташ учун кирар эди. Бу қўшин демократияни тиклаш учун эмас, уни йўқ қилиш учун кирар эди. Айтмоқчиманки, шубҳасиз, зиёлилардан бўлган ва шубҳасиз, ўзларини инсонпарвар санаган бу одамларнинг фаросати шу бўлса, ўқимаган, далада умр бўйи кетмон чопаётган деҳқондан - халқимизнинг қарйиб саксон фойизини ташкил қилувчи оммадан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ.

"Эрк" тутган позитсиясига келсак, бу ҳаммангизга маълум, Демократик партия ўлароқ, "Эрк" биринчи куниёқ бу машъум тўнтаришга ўз муносабатини билдирди. Унинг хунтага қарши Баёоноти ва Елсинга мадад телеграммаси шу куниёқ дунёга тарқалди. Маҳаллий матбуотда эълон қилиш имкони бўлмаганидан, бу ҳужжатларчэт эл радиостансияларидан, хусусан, "Свобода" ва "Свободная Европа"лардан ўқиб эшиттирилди.

Бу тарихий воқеадан учта хулоса чиқади:

1. Мавжуд система қанчалик демократияга интилмасин, жамият учун хавфли бўлган ва уни ўн йиллар ортга улоқтириб ташлашга қодир механизмни ўзида сақлаб келаяпти. Горбачев давлат тўнтарилишигача учта кеманинг бошини тутиб келди: КПСС раҳбари, Президент ва Бош қўмонодонлик вазифалари. Шу учта кучни қўлга олиш учун хунтанинг битта одамни - Горбачевни четлаштириши кифоя қилди. Бир-неча соат ичида улкан бир мамлакат реал хавф остида қолди. Демак, токи ҳуқуқий давлат тузилмас экан, ҳокимиятлар қатъий ажратилмас экан, давлат тўнтарилиши хавфи тураверади.

2. Ҳар қандай "суверен давлат" деб аталган субъетнинг ўзини ҳимоя қиладиган армияси бўлиши шарт. Акс ҳолда, бу "суверенлик" сохтадир. Буни Русия ҳукумати хунта хуружқилаётган кунларда чуқур тушунди. Буни Ўзбекистон ҳукумати ҳам тушунмоғи лозим.

3. Биз тўла мустақил бўлмас эканмиз, фақат иқтисодий эмас, сиёсий ҳам мустақил бўлмас эканмиз, ҳеч қандай "янгиланган федератсия" бизга нажот бўлолмайди. Чунки, бу система ҳамон бир шахс иродасига боғлиқ бўлган система бўлиб қоляпти. Бугун Елсин бор, Горбечев бор. Лекин эртага Янаев келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Кафолат - халқимизнинг тўла мустақиллигидир.

Бу ҳақиқатни сўнгги икки кун ичида Совет Иттифоқида юз берган воқеалар исбот қилиб турибди.

Давлат тўнтаришидан кейин мамлакатдаги сиёсий вазият янада шиддатлироқ ўзгара бошлади: КПСС сиёсий партия сифатида парчаланди. Мустақилликка ўтиш даври кечаётган иккита болтиқбўйи жумҳуриятлари - Эстония ва Латвия ўзларининг тўла мустақиллигини эълон қилдилар.

Кеча Украина парламенти ҳам бу жумҳуриятнинг тўла мустақиллигини эълон қилди. Маълумки, тузилаётган "Иттифоқ шартномаси" асосан учта славян жумҳуриятлари - Русия, Украина, Белорусия ва Ўрта Осиё жумҳуриятлари билан Қозоғистон ўрталарида тузилиши мўлжалланаётган эди. Бу субъктлар ичида энг нуфузлиси - Украина Иттифоқдан чиқиб кетар экан, "Иттифоқ Шартномаси" аввалги моҳиятини сақлаб қололмайди.

Бу воқеа шу кунгача "Шартнома"нинг марказий субъектларидан бири бўлиб турган Русиянинг ҳам позитсиясини ўзгартириши муқаррар. Бу ерда иккита вариантни тахмин қилиш мумкин. Биринчиси: Русия, агар "Шартнома" тарафдори бўлса, аввал сўраётган имтиёзларини янада кенгайтиришга ҳаракат қилади ва бунга эришади ҳам. Бу ҳолда бугунги Марказ ўзининг марказлигини бутунлай йўқотади ва Русия Марказга айланади. Бу янги вазият мустақилликка интилаётган Ўрта Осиё жумҳуриятларининг шу кунгача олиб бораётган сиёсатини кескин ўзгартиришини тақазо этади: улар ўз жумҳуриятларининг ҳам тўла мустақиллигини эълон қилишлари ёки янги тузилган марказлашган бир давлатнинг бўлаклари сифатида қолишга мажбур бўлажаклар. Иккинчи вариант: Русия ҳам Иттифоқдан чиқиб, ўзининг тўла мустақиллигини эълон қилши мумкин. Бу ҳолда Иттифоқ ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз зудлик билан Ўзбекистон олий Кенгашининг фавқулодда сессиясини чақирилишини талаб қиламиз. Унда бугунги сиёсий вазият очиқ таҳлил этилиши лозим.

Ўзбекистоннинг тўла мустақилликдан бошқа йўли йўқ. Бугунги тарихий имконни қўлдан бой бермаслигимиз керак".

 

 



 

ҲУКУМАТНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИ

 

Олий Кенгаш "Эрк" партияси Қурултойидан беш кун кейин 30 августда Фавқулодда сессиясини чақириб Ўзбекистон мустақиллигини иккинчи марта эълон қилди. Ҳукумат биринчи марта мустақилликни эълон қилиб, ўзи бойкот қилган бўлса, бунисини эълон қилар экан, Москванинг бойкот қилишидан қўрқиб турарди.



30 августда эълон қилинган Мустақиллик ҳукуматнинг мустақиллиги эди. Ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода. Ҳукумат Москвадан мустақил бўлаётганди. Халқ бир йил аввал, тўқсонинчи йил 20 июнда ўз мустақиллигини эълон қилганди. 30 августда ҳукумат мустақиллик эълон қилганда, миллатвакиллари миқ этмади. Чапак чалиш у ёқда турсин, овоз чиқармади. Шунда шўрлик президент "нега чапак чалмаяпсизлар?", дея ҳайқирди залга қараб. Бир-икки чапак янгради. Аммо кўпчилик қайсарларча жим қолаверди. Бундай сукунат дунёнинг мустақиллик эълон қилган бирон бир Парламентида бўлмаган бўлса керак. Миллатвакиллари ҳукуматнинг мустақиллигидан қўрқишаётганди. Илгари бирор адолатсизлик бўлса, оға русга мурожаат қилишарди, энди кимга мурожаат қиламиз, деб ўйлаётганди шўрлик халқ вакиллари. Улар адолатсизликни йўқ қилиш учун оғага қарам бўлиш янада қўрқинчлироқ эканини сезишмасди. Чунки, қарам бўлиб ўргангандилар. Адолатсизликни йўқ қилиш учун курашиш мумкинлигини эса, хаёлига ҳам келтирмасдилар. Кураш улар учун бегона сўз эди. Улар ўтирган ўрнидан туриб, раҳбарга шу гапингиз адолатсиз бўлди, деб ҳеч қачон айтмагандилар. Бунга жасорат қилганларни "телба" деб айтардилар. Бу 500та халқ вакилининг тўқсон фойизи номенклатура қаноти остидан чиққан жонзодлар эди. Улар болалигида автоматик равишда октябрят, ўсмирлигида пионер, балоғатга етгиб комсомол бўлган ва дарров коммунист бўлиш учун навбатга турган сип-силлиқ инсончалар эди. Улар ўзлари эгаллаган ҳеч бир мақомга сиёсий мужодола билан келмагандилар. Улар ўзидан юқорида турганнинг оёғи остига елкасини қўйиб, секин-аста тепага кўтарилишганди. Шу боис, уларнинг ҳеч бири сиёсатчи эмасди, уларнинг сиёсат ҳақида бирорта мустақил фикри йўқди, сиёсий вазиятда қарор олишни билмасдилар, довдираб қолишарди. Шу маънода "норасмий" деб ном олган мухолифат ташкилотларининг ўрта савиядаги бир аъзоси бу сипо кийинган жаноблардан кўпроқ сиёсатчи эди. Чунки, у ўзи ишонган нарса учун кураша олар, адолатсизликка қаршилик кўрсата биларди.

Тўқсон биринчи йил 30-августда бу миллатвакиллари Каримовнинг зулмидан қўрқиб, мустақилликдан ҳам воз кечиб туришга тайёр эдилар. Уларнинг мустақиллик эълон қилинганидаги сукути шу мутеликнинг ифодаси эди. Уларда 90-йилги шаҳд йўқ эди. 90-йилда улар Каримовни диктатор бўлиб олади, деб ўйламагандилар. Шунинг учун Июн Декларацияси олқишлар билан қабул қилинганди.

Албатта, Мустақилликни олқишламаган халқ вакиллари унинг учун юз фойиз овоз бердилар. Мустақиллик куни қилиб 1-сентябр белгиланди. Тўғриси, бу байрам менинг ҳам кўнглимни ёритмади. Умумруҳ мутаассир этди, балки. Ёки мустақиллик учун ажратилган севинч заҳирасини тўқсонинчи йилда керагидан ортиқроқ сарфлаб қўйдимми, билмайман. Ҳар ҳолда, бу воқеанинг нақадар аҳамиятли эканини ҳис қилган ҳолда, бахтиёрлик туйғуси лозим бўлганидек жўш урмади.

 

 



 

 

"ЭРК" - РАСМИЙ ПАРТИЯ

 

5-сентябр куни "Эрк" партияси Адлия вазири томонидан расмий партия сифатида рўйхатга олинди. Яна бир неча кундан сўнг "Бирлик" ҳаракати ҳам расман рўйхатдан ўтди. Бу, албатта, мухолифатнинг ўлкада ташкилотланиши учун катта имконият яратарди. "Эрк"чилар йўлларга тушдилар. Бутун жумҳурият миқёсида ташкилотнинг бўлимлари тузилди, аввал тузилганлари мустаҳкамланди. Халқ ташкилотимизга мислсиз таважжуҳ кўрсатди. 91-йил октябрига келиб, аъзоларимиз сони 50 минг атрофида эди.



Мен Президент Ислом Каримов билан бир-неча марта учрашиб, мухолифатнинг янги қурилаётган давлат учун нақадар аҳамиятли эканини англатишга интилдим. Айни фикрларни Олий Кенгаш сессияларида ҳам давомли тилга келтирдим. Каримовга ҳар хил вариантларда доим бир нарсани такрорладим: бизнинг ташкилотимиз учун давлат мустақиллиги ҳар нарсанинг устида бўлган. Бугунги босқичда ҳам шундай. Русия ўзига келмасдан олдин бу мустақилликни мустаҳкамлаб олишга шошилишимиз керак, давлатни чинакамига мустақил қиладиган иқтисодий ва сиёсий тадбирлар олинмоғи керак, бу ишлар қилинса, биз бир мухолифат ташкилоти сифатида сизнинг ҳукуматни қўллашга ҳозирмиз. Бизга на мансаб, на шуҳрат лозим, биз шу Оллоҳ ато қилган ҳурриятимизни сақлаб қола олсак, биз учун етарлидир. Фақат сиз ҳам бизга лутф қилинг-да, мухолифат танқидини душманлик сифатида қабул қилманг, мухолифат ҳукуматни танқид қилиш учун яратилган бир механизм, бутун дунёда шундай...

Мен гапирар экан, бир одам иккинчисига умум манфаат ҳақида гапиргани каби, ўйин қилмасдан, самимий гапирардим. Фақат бу гапларни самимий эшитган Президент, мен Олий Кенгаш минбаридан чиқиб, ҳукуматни танқид қилганим заҳот, дарров тўнини тескари кийиб оларди. Биз буни ўзаро гаплашдик-ку, нега яна минбардан гапиради, дея жиғибийрони чиқарди. Муаммоси бўлса, менга ими-жимида айтсин, мен ҳал қиламан-ку, деб хафа бўларди. Аммо мен бу муаммоларнинг "ими-жимида" ҳал бўлишини истамасдим. Бу муаммолар Президентнинг кайфий буйруқлари билан эмас, қонун асосида ечилишини орзу қилардим. Ўлкадаги аҳвол битта кишининг кайфиятига қараб ўзгариб туриши - мамлакатни қоунсизликка судрайди, деб ўйлардим.

Албатта, менинг орзуларим эрта пишган орзулар эди. Мендаги оптимизм коммунистларни баҳолашда панд берди, аммо уни ўзгартириш менинг ихтиёримда эмасди. Мен орзу қилишга ва орзуларни имкон бор жойда тилга келтиришга маҳкум эдим. Талашиб-тортишиб "Эрк" партиясининг ойда бир марта 30 дақиқалик телевизион программаси учун Каримовдан рухсат ундирдим. Аммо бу программа сентябр-октябр ойида икки марта эфирга чиқди ва таъқиқланди. Президент ўз саҳоватига чидолмади. "Эрк"чилар шу икки ойнинг олтмиш минутида ёқимсиз гапларни шу қадар кўп гапириб ташладилар-ки, бу 60 минут ҳукуматга 60 кун каби кўриниб кетди ва программа таъқиқланди.

Яна тарғиботимизнинг асос минбари "Эрк" газетаси бўлиб қолди. Бу ҳам оз эмас эди. Газета расмий рўйхатдан ўтгандан сўнгра тиражи бирдан юксалди. Бир марта 100 мингга чиқди. Босмахона мудирлари "Эрк"дан ортиқча бир неча минг босиб, ўзлари сотиб "бизнес" қилабошлагани маълум бўлди. Биз бунга индамадик. "Эрк" халқ ўртасида тарқалса, бўлди деб ҳисобладик. Чунки, алтернатив матбуот аҳоли учун ўша йили купонга берилаётган ёғ ва шакар каби муҳим эди.

91-йилда Марказий "Эрк" газетаси билан бир қаторда яна тўртта вилоят газетасини чиқара бошладик. Бу газеталар ўз минтақаларида тез обрў қозонди. Одамлар ортиқ коммунистларнинг матбуотига эмас, бизнинг газеталарга ўз дардини айта бошлади. Бу қисқа, бир йил ҳам давом этмаган матбуот эркинлиги ҳукумат писанд қилмаётган аҳолининг плюрализмга етарли даражада тайёр эканлигини кўрсатди.

 

 



ДЕМОКРАТИК ИҲТИЛОЛ

 

Олий Кенгашнинг навбатдаги сессияси октябр ойида бўлиши керак эди. Мен бир иш билан Москвага кетгандим, сессиядан бир кун аввал қайтиб келдим. Ўша кечқурун бир депутат ошнамиздан телефон келди:



- Эртага жангга тайёрмисиз? - деб сўради у.

- Албатта, тайёрман, - дедим.

Депутатнинг саволида бир ғайритабиийлик кўрмадим. Мен ҳар бир сессияда ҳукуматни танқид қилардим, танқид қилинадиган нарса шу қадар кўп эди-ки, биров "жангга тайёрмисиз," деб сўрашининг ҳам кераги йўқди. Эртасига Олий Кенгаш залига кирдим. Депутатлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб қаҳ-қаҳ отишар, нималарнидир одатдагидан қизиқроқ, сирлироқ муҳокама қилишарди. Сессия иш бошлади. Биринчи бўлиб, Алижон Қўчқоров деган депутатга сўз берилди. У кутилмаганда Президентни танқид қилабошлади. Қайсидир фармонни нотўғри чиқарганликда айблади. Унинг чиқиши мени севинтирди. Ниҳоят, тил кирди Парламентга, дея севиндим.

Қўчқоровдан кейин сўзни Тошкент шаҳар Куйбишев тумани ижроқўми раиси Шуҳрат Нусратов олди. Бу йигит ҳеч қачон сессияларда гапирмасди. Биринчи сўз беришганини кўриб, бирор бир эълони бўлса керак, деб ўйладим. Лекин у ҳаммани ҳайратга солди (кейин ҳаммани ҳайратга солмагани маълум бўлди). Минбарга келиб русчалаб тахминан шундай деди:

- Президент Конституцияга хилоф иш тутаяпти, бунга фалон-фалон воқеаларни мисол келтириш мумкин. Конституцион Суд Раиси Ўрозаев қаерга қараяпти, биз унинг миллати ўзбек эмаслигига қарамай, уни сайлагандик...

Нусратов 5 дақиқа давомида Президент Каримовни шундай танқид қилди-ки, унинг бу журъати менда бир оз шубҳа уйғотди. Ундан кейин чиққан яна бир депутат айни шиддатла Каримовга ташланди. Бу одам ҳам аввал қочадиган жойини тайинлаб қўймасдан бундай "жасорат"га қодир эмасди. Бу одамлар ўтган мажлисларда мен минбарга чиқиб, Президентни танқид қила бошлаган заҳот ер тепиб, "бўлди энди!" дея бақирган, Каримовга лаганбардорлик қилган одамлар эди.

Уларнинг 180 даража ўзгарганида мутлақо бир синоат бор эди, аммо буни ўйлаб охирига етмасдан, минбарга мени таклиф қилишди. Сўз олиш учун навбатга ёзилгандим, аммо навбат бунчалик тез келишини кутмагандим. Ҳар ҳолда, нутқим тайёр эди, минбарга чиқдим. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида мухолифат вакилларига бўлаётган тазйиқлар ҳақида, ҳукуматнинг бу воқеаларни жўрттага билмаганга олаётгани ва Каримовнинг буюруғисиз бундай тазйиқ ўтказила олмаяжаги ҳақида ёзилганди нутқ.

Гапимни бошламасдан олдин мендан аввал чиққан депутатларни танқид қилишни ўрганаётганлиги билан табрикладим. Аммо уларнинг самимиятига ишонмайман, дедим. Кечагина президентни танқид қилганларга "бўлди, етар", деб ер тепган одамлар қанчалик носамимий бўлган эсалар, бугун ўзлари Президентни танқид қилганда ҳам шунчалик носамимийдирлар, дедим. Ва ўз нутқимни ўқий бошладим. Нутқ битди, бориб жойимга ўтирдим. Олқиш ҳам, қарғиш ҳам йўқ, зал жим-жит эди.

Кейин бир нечта депутат Мирсаидов гапирсин, деб бақира бошлади. Шукрулло Мирсаидов ўша пайтда Вице-президент эди. Авваллари Президент Каримов билан жуда қалин эдилар, 91-йил ўрталарига келиб, оралари бузилганди. Каримов уни Бош министрликдан олиб, Вице-президентлик лавозимига ўтказганди. Бунга исён қилган Мирсаидов депутатлардан бир қисмини Каримовга қарши тайёрлаб, унинг ўрнини эгаллашни режа қилганди. Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов ҳам бу ишнинг ичида эди, шунинг учун ҳам сессияда сўз олганлар маълум тартиб билан чиқиб гапира бошлагандилар.

Менинг бу ишдан мутлақо хабарим йўқ эди. Сессиядан бир кун олдин менга "жангга тайёрмисиз," деб сўраганларида бу саволнинг бир парол эканини билмасдим. Мен чиқиб Президентни танқид қилдим, аммо мендан олдин чиққан одамларни ҳам носамимийликда айблаб қўйгандим. Бу иҳтилолчиларга кутилмаган чиқиш бўлди. Улар мендан кўмак кутишганди, мен буни билмагандим. "Мирсаидов гапирсин!" деб бақираётган депутатларнинг важоҳатидан вазиятнинг анчагина жиддий эканини сездим. Президиумда ўтирган Ислом Каримовнинг юзи оқариб кетгани шундоқ кўриниб турарди. Каримовни Президент қилиб сайлаган Олий Кенгаш эди, уни бу лавозимдан олиш ҳам жорий қонун бўйича Олий кенгаш депутатларининг қўлида эди. Агар "Мирсаидов"чилар ўз ишларига янада пухтароқ тайёрланишганида ва улар эргашган лидер жасоратлироқ ҳаракат қилганида, эҳтимол, ютиб чиқишарди. Чунки, Олий Кенгаш депутатларининг аксарий қисми Каримовни ёқтирмасди. Лекин Мирсаидов депутатларнинг талаби билан минбарга чиқиб, уларнинг ҳафсаласини пир қилди:

- Илтимос, мени тинч қўйинглар, менга ҳеч нарса керак эмас, тиз чўкиб яшагандан, тик туриб ўлган яхши... ва ҳакозо гапларни айтди.

Режа бўйича, Мирсаидов программ нутқини сўйлагандан кейин министрлар Убайдуллоҳ Абдураззоқов, Алихон Отажонов каби яна тўрт мансабдор шахс Каримовнинг ўз лавозимига лаёқатсизлигини исбот қилиши ва Олий Кенгаш уни вазифасидан четлаштириши керак эди. Бу ҳақиқатан ҳам яхши тузилган план эди. Аммо Мирсаидов ўйинни охиригича ўйнай олмади. У шундай камтарлик билан четга чиқиб турай, депутатлар мени мажбурлаб тахтга ўтқазишади, деб ўйлаганди, балки. Аммо тахтга даъво қилаётган лидернинг ўзи бу иш учун таваккал қилмаса, унинг орқасида турганлар нега таваккал қилсин? Мирсаидов минбардан камтарона узоқлашганидан кейин ҳеч ким сўз сўрамади. Залнинг шашти қайтганди. Буни сезган Каримов ўзига келиб, қарши ҳужумга ўтди....

Олий Кенгашнинг 1991 йил октябр сессияси Ислом Каримовни демократик йўл билан ҳокимиятдан узоқлаштиришнинг сўнгги имкони эди. Бундан буёғи, америкалик тадқиқотчи профессор Марта Олкотт айтганидек, Каримов ва Ниёзов кабилар фақат сароий тўнтариши оқибатида ҳокимиятдан кетишлари мумкин.

 

 



 

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ

 

Ўзбекистон Мустақил бўлгандан кейин ўзининг мустақил Президентни сайлаши керак эди. Октябр исёнидан кейин эҳтиёткорликни оширган Каримов сайловдан олдин Олий Кенгашдаги мухолифларни бартараф қилмаса-да, бетараф қилишга киришди. Октябрда минбарга чиқиб, ўзига ташланган биттасини маслаҳатчи қилиб ёнига олди, бошқасига каттароқ лавозим берди ва ҳокозо йўллар билан "мирсаидовчи" гуруҳни тинчитди.



Ноябрда Олий Кенгашнинг Фавқулодда сессияси чақирилиб, декабр ойига Президентлик сайловлари белгиланди. Бизнинг гуруҳ сайловларни 1992 йилда ўтказилишини талаб қилди. Лекин Каримовнинг тазйиқи остида Кенгаш сайловларни 1991 йилнинг 29-декабрига тайинлади.

"Эрк" партияси сайловда қатнашиш қарорини аввалдан олганди. Фақат биз сайловларни 1992 йилга кўчиришга умид қилгандик, бўлмади.

Мен Олий Кенгашда "Эрк" партиясининг сайловларда қатнашиш қарорини эълон қилдим. Бу эълон ҳукуматга совуқ сув сепгандек таъсир қилди. Ўша куниёқ уйга одам юборишди. Ҳозирча партияни мустаҳкамлаб олиши кераклиги, бу қийин даврда ҳукуматга келиш обрўни тушириши муқаррар эканлиги ҳақида "фойдали маслаҳатлар" берилди. Бу одамнинг айтган гаплари, асосан, тўғри эди, аммо бу тўғри гапдан кўзланган ният -"Эрк" ташкилотини Каримовнинг қаршисига чиқармаслик эди. Мен бу одамга раҳмат айтдим, ташкилот сайловда қатнашиш қарорини олган, у билан маслаҳатлашай, балки қарорини ўзгартирар, дедим. Одам қувониб чиқиб кетди.

Эртасига саройдан, адабиётчилардан чиққан бир маслаҳатчи қўнғироқ қилиб:

- Тўғри қарор қабул қилибсизлар, - деди.

- Нима қарор, сайловда қатнашишми? - деб сўрадим.

- Йўқ, қатнашмаслик қарори, - деди маслаҳатчи, - кўрасиз, бунинг фойдаси кўп бўлади ҳали..!

- Номзодни рўйхатдан ўтказайлик, қайтиб олиш ҳақида гапириш ҳали эрта, - дедим маслаҳатчига.

- Сизни тушундим, - деди, севинч билан бечора.

Аммо у мени тушунмаганди. У менинг "қайтиб олиш ҳақида гапириш эрта" деганимни қайтиб олади, деб ўйлаганди. Агар бу тасодифий сўз тузилиши бўлмасайди, балки, менинг номзодим ҳеч қачон рўйхатга олинмасди. Албатта, "Эрк" партияси машру, расмий ташкилот эди, у сайловда қатнашиши учун тарафдорлар имзоси ҳам талаб қилинмасди, партия пленумида сайловга номзод кўрсатилса, бас, сайлов комиссияси бу номзодни регистрация қилишга, қонун бўйича мажбур эди. Аммо Ўзбекистонда қонун Президентнинг чўнтагида бўлгани учун, у истаган нарса қонуний, истамагани ноқонуний, деб топилаверарди. Демак, "Эрк"нинг сайловларда қатнашувини Президентга боғлиқ бўлган қонун билан эмас, ўз иродамизга боғлиқ тадбир билан кафолатлаб қўйишимиз керак эди. Ва биз буни кафолатладик. Энди Каримов то сайлов кунига қадар "Эрк" ўз номзодини эртага қайтариб олади, деб умид қилаверсин, дедик.

Албатта, "Эрк"чиларнинг энг хаёлпарасти ҳам сайловда ғалаба қиламиз, деган орзудан йироқ эди. Биринчидан, тарғибот учун ташкилотнинг пул-маблағи йўқди. Давлат ҳар бир номзодга ажратадиган маблағни бир баҳона топиб "Эрк"ка бермаслиги мумкин эди. Айнан шундай бўлди. Иккинчидан, овоз бериш қутиларини назорат қилишга "Эрк"чиларни йўлатмасликлари мумкин эди. Айнан шундай бўлди. Учинчидан, сайлов натижалари сохталаштирилиши мумкин эди, бу ҳам худди шундай бўлди.

Лекин биз сайловда қатнашишга қарорли эдик. Бутун бу бизнинг фойдамизга бўлмаган нарсалар ичида битта фойда бор эди. Сайлов бизга халқ билан юзма-юз учрашиш, унинг дардини тинглаб, бу асосда "чоралар программаси" тайёрлаш, айни пайтда партия ғояларини тарғиб этиб, унинг ижтимоий базасини кенгайтириш имконини яратарди.

Сайлов кампанияси бошланган бўлса-да, мен ўн кун давомида Тошкентдан чиқолмадим. Сайлов комиссияси менга ишончли вакил бўлган одамларни тасдиқламай, ўзининг илк тазйиқларини бошлаганди ва 10 куним ўшанақа бюрократик тўсиқлар билан "курашга" кетди.

Ниҳоят, кўрдим-ки, буларни енгиш қийин, ишончли вакиллардан воз кечиб, Самарқандга кетдим. Каримовнинг ватанидан бошладим "юриш"ни.

Вилоят театри залида сайловчилар билан учрашдим. Одамларнинг кайфияти яхши эди. Сўзлаган нутқим яхши акс-садо берди. Савол-жавоблар самимий бўлди. Мажлисни бошқараётган Самарқанд вилоят раҳбари ҳам ўзини вазмин тутди. Президентдан қўрқиб, мажлис руҳини ўзгартиришга ҳаракат қилмади. Бу ҳолат эсимда қолди, чунки, кейин ўтказилган барча учрашувларда вилоят раҳбарлари худди игна устида ўтиргандай ўтирдилар. Одамлар менинг деганларимга қарсак чаларкан, раҳбар шўрликлар қўлларини қаергадир яшириб, Президентга ўз садоқатини изҳор қилишга мажбур бўлгандилар. Учрашувларнинг бирортаси, қисқа хабарлар мустасно, на радио, на-да телевидениеда берилди. Зотан, учрашувлар ҳам вилоят марказларида бўлди, ярим-юмалоқ қилиб ўтказилди. Сал чеккароқда ташкил қилинганлари ҳокимият тарафидан зўрлаб тарқатиб юборилди. Ёки учрашув залларининг поли бўялиб, сайловчилар ичкарига қўйилмади. Ёки электрни ўчириб қўйдилар, сув бостирдилар, ремонт қилдилар. Ёки сайловчиларга Муҳаммад Солиҳ фалон жойда учрашув ўтказади, деб тўртта адрес беришди, бу тўртта адресга одамлар бориб, президентликка номзод келмагандан кейин, қарғаб-қарғаб тарқалдилар. Ишқилиб, қизиқ ҳангомалар бўлди бу сайловда.

Сайлов кампаниясининг ўрталарида Саройдан Шаҳобиддин Зиёмов келди. У билан суҳбатлашдик. Нияти маълум бўлди. Номзодимни қайтариб олиш учун илҳомлантирмоқчи, аммо очиқ таклиф қилишдан чўчийди. 12-декабрда президент бошчилигида 10 кишилик давлат аркони Туркияга кетаётибди, юқори савияда қабул бўлади, Ислом ака (Каримов) Сизни шу ҳайъатга ўн биринчи бўлиб қўшилишингизни истаяпти. Учоқда сайлов масаласида келишиб оласизлар, деди. Мен ўйлаб кўраман, дедим. Аммо Сарой шу қадар шошилган эди-ки, дипломатик паспортимга Москвадан виза қўйдириб, уйга ташлаб кетишибди.

11-декабр куни Зиёмов телефон қилиб, "Эртага кетаяпсиз, унутманг яна," деб кулди. Мен "эртага кетмайман, чунки, ишим кўп экан," дедим. Нима ишингиз бўлса, Оқсоқолга айтасиз, илтимос, бизни уялтирманг, деди Зиёмов. Мен қатъий бормаслигимни айтиб, уни уялтирадиган қилдим. Бошқа чора йўқ эди. Буёғига Саройни умидлантиришда давом этиш мумкин эмасди. Очиқ кураш, тенгсиз, аммо машру курашнинг пайти келганди. Энди Президент менинг номзодимни ҳеч бир баҳона билан рўйхатдан ўчира олмасди. Чунки, ўзи телевизорга чиқиб, алтернатив номзоднинг борлигини тан олган, уни "менинг рақибим," дейиш ўрнига "менинг душманим" деб, ҳаммани лол қолдирганди. Ортиқ "Эрк" партиясининг ҳеч бир имконият ва тайёргарликсиз давлатнинг бутун моддий имкониятлари ва ташкилотларига ҳоким бўлган коммунистлар партиясига қарши майдон ўқиганини бутун дунё эшитганди. Бу ишни тўхтатиб бўлмасди. Қирқ кунлик сайлов кампаниясида менга бир марта телевидениеда чиқишга имкон бердилар. Ўнбеш дақиқа гапирдим. Унинг уч дақиқасини Президентга ҳақорат қилинган деб, қайчилашди. Лекин менинг кайфим чоғ эди. Коммунистик партиянинг ичи бўш, иродасиз бир маҳлуқ эканини кўргандим. Озгина имкон, озгина тайёргарлик ва озгина ғайрат билан бу маҳлуқнинг оёғини осмондан келтириш мумкинлигини кўргандим. Сайловдан олдин биринчи сабоқ шу бўлди.

Иккинчи сабоқ - биз ўз кучимизнинг нимада эканлигини ўргангандик. Бизнинг кучимиз тўғриликда, ҳалолликда ва биз ташиган ғояларнинг самимиятида эди. Бизнинг кучимиз анъанавий сиёсатни рад этиб, халқнинг дардлари билан чинакамига ўртоқлашганимизда эди. Бир сўз билан айтганда, бизнинг Кучимиз коммунистларга ўхшамаганимизда эди.

Сайловда 12.7 фойиз овоз олдим, бундан на хурсанд, на хафа бўлдим. Натижалар сохталаштирилганининг исботи сифатида йигитлар бир неча халта сохта бюллетенни халққа намойиш қилмоқчи эдилар, тўхтатдик. Чунки, сайловдан кейинги босқич ташкилот учун жуда муҳим эди. Сайлов халққа бизга нисбатан фавқулодда кучли таважжуҳ уйғотди, бу юксак тўлқинни қочирмаслигимиз шарт эди. Унинг устига миниб, денгизга томон очилишимиз зарур эди. Майда нарсаларга чалғимаслик керак эди. Ҳукуматнинг қўшимча ғазаби бизга қўшимча юк бўларди, холос. Ҳисобли ҳаракат қилишга мажбур эдик. Шу мулоҳаза билан сайловнинг сохталаштирилгани ҳақида кўп ҳам шовқин қилмадик. Сайловдан кейин сайловни кузатган сенатор Де Кенсини бошчилигидаги ҳайъат партия марказий биносига келиб, биз билан фикр алмашди... Уларнинг гап-сўзидан неокоммунистик Ўзбекистон учун шундай "сайлов" ҳам ёмон нарса эмас, қабилидаги қараш сезилиб турарди. Умуман, 1991 сайловларига барча Ғарб ўлкалари биз кутгандек талабчанлик билан ёндошмади. Энди мустақилликка эришган ўлка, дарров демократия талаб қилавермайлик, бир неча йилдан кейин, секин-аста демократлашар, деган умид билан шундай қилинди. Аммо бир неча йил ўтиб, аҳволнинг бешбаттар бўлишини, ҳокимиятини мустаҳкамлаган коммунист лидернинг аввал зоҳир бўлмаган атавистик майллари юз кўрсатиб, ўлка аҳолисини сталинча қатағонга дучор қилажагини ҳеч ким билмасди. Сайлов деб аталган бу томошадан менинг эсимда қолган бир ёрқин манзара - бу менинг Фарғона водийсидаги ишончли вакилим, ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг қайсидир қишлоқда, бир уйнинг деворига суяниб турган сурати. Бу уйнинг олдида, қишда, декабр ойида, биз ўзимизнинг юпун кийинган, камбағал, бечора сайловчиларимиз билан учрашаётгандик. Дадахон Ҳасан деворга суяниб тураркан, унга сўз беришганда, дарров жонланиб, ҳозиргина юзини қоплаб турган тундлик ғойиб бўлар, кўзлари чақнаб, овози янграб, кимга овоз бериш кераклиги ҳақида куйлай бошларди. Сўзини тугатганда эса, юзига яна тундлик ёйилар, худди ҳозирги оташин нутқни у гапирмагандай, нигоҳини узоққа эмас, ўз ички дунёсига қадаб, деворга суянганча қотиб қолаверарди.

Бу иррационал манзара 1991 йил сайлов кампаниясидан кўнгилни ёритадиган ягона хотира бўлиб қолди.

 

 

 


1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   19


База данных защищена авторским правом ©bezogr.ru 2016
обратиться к администрации

    Главная страница